Улардаги хилма хил навли олтинранг, қизил, пушти ғуж-ғуж узумбошлари барчада ҳайрату ҳавас қўзғайди

 

Қадрли газетхон, бундан тўрт йил аввал Икромжон ота Абдусаломовнинг табиатнинг жаннатий яратиғи - ток ва унинг меваси шифобахш узум ҳақидаги туркум мақолалари ёритилгани ёдингиздан чиқмагандир. Тўрақўрғоннинг Мозоркўҳна қишлоғида умргузаронлик қилаётган бу инсон асли деҳқон ё боғбон эмас, олий маълумотли иқтисодчи. Ҳаётининг ўттиз йилдан зиёди Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманлари ижроия қўмиталарида масъул лавозимларда, "Шарқ юлдузи", Ибрат номли, "Тўрақўрғон" жамоа хўжаликлари раислигида, Оқтош пахта пункти директорлигида ва ниҳоят туман ижтимоий таъминот бўлими бошлиқлигида кечди.

Эътиборга лойиқ жиҳати Икромжон ота раҳбарлик илмини қанчалик яхши билган бўлса, соҳибкор-боғбонликни ундан кам ўзлаштирмагани туфайли ҳануз боғу-роғлар ичида яйрайди, тиним билмай янги-янги узум навларини пайвандлайди, парваришлайди, кўчатларини кўпчиликка тарқатади, бундан ўзи беҳад роҳатланади. Чунки шу одати билан ҳаётдан битмас-туганмас маъно излайди, эртанги кунга умидланади, завқу шавқлар туяди. Алал-оқибат умрига умр қўшади, етмишга ҳам ўзини худди йигитлардек бардам тутган ҳолда етиб келгани шундан.

Нега бунга урғу беришимизнинг боиси бор, албатта. Ахир, 49 ёшида юраги қаттиқ панд берган эди. 1999 йилнинг октябри охирларида оғир ҳолатда пахта пунктидаги иш столидан тўғри марказий шифохонанинг кардиология бўлимига келтирилди. Олий тоифали моҳир шифокор Аҳмаджон Худойназаровнинг юқори малакали муолажалари сабаб кўзини очди, яна оёққа турди. Невролог куёви Ёқубжон Бозоровнинг ғамхўрликлари билан томирларидаги қон бир меъёрида юриб, кундан кун, ҳафтадан ҳафта, ойдан ой ўтган сайин ўзини яна соғлом ҳис қилди. Юз кунлик муолажаларнинг натижаси ижобий бўлса ҳам, барибир касалликнинг айрим асоратлари унга 2-гуруҳ ногиронлигини белгилашни талаб этди.

Бироқ, у ногиронликка сўз бермади. Яна тўлақонли меҳнат қучоғига қайтди. 2003 йилдан туман ижтимоий таъминот бўлими раҳбарлигини замон талаблари даражасида ҳалол ва фаол уддалади. 2005 йил 30 декабрь куни "Боғи баланд" мажмуида қадрдон жамоаси ҳамда дўстларига дастурхон ёзди. Янги йилни кутиб олишга йиғилганлар тантана сўнггида Икромжон аканинг пенсияга чиқиш қарорини эшитишни хаёлларига ҳам келтиришмаган эди. Бу жамоавий ўтириш ўз-ўзидан юбилей тантанасига айланиб кетди. Меҳмонларга конверт улашилганида ҳамма таажжубга тушди: "Ичида нима бор экан?" - деган ўйда. Очиб кўришса, 20 донадон "Жондук", яъни хитойнинг ошга солиб истеъмол қиладиган тансиқ ловияси (у уруғ сифатида қуритиб қўйилган) ҳамда оппоқ вароққа компьютерда битилган Эркин Воҳидовнинг "Бир ниҳол" шеъри солиб қўйилибди:

Юртдошим, боғингга - бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини яхшилик ата.

Ниҳолнинг ёнига бир гул экиб қўй,

У гулнинг исмини Гўзаллик деб қўй.

Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт

Сув бер ва бу сувга Меҳр деб қўй от.

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.

Икромжон ака бу шеърни тасодифан қўшиб қўймаган эди. У адабиёт шайдоси, Эркин Воҳидов мухлиси. Ўзбеклигидан, дўппи кийишдан туйган ғурурини баралла куйлагани учун Тошкент халқ хўжалиги институти талабаси бўлган 1966 - 1969 йиллардаёқ ихлосини юз чандон кучайтириб юборган шоирга ғойибона дўст, ҳаммаслак. Инчунин, Икромжон Абдусаломовнинг бошидан болалигидаям, ёшлигидаям ва ҳозирги кексалик айёмида ҳам бирор кун чиройли ва бежирим Чуст дўпписи аримайди.

