Ёш авлоднинг ҳар томонлама ақлий, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан ривожланишида жисмоний тарбия асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Шунинг учун Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги қонунида "Мактабгача ёшдаги болалар, ўқувчилар ва талабалар саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, уларда жисмоний баркамоллик эҳтиёжини шакллантириш мактабгача тарбия муассасалари ва ўқув юртларининг асосий вазифаси ҳисобланади" дейилади.

Мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, Ватан равнақини таъминлайдиган ёш авлодни тарбиялаб воя­га етказиш масалаларига жиддий эътибор берилмоқда.

Барчага маълумки, мактабдаги I-IV синф ўқувчиларининг жисмоний маданият дастурлари халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади, бунда болаларнинг соғлиғига, жисмоний тайёргарлигига, об-ҳаво шароитига, ҳаракатли ўйинларга ва жисмоний машқ турларига мос ҳолда режалар тузилади.

Тузилган жисмоний маданият дастурлари ўқувчиларни соғломлаштириш, тарбиялаш ва билим беришга қаратилган бўлиб, жисмоний машқлар ёрдамида, жисмоний тарбия воситаларидан тўлиқ мақсадга мувофиқ дарс ўтишни талаб қилади.

Жисмоний маданият дарсларининг самарадорлиги нафақат дастур мазмунига, балки ўқитувчи ва ўқувчилар фаолиятининг қандай ташкил қилинишига, машқларни ўргатиш усул ва услубиятига боғлиқ бўлади. Агарда жисмоний маданиятнинг дарслари дастур асосида тўлиқ мақсад сари ўтиладиган бўлса, I-IV синф ўқувчиларининг соғлиғи, жисмоний ривожланиши ва жисмоний тайёргарлиги яхшиланади, шу билан бирга бошқа фанлардан ўзлаштириши юқори даражага кўтарилади.

Дарс ўтказиш мураккаб, кўп томонлама фаолиятдир. Шу сабабли машғулотлар юқори савияда бўлишга эришмоқ учун, ўқитувчи олдиндан пухта тайёргарлик кўриши ва бунда қуйидаги ҳолларни назарда тутиши керак:

Дарснинг мақсадини аниқлаш - унинг машғулот тизимидаги ўрнини белгилаш ҳамда унинг натижаларини мумкин қадар тўлароқ тасаввур этиш демакдир. Бунга ишнинг режалаштирилиши ёрдам беради. Бироқ ўқув-тарбия жараёнининг амалдаги бориши ҳамиша режага тузатишлар киритади. Шунинг учун ҳар сафар ўтган дарс ёки бир неча дарс натижаларини яхшилаб таҳлил этиш ҳамда машғулотларнинг бутун қисмидан қолган вақтни ҳисобга олиш асосида дарс олдига қўйилган вазифаларни аниқлаш зарур. Дарснинг энг муҳим вазифаларини мажмуасини ишлаб чиқиш кўзда тутилади. Амалда эса уларни аниқлаш эҳтиёжи туғилиб туради (индивидуал ишларни ташкил этиш ва ҳ.к.).

Ўқув машғулоти аниқ вазифасини ишлаб чиқиш, олдинги режалардан қатъий назар ҳамиша илгари қўлга киритилган ва келгусида кутилган ютуқлар таҳлилини ўз ичига олган жиддий пухта ўйлаб қилинадиган меҳнатни талаб этади.

Дарс вазифаларини белгилаш ҳамда уларни ҳал этиш