ПАРТИЯДОШЛАР ЕТАКЧИСИ ВА СЕНАТ АЪЗОСИ -

БУЛАР СОЛИЖОН МЎМИНОВ ФАОЛИЯТИНИНГ ИККИНЧИ ВА УЧИНЧИ ҚИРРАЛАРИ БЎЛДИ

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Бир одам бир йўла уч йўналишда иш юритиши жуда қийин, албатта. Лекин унда етарли билим ва малака, етарли ташкилотчилик қобилияти, етарли ташаббускорлик фазилати бўлса, бемалол бунинг уддасидан чиқа олади худди Солижон Мўминов каби. Мен кўп кузатганман, аввало, бошқарма бошлиғи сифатида ўзиям тиним билмайди, ўзгаларниям шунга ўргатади. Янаям аниқроғи, беҳад талабчан, ижобий маънода инжиқ. Топшириқ бердими, бажарилишини доимий назоратида тутади. Хотираси мустаҳкам, вазифалар катта-кичиклигининг унга аҳамияти йўқ. Барчаси тўкис уддаланишини истайди. Кадрларни қадрлайди, рағбатдан бебаҳра қолдирмайди. Ижро интизоми унинг учун муҳимдан муҳим. Шундан, тадбиркорлар ва ишбилармон ҳаракати - ЎзЛиДеП Наманган вилоят Кенгаши раислигида ҳам бир неча йилдан буён муқим ўтирибди. Партия фаоллари-ю, хайрихоҳларигача раисдан ўрнак олишади, унга ўхшаб фидойиликни замонга муносиб яшаш тарзи сифатида англашади. Шу боис, ЎзЛиДеПчиларнинг вилоят ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ўрни ҳамда роли ҳамиша сезилиб туради. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки йилдан-йилга фаоллашиб бормоқда.

Партия ишига доир тадбирларни бирма-бир санашдан кўра, иккита муҳим анжуманини мисол тариқасида тилга олиб, қисқача шарҳлашимизнинг ўзиёқ фикрларимизнинг далили учун кифоя деб ўйлаймиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан "Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним - Ўзбекистоним!" шиори остида ёшлар анжумани ҳамда "Ишбилармон талаба-2015" стипендияси кўрик-танловининг республика босқичи Наманганда август ойида ташкилланди. Тадбирни ЎзЛиДеП Наманган вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди, барчага қутлуғ айём табригини йўллади. "Ёшлар маркази"даги танловга ишбилармон талабаларни таклиф этди. 2004 йилдан, яъни ўн бир йилдан буён ўтказилаётган анъанавий тадбирнинг муваффақиятини таъминловчи ташкилий ишларнинг тўкислигини алоҳида таъкидлади.

Кечга қадар танлов давом этди. Ғолиблар аниқлангач, тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов ҳозир бўлди. Биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни олганларга ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг Фахрий ёрлиқлари, партия вилоят Кенгаши ва ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Анжуман эртаси куни яна давом этди. Дастурда Республикамиз ёшларини вилоятнинг диққатга сазовор жойларига олиб бориш, тадбиркорлар фаолияти билан таништириш тадбирлари ҳам бор эди. Тўрақўрғон туманидаги "Дилрабо СД", Наманган шаҳридаги "Наманган момиқ сочиқлари" корхоналаридаги учрашувлар йигит-қизларда катта таассуротлар қолдирди.

З. М. Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғидаги кўнгилочар сайр ҳам уларга манзур бўлди. Шу куни "Ишбилармон талаба" танлови қатнашчилари "Хайр, Наманган!", "Хайр, тенгдошлар!", "Яшасин, дўстлик!", "Биз - биргаликда катта кучмиз", "Танлов ташкилотчиларига раҳмат!" деган дил сўзлари, унутилмас таассуротлари билан ўз гўшаларига, жонажон оилалари бағрига қайтиб кетишди.

2017 йилнинг февралида ўтказилган партия Кенгаши йиғилиши кун тартибига ғоят муҳим ва долзарб масала қўйилди. Унда партия вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ходимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, фаоллар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни партия вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов қисқача кириш сўзи билан очди. У Президентимизнинг 2017 йил 7 февраль куни эълон қилинган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг 5 та устувор йўналиши ҳақида тушунча берди.