Ҳаётнинг ўзи, адабий ижод ва мухлисликнинг ўзи ана шу кўнгил риштасини ҳали ҳануз охорини тўкмасдан пишиқлаётганиям айни ҳақиқат. 2009 йили кенжа қизи Иродахонни куёвга узатиш тўйи тараддудида умр йўлдоши, тиббиёт ҳамшираси Муҳаббатхон опа билан бозор кезишларига тўғри келди. Икромжон ака, катта асфальт йўл ёқасидаги майдончага "Нексия" рулини бурди. Бироқ бозорга бирга-бирга киришга рўй-хуш бермади.

- Сизлар бемалол нарса танлаб, ёққанини олиб чиқаверинглар, мен эса дўкондан олган янги китобларни ўқиб ўтира тураман, - деди у хотини ва қизини эркин қўйиб. Орадан бир соатча фурсат ўтиб, улар сўмка тўлдиришиб бозордан чиқиб келишди.

- Берган уч юз минг пулингиз етмади, тағин юз мингча керак, - деди Муҳаббатхон.

- Тўхтанг, тўхтанг, сиз аввал манаву шеърни эшитинг, онаси, - Икромжон ака машина юкхонаси копоти устига Эркин Воҳидовнинг кўк жилдли "Сайланма"сини қўйиб, белгиланган бетини очди-да, ўқий кетди:

Мен эркак ўрнида туришим керак,

Ё хотин измига юришим керак.

Хотинимнинг тўй, лозим омадаси кўп,

Ҳа, деса лаббай, деб туришим керак.

Ҳа, деса лаббай, деб туришим учун

Уйимда пул завод қуришим керак.

Уйимда пул завод қура олмасам,

Энг катта банкани уришим керак.

Энг катта банка ҳам қўлдан келмаса,

Ҳа, деса шалвираб туришим керак.

Шалвираб тургувчи эркак бўлгандан

Йўқ бўлиб дунёдан қурушим керак.

Дунёдан йўқ бўлиб кетмаслик учун

Мен эркак ўрнида туришим керак.

Яъни эркакларнинг ишини қилиб,

Маза қилиб шаҳмат суришим керак.

Икромжон ака "Уқдингизми, онаси?" дегандай китобдан бош кўтариб Муҳаббатхонга қаради. Хотин ҳам бўш келмади.

- Сиз ҳам аввал камига пулни чўзинг, кейин уйга қайтганда дўстлариингизга қўшилиб, шаҳмат ўйнайверасиз, дадаси!

Эру хотин "қаҳ-қаҳ"лаб кулиб юборишди.

- Яна тўйга етказганига шукур, - таъкидлади Икромжон ака юз минг тутқазар экан. - Ҳазил шеъру, туриш-турмушимизнинг ўзгинаси қойиллатиб битилибди-да...

Бироқ Икромжон ака сира-сира ўкинмайди. Оиланинг ташвишлари барибир ёқимли. Фарзандлари меҳнаткаш, топиш-тутишлари тузуккина. Ота уларга раҳнамо ва маслаҳатгўй.

Аҳил оилада улғайган уч ўғил - Шуҳратжон, Қудратжон ва Умиджонлар зарур мутахассислик маълумотларига эга бўлсалар-да, шу билан бирга тадбиркор, фермер, деҳқон ва боғбон. Қизлари - Иродахон ҳамшира, Иқболхон иқтисодчи. Келинлари Раънохон, Дилфуза ва Наргизалар ўз қизларидек ардоқли, куёвлари Дилшоджон ва Ғуломжон катта оилага ўғилларидек қадрли. Пиру бадавлатликнинг аслида бундан-да аълоси қаерда.

Икромжон отанинг ҳовлиси ҳамиша чиройли, файзли ва саранжому саришта. Кўнгли ободнинг уйи ҳам ободлигини остонадан ҳатлаган киши дарров пайқайди. Қаёққа қараманг, аввало, гулларга нигоҳингиз тушади. Бири-биридан гўзал манзара кашф этган. Катта ҳовлининг ўнг тарафида ҳам, сўл тарафида ҳам, олдида ҳам ток ишкомлари. Танасига боқиб, сурхига қараб, улар турли ёшдалигини англайсиз. Ўттиз-қирқ йиллигиям бор, ўн йиллигиям, икки-уч йиллигиям, шу баҳорда кўк ўсимтасидан пайвандланганиям. Демак, Икромжон отанинг токка ишқибозлиги пенсияга чиққанидагина бошланмаган. Болаликдан, азалий бобомерос, ота мерос. Шундан ҳозирда бошқаларнинг ҳовлиларида камайиб кетган қора чаросгача шира бойлаб қоп-қорайиб пишиб ётибди.

- Узум жуда шифобахш неъмат, - дейди отахон ишкомларини кўз-кўзлаш эмас, улардаги турли-туман навдаги меваларига ишора қилиб, - шунинг учун биз ўзбекларнинг ҳовлиси токсиз бўлмайди. Қишин-ёзин дастурхонимиздан аримаслигини истасак, майизбопларини ҳам ўстиришга одатланганимиз маъқул. Мана, чарос, мана шувурғони, мана сўғдийна, мана кишмиш. Чилги эрта оғизга тегади, кейин эса ҳусайни етилади. Қуёшнинг тафти кетмай майизбопларини қуритиб қўйсак, ўзимизга керакли витамин - дармондорини қиши билан еб, танамизни тўқ ва тетик тутамиз. Фарзанду набираларимизни сунъий моддалар аралаштирилган, усти ялтироқ, ичи қалтироқ қанд-қурсларга ружу қўйдирмасдан соф табиий узум - майиз тановвул қилишга ўргатсак, уларнинг саломат улғайишларига қайғурган, ғамхўрлик кўрсатган бўламиз. Бунинг учун ҳовлимизни ўзбекона қиёфа тарк этмаслиги зарур.

Ўзбекона қиёфа иборасини Икромжон ота алоҳида урғу билан тилга олди. Бу, ҳар бир хонадон ишкомли ва ишкомини сурху барг, узумлар билан қоплаган токларнинг кўрку таровати бўлиши шартлигини таъкидлашдек туюлди бизга. Афсуски, ҳозирги баланддан баланд темир ишкомлар бою-бадавлатлиликни кўрсатсаям, уларга тирмаштирилган токларнинг ғариблиги, яъни танаси нимжонлигидан сурхи калта, барги авжсиз, узуми чачала ва ола ҳолатда ночор туришидан "замонавий соҳибкорлар" уялишмаслиги бор гап. Бундай ишкомлар ҳатто ҳовлиларга соя-салқин беролмайди, чунки юқорилаган ишкомнинг усти кўпинча бўм-бўш.

- Ток ҳамиша парваришталаблигини унутмаслигимиз шарт, - дейди Абдусалом ота. - Бу жараён сурхларини кузда кесишдан бошланади. "Узун кессанг - узум ейсан" деганлар ҳақ. Узун ва пишган новда эса, йил давомидаги қаровда яратилади. Тараш, хомток, касалликлардан асраш, ўғитлаш, суғориш - буларнинг барчасини яхши билиб, яхши ўзлаштириб олганлар ҳеч қийналишмайди. Оилавий меҳнат билан баракали ҳосилга ва мўмай даромадга эга бўлишади. Баланд уйларнинг олдигагина баланд темир ишкомнинг зарурати бору, аммо томорқада бундай ортиқча ҳашамдор сўриларга ҳожат йўқ. Паст бўйли тахта эшшакка чиқиб ёки иккиёқламали мўъжаз шотида туриб қўлингиз етадиган ҳолатдаги ишкомларда узум етиштириш ота-боболаримиздан қолган анъана. Ток баландга "интиладиган" кучини новдасига, баргига ва мевасига бериб, сизни қуруқ қўймайди.

Ўзбек узумчилиги ривожида ўзига хос мактаб яратиб, довруғи достон бўлган раҳматли соҳибкор Ризамат ота миришкорликда Икромжон отага ҳам чиндан ибрат тимсоли ҳисобланади. Етмиш ёшини боғида қирқ хил ток ўстириб, тотли оғизда қоладиган хуштаъм узумлар тугдириб нишонлаётган Нишон бобонинг набираси, Абдусалом отанинг ўғли бугун узум ҳақида қомусий билимга ва амалий тажрибага эга. Унинг шифо неъматли ишкомларида фақат Фарғона водийсининг, Сурҳон­дар­ёнинг, Самарқанднинг, Жиззахнинг, Сирдарёнинг, Тошкентнинг токлари эмас, Япониянинг "Маникюрь-фингер" (маникюрли бармоқ), Россиянинг "Великан" (улкан), "Волга-дон" навларигача барқ уриб турибди. "Келин бармоқ", "Супер-элита", "Мирзахўрак", "Талъат қора", "Сўғдиёна", "Гигант" каби Ўзбекистон боғларининг тарозибосар ва серхаридор навлари эса гўё хорижники билан рақобатдошдай ёнма-ён ғуж-ғуж ҳосили билан кўрганнинг кўзини ҳам, ўзини ҳам тўйдирадиган мафтункор ва мўъжизавий манзарага кирган.

Икромжон ота ана шундай эзгу ниятли, эзгу ҳаракатли, истиқлол ислоҳотларидан куч-қувват, илҳом олиб, чарчаш нималигини билмайдиган, ёшларга ўрнакка муносиб қадри баланд қария­лар қавмининг чинакам пешқадамидир. У қаерда янги узум нави борлиги ҳақида хабар топса, албатта, ўша ёққа бориб олиб келишдан, ҳавлисида парваришлашдан ҳануз эринмайди.

Содиқ САЙҲУН.