Ёҳуд муаллим ва журналист, муҳаррир ва шоир Мусо Акмал тасвирига чизгилар

 Секин сўзи сокин сўзининг эгизи. Шошилмасдан, оҳиста, шарпасиз, борингки оғиру вазмин маъноларини анг­латгани боис ижобий атама саналади. Халқимиздан "Секин юрган узоққа боради" нақлини кўп эшитганмиз. Мен бугун олтмиш ёшлик айёмида ўтган умрига хаёлан боқиб, мамнун ва масрур жилмайиб турган ҳамкасбимиз Мусохон тимсолида "Шошилган армон қучар, шошилмаган хирмон" деган иқрорий иборани баралла айтгим келади. Негаки, бу бола, бу йигит, бу ота ошиқишни ўзига эп билмагандай яшади ва яшаяпти, ишлади ва ишлаяпти, ёзди ва ёзаяпти. Инчунин, ютқазмади, ютди, орзуларига етишга кечикмади, ичикди, холос. Ана ўшандан хўжақишлоқлик Турсунбой Акмаловнинг тўнғичи Мусо Акмал манзурсўзли ижодкор мартабасига эришди. Эришгандаям ҳеч ким билан талашиб - тортишмай, ўзини камтарона тутиб, сўзини самимий битиб, камолот кўшкида бўй кўрсатди.

Агар таржимаи ҳолини ўз ҳолича ёлғон-яшиқни чатмасдан шарҳласак, унинг характери, феъли-атвори ўзбекона содда ва пишиқ, меҳнаткаш ва сабрли, ҳаётнинг, турмушнинг ҳар қандай ҳодисаю кечмишига шукурли, кайфияти барқарор, ўзининг ҳақини улашадиган ҳам, ўзганинг ҳақини талашадиган ҳам эмас, бугунидан хурсанд, эртасидан умидвор инсон сифатида кўз ўнгингизда намоёнланади. Тўғри, унинг ҳаёт йўлини курашларгаям, шону шавкатларгаям бурканган деёлмаймиз. Бироқ, бошқаларга ибратли жиҳатлари кўп. Ҳаракатлари секину, ҳамиша бетиним, изланишлари сокину, мудом изчил, сўзлари оҳиста-ю, мантиқан тагдор, қилаётган ишлари ҳақида миқ этмайди-ю, уддалаганида - хабар топасиз. "Вой Мусохон-ей, индамай юриб, китоб чиқаришни қойиллатиб юборибди-я!" дейсиз ҳайратга тушиб 600 саҳифали "Ўтаётган кунлар"ини (2018 йил) қўлга олиб. Бу аслида катта ижодий хирмон. Бу - аслида шоирона бадиий тафаккуридан йиллар давомида туғилган турфа ва инжа туйғулар гулдастаси. Бу - машҳур шоирликни даъво қилмаган ҳаётга ошуфта қалб изҳорлари. Бу - эътибор ва эътирофга лойиқ яратиқ.

Ҳозир унинг ҳаёти ҳақида болалигидан бошлаб ҳикоя қилсак ажабтовур ҳолатни туясиз. Хўжақишлоқдаги 20-мактабнинг 8-синфини ўқиб тугаллагач, техник - механиклик касбини эгаллаш ниятида Шўрқўрғондаги 78-ўрта ҳунар-техника билим юртида сабоқни давом эттира бошлайди. Кунлардан бирида адабиёт муаллими Мирзаабдулла Хўжаев ўтказилган тадбир ҳақида ёзилган ахборот - мақолани конвертга солди-да "Мусохон, сен Тошбулоқдаги "Учқун" газетаси таҳририятига бериб ўтгин" дея тайинлайди. Шанба куни таҳририятга кирганида бахтли тасодифни қарангки, катта ёшдаги ҳамда ўзи тенги йигит-қизлар "Илҳом" адабий уюшмасининг навбатдаги машғулотига тўпланишган экан.

- Сен ҳам шеър ёзасанми? - деди уюшма раҳбари кутилмаганда Мусохондан мактубни олгач.

- Мақола олиб келгандим, домламиз бериб юборгандилар, - деди оҳиста ийманиб.

- Майли, даврага қўшил, зора сенгаям булардан юқиб қолса?!

Мусохон ажиб дунёга тушиб юргандай сезди ўзини. Шарифжон Розиқов, Руқия Ғозиева, Турдихон Мадиёрова, Дилором Сотиболдиева, Довудхон Аббосовларнинг мушоираси гўёки сеҳрлаб қўйди. Уларга беҳад ҳаваси келди. Ўзиям уни-буни қоралаб юрарди-ю, ёнида олиб келмаганига ўкинди. Келаси ҳафтаси таҳририят остонасини ҳатлашга аранг журъати етти. Яна ўша йигитга рўбарў келди.

- Шеър машқ қилгандим, кўз югуртириб берсангиз, - дея олди холос минг истиҳола билан.

- Қораламаларинг чакки эмас-ку, ука, - деди ўқиб кўргач, юзида табассум ўйнаб. Бу росман-а ғазал бўлибди, ғазал! Уюшмамиз тавсия этса, газета саҳифасига қўямиз...

- Ёзганларимга илк баҳони ўша шоир Абдулла Жаббордан эшитгандим. Ўзим эса, ғазаллигини билмасдиму, шеър ҳисоблаб китоблардаги катта шоирларга тақлид қилиб битишга урингандим, - деб эслайди бугун мамнуният билан Мусо Акмал. - Ке­йин дастлабки назмий машқларим газета юзини кўргач, адабиёт оламига, ижод дунёсига қаттиқ боғланиб қолавердим. Икки йиллик ҳарбий хизматни ўтаб, 1980 йилда яна "Учқун"га борсам, устоз Абдулла Жаббор йўқ эканлар, кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига қидириб ўтдим. У ерда бўлим раҳбари, таниқли шоир Ҳабиб Саъдулладан ижод намуналарим билан танишгач, рағбатона фикрларни эшитиб, руҳим кўтарилди. Ўзимни шеъриятга ошно одамдай ҳис қилиб, кўнглимда гўёки туйғулар булоғи кўз очгандай сездим, ўзимни...

Афсуски, ҳали у адабиётнинг олий сабоғини олмаган, фақат касб-корли йигит эди, холос. Кичик тумандаги авр­ли газламалар комбинатида "зарядчилик" қила бошлади. Тўқимачилик станоклари мастерига ёрдамчиликка шўн­ғиб кетди. Камсуқум йигит ижоди корхона нашри "Ишчи шарафи" газетасининг муҳаррири Турғунпўлат Сулаймоновнинг назаридан четда қолмади. "Танишинг, Мусохон Акмалов!" деган "Оқ йўл!" билан бир неча шеърлари газетхонларга ҳавола қилинди.

Ана энди унда ишчиликда адашиб юргандай кайфият кучайди. Кечалари китоблар мутолаасидан бош кўтармади. 1981 йили Наманган давлат педагогига институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабалари сафига қўшилишга эриша олди.Адабиёт илмини қунт билан ўзлаштиришга киришди. Иккинчи курсни тугаллаётган бир пайтда ҳамқишлоғи, институт ўқитувчиси Маматхон Оппоқхўжаев кутилмаган йўл-йўриқни берди: "Сен "Наманган ҳақиқати" газетаси таҳририятига кириб, оғайним, таниқли журналист Йўлдош Эгамбердиевга учрагин, истеъдодингга яраша иш топасан". Мусохон 1983 йилдан таҳририят ходимига айланди қолди.

Қизиғи шундаки, унинг бир жойда узоқ ишлашига имкон туғилмади. Гоҳ асосли, гоҳ асоссиз сабаблар билан ишхонасини, вазифасини ўзгартиришига тўғри келаверди. Йилма-йил айтадиган бўлсак, 20-мактабда ўқитувчи, вилоят "Билим" жамиятида референт, "Мураббий", "Халқ иродаси" газеталарида мухбир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, "Камолот" газетасида мухбир, вилоят марказий банкида маънавий-маърифий ишлар ташкилотчиси, Наманган давлат университетининг "Умид", вилоят халқ таълими бош­қармасининг "Мураббий", "Болалар дунёси", вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг "Шифокор ва ҳаёт", Наманган муҳандислик-педагогика институтининг "Баркамол авлод", вилоят ҳокимлигининг "Наманган ҳақиқати" газеталари, "Наманган" нашриёти ходимлари сафида фаолият юритди. Аммо ҳеч қачон нолимади. Чунки, керакли кадр кўчада қолмайди, қаламли одам аламли ҳолатга тушмайди. Бир жойда штат қисқариши ёки раҳбар ўзгариши билан у турланмади ҳам, тусланмади ҳам. Қаерда керак бўлса, кимдан бирга ишлаш таклифи чиқса, вазифани катта-кичик демай розилик билдираверди. Бу ҳолат ижодий юксалишида бебаҳо ҳаётий тажриба, жуда бой сабоқ, маҳорат мактаби ролини ўйнагани тайин. Йўқотганларидан кўра, топганлари Мусо Акмалнинг умр тарозисида бугун яққол тош босиб турганини ҳеч ким инкор қила олмайди.

Кейинги ўн беш йилда матбуот эркинлиги туфайли босма нашрлар ташкиллаш имконияти яратилганидан оқилона фойдаланишни уддалаётган Наманганнинг тадбиркор журналист­лари тоифасида муқим турибди. Бош­қача айтганда, бир йўла икки нашрда қўнимли фаолият соҳиби. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги "Тиббиёт ва замон" журнали ҳамда "Тамаддун" номли маънавий-маърифий оммабоп газетасининг муҳаррири. Жуфт нашр бир-биридан файзли, ўзига хос қиёфа ва мазмун -мундарижага эга. Эътирофларнинг етарлилиги, эътирозларнинг деярли йўқлиги муҳаррирликда тўплаган қимматли тажрибасининг ёрқин самараси экани шубҳасиз.

Мусо Акмал бугун ўндан зиёд катта-кичик китоблар муаллифи. У шоир ва публицист сифатида Эрмамат Нурматов, Абдулла Жалил, Нурбек Абдуллаев, Дилбар Ҳайдарова, Ёқуб Дармон, Боқий Мирзо, Исҳоқ Нишон, Пўлат Ҳамдам, Акмал Ҳусаинов, Акрам Усмон, Носир Аббос, Абдусаттор Ботировлар ёнида ижод қилиб, камолотга эришганидан ғоят мамнун. Падари бузруквори ва волидаи муҳтарамаси Турсунбой ота ҳамда Чўлпоной аянинг дуоларига мушаррафланиб, умр йўлдоши Қундузхон билан Юлдузхон, Кароматхон, Мўътабархон ва Аҳадхондек уч қизу бир ўғилни эл хизматига қўшганидан кўнгли шукроналик ҳисларига лиммо-лим.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

"Турон" фанлар академияси академиги.