Музокарада сўзга чиққанлар - партия фаоли, Наманган муҳандислик - педагогика институти профессори Баҳриддин Маҳмудов, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши аъзоси, Уйчи туманидаги "Ойдина - Маржона - Моҳидил" фермер ҳўжалиги раҳбари Барнохон Мирзамова, "Афрўз - Камол - Наби" МЧЖнинг савдо масалалари бўйича директори Собитхон Нўъмонов, Наманган санъат коллежи директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, партия вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Нортожи Юсуповалар устувор йўналишлар бўйича ўз фикр - мулоҳазаларини билдирдилар.

Ҳаракатлар стратегияси ва ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олингач, "ЎзЛиДеП вилоят Кенгашининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилнинг долзарб вазифалари ҳақида" Кенгаш аппарати раҳбари Носиржон Абдуллаев маъруза қилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Усмонов депутатлар ва депутатлик гуруҳи олдида турган энг зарур вазифаларга йиғилганларнинг эътиборини қаратди. Ҳар бир депутат ҳар ойда ўзи сайланган округдан камида 30 та хонадонга, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларига кириши, мавжуд муаммоларнинг ижобий ечим топишига кўмак бериши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Наманганлик партия фаоллари 2017 - 2021 йилларга белгиланган беш йўналишдаги Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда фаол қатнашишга якдиллик билан қарор қилдилар.

Солижон Мўминов чинакамига жўшқин қалбли инсон. У бошқарма бошлиғи сифатида тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг изчил рўёбини таъминлашга, партия етакчиси сифатида тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракатининг олдинги сафларида авангардлик кўрсатишга, депутат ва сенатор сифатида халқ ишончини оқлаш учун ташкилотчилик ва ташаббускор фазилатини тобора тўлароқ намоён қилишга астойдил интилиши билан элда обрў-нуфузи юқорилашига муносиб замин яратди. Айни чоғда у олим-шифокор ҳамдир. Ўзининг бутун билими ва малака маҳоратини халқимиз куч-қудратининг ҳаётий омили бўлмиш улар саломатлигини сақлаш ва мус­таҳкамлашга астойдил сарфлаб, касбдошларга шахсий ўрнак кўрсатишни доимий бурчи деб билади. Шу бурчига садоқатдан саодат топишига қатъий ишонади.

 

ЙИЛЛАР, ИСЛОҲОТЛАР ВА НАТИЖАЛАР

Инсон умри йиллардан мужассамлик касб этади. Унинг ҳаёти ва фаолияти вақтга, йилларга дахлдор бўлиб ўзи ва ўзгаларнинг хотирасида қолади. Ёзмаси ва босмаси қоғозларда, эндиликда эса яна компьютер, мобиль алоқалар, дисклар, флешкаларда муҳрланиб гўё ухлоқ ҳолатда яшайди. Керакли пайтда хотираларни жонлантириб, тасвирларни уйғотиб, "тирилтириб" олиш имкониятига эгамиз.

Қуйидаги қайдлар Солижон Мўминовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида қачон, қандай эзгу ишларни амалга оширилишига ташкилотчи, ташаббускор, бош-қош бўлгани ҳақида маълумотлар беради. Қисқа йўсинда хронологик йилма-йил, ойма-ой тартибланган қайдлар матбуот нашрларидан ва оммавий ахборот воситаларида эфирга узатилган, сайтларга қў­йилган ахборотлардан саралаб олинди. Вилоят тиббиёти тараққиёти акс эттирилган мазкур тадбирларда Солижон Мўминов бошқарма бошлиғи ва сенатор сифатида қатнашган, сўзга чиққан йиғинлар ва анжуманларни олиб борган. Биз бу жиҳатларини такрор такрор қайдлашни мақсадга мувофиқ топмаганмиз. Яхшиси, қайдлар билан танишинг, ўшанда соҳадаги янгиликлар, юксалишлар, пойтахт - вилоят - туман - шаҳар - қишлоқ йўналишларидаги тиббиётчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бу ҳамкорликнинг самаралари кўз олдингиздан яна бир бор, ўтса ажаб эмас.

* 2014 йил, 26 май. Солижон Мўминов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 144-сонли буйруғига асосан Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

* 2014 йили, июнь. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг етакчи мутахассислари ойнинг учинчи ҳафтасида вилоятга ташриф буюришди. Улар Наманган ва Косонсой туманидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказишди.

* 2014 йил, 27 июнь. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти учун вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов янги "Матиз" автомашинаси калитини Абдулла Ғозиевга тантанали топширди.

Шунингдек, таҳририят жамоаси "Соғлом бола йили" вилоят дас­турининг мақсад ва вазифалари тўғрисида кенг омма орасида тарғибот-ташвиқот ишларини намунали ташкил этишдаги алоҳида хизматлари учун "Энг самарали тар­ғибот усули" йўналиши ғолиби сифатида вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят Маънавият ва маърифат Кенгашининг Дипломи билан тақдирланди.

* 2014 йил, 11-16 август, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги акция доирасида пойтахт мутахассислари Чуст, Учқўрғон, Уйчи, Поп, Тўрақўр­ғон туманларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказишди. Гуруҳга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Саид Исмоилов раҳбарлик қилди.

* 2014 йил, август. Вилоят стоматология поликлиникасида Жанубий Кореянинг "Дентиум" компанияси шифокор мутахассислари иштирокида имплантация, яъни янги технологиялар асосида сунъий резьбали тиш қўйишга бағишланган кўргазмали семинар уюштирилди.

* 2014 йил, 27 август. Республика мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ўтказилган "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг вилоят босқичида "Шифокор ва ҳаёт"газетаси фотомухбири Аъзамжон Акбаров ғолиб деб топилди. Дипломни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов ва "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латиповлар тантанали анжуманда топширишди.

* 2014 йил, сентябрь. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари - Россия Федерацияси Марказий илмий-тадқиқот институти тиббий статистика бўлими мудири, профессор Алла Иванова, етакчи илмий ходим Эрхеени Цубикова вилоятимизга ташриф буюрди. Улар Ўзбекистон Республикаси ССВ ҳамда ЖССТ Европа регионал бюросининг 2014-2015 йилларга мўлжалланган икки йиллик келишув ҳамкорлиги доирасида кўзланган мақсад асосида наманганлик тиббиёт ходимлари олиб бораётган ишлар билан қизиқишди.

* 2014 йил сентябрь. Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида юксак талабларга мувофиқ мукаммал таъмирланган бино болалар бўлими ихтиёрига тантанали тақдим этилди.

* 2014 йил, октябрь. "Соғлом бола йили" муносабати билан Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, "ЮНИСЕФ" болалар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан "Мамлакатимиз ОАВнинг оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини ёритиш бўйича салоҳиятини ошириш" лойиҳаси ўтказилди.

* 2014 йил, октябрь. Республикада ўтказилаётган "Энг намунали ҚВП" кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди. Уйчи туманидаги "Хизробод", Учқўрғон туманидаги "Қўғай ўлмас", Минг­булоқ туманидаги "Қирқчек" қишлоқ врачлик пунктлари биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга лойиқ топилди.

* 2014 йил, ноябрь. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасида Андижон давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда "Абу Али ибн Сино - жаҳон тиббиёти асосчиси" мавзуида илмий-амалий, маънавий-маърифий тадбир ташкилланди.

* 2014 йил, ноябрь. Республика етакчи тиббиёт муассасаларининг энг билимдон, энг тажрибали мутахассислари 17 ноябрдан 22 ноябргача вилоятимиздаги 9 та ҚВПда фаолият олиб боришди. Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар оналар ва болаларнинг соғ­лигини янада мустаҳкамлашдаги навбатдаги хайрли қадам бўлди.

* 2014 йил, ноябрь. Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Туғиш ёшидаги аёлларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини такомиллаштириш" мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014 - 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросига эътибор қаратилди.

* 2015 йил, январь. Тиббиёт тўхтовсиз тараққиётдаги тармоқ. Унинг заҳматкашлари тўплаган тажрибалару, яратилаётган ва жорий этилаётган янгиликларни соҳа ходимлари ўртасида оммалаштириб бориш ҳамиша долзарб масала Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалидаги "Маҳорат дарс"ларини бу сафар пойтахтдан ташриф буюрган марказнинг травматология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Тоҳир Мусаев олиб борди.

* 2015 йил, февраль. Вилоят онкология диспансери биноларини қайта реконструкция қилиш якунига етказилди. Унинг тақдимоти ўтказилди.

* 2015 йил, феврал. Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Лазиз Тўйчиев Учқўрғон туманига сайёр қабул учун келди. Унга 21 нафар фуқаро ўзи ва фарзанди соғлигини яхшилаш масаласида мурожаат этди. Худди шундай тадбир Чуст туманида ҳам уюштирилди.

* 2015 йил, февраль. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида "Бош врачлар мактаби" фаолият бошлади. Бошқарма бошлиғи С. Мўминов тадбирни очиб, мактабнинг мақсад вазифаларни белгилаб берди.

* 2015 йил, февраль. Вилоятимизда олиб борилаётган "Маҳорат дарслари" бу сафар вилоят кардиология марказида ташкилланди. Уни В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг коронар хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Аброр Мансуров олиб борди.

* 2015 йил, февраль. 16 - 21 февралда "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди" шиори остидаги навбатдаги акция кекса авлодга ғамҳўрлик кўрсатишга бағишланди. Наманган шаҳри ва барча туманларда яшаётган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳафта давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилдилар.

* 2015 йил, март. "Бу йилги Нав­рўз байрамида бўлганидек саломатлик пос­бонларининг юксак кўтаринкилигини, турли миллат вакилларининг дўстона муносабатларини, меҳмондўстлигини кузатмаганман, - деди Вильнюс акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот инс­титути ҳамшираси Эгле Романенс. - Шу ўринда таъкидлашим жоизки, Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича жуда ҳам ил­ғорлаб кетилибди".

* 2015 йил, апрель. Навбатдаги "Маҳорат дарслари", "Шодиёна" мажмуида ўтказилди. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий маркази директори, профессор Анис Алявийнинг "Ўткир коронар синдромининг замонавий даволаш стратегияси" мавзуидаги маърузаси тингланди. Етти кишидан иборат гуруҳ уч кун вилоятимиз врачлари билан тажрибаларини ўртоқлашишди, беморларни қабул қилишди. Фойдали маслаҳат ва йўл-йўриқлар беришди.

* 2015 йил, 18 апрель. Вилоят кардиология марказида 27 йиллик юрак туғма нуқсони бартараф этилди. Муҳайё Дўстбоевадаги 4 соатлик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ниҳоясига етказилди. Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази бўлими мудири, профессор Ҳакимжон Абролов наманганлик шогирдлари билан бунинг уддасидан чиқди.

* 2015 йил, май. РШТЁИМ Наманган филиали ҳамшираси Дилнавоз Умарчаева "Ҳамшира-2015" кўрик танлови вилоят босқичи ғолибига айланди.

* 2015 йил, май. Республика Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти олим - шифокорлари - Мурод Солиев, Хуршид Шокиров, Ҳусанбой Қосимовлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида "Маҳорат дарслари" ўтказишди. Янги технологияларнинг самарали даволашдаги ўрни ва аҳамиятини тушунтиришди.

* 2015 йил, май. Соғлом бола - миллат таянчи. Наманган шаҳридаги "Гўзал" тантаналар мажмуида "Чақалоқлар реанимацияси" ва "Чақалоқлар парвариши" мавзуида ўқув-семинари ташкилланди. Анжуман аввалида бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов ушбу йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Сўнгра, Америка Педиатрлар академияси мутахассислари - Калифорния университети профессори Марк Алан Андервуд, анестезиолог Жорж Мартин Беннетларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Машғулотлар ғоят самарали кечди.

* 2015 йил, июнь. Вилоят давлат санитария эпидемиология назорати маркази мажлислар залида мамлакатимиз ва хорижий олимлар иштирокида паразитар касалликларга қарши курашни янада кучайтириш масалаларига бағишланган минтақавий семинар ўтказилди. Унда водийнинг бош инфекционистлари, педиатрлари ва паразитологлари қатнашдилар.

* 2015 йил, июнь. Республика вирусология илмий-текшириш инс­титути директори Эркин Мусабоев раҳбарлигидаги гуруҳ ви­лоятда икки кун фаолият юритди. Тиббиёт фанлари доктори Муаззам Абдуқодирова "Жигар циррозини даволаш ҳақида"ги янги тавсияларини берди.

* 2015 йил, июль. "Наманган-С" меҳмонхонасининг тадбирлар залида "Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг компьютерлаштирилган ўқув дастури ёрдамида "Оналар ва болалар соғлигини яхшилаш бўйича дастурларни бош­қариш" мавзуида тўрт кунлик ўқув-семинар ташкилланди.

* 2015 йил, июль. "Саломат­лик-3" лойиҳаси доирасида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларга катта миқдорда тиббий жиҳозлар етказиб берилди.

(Давоми бор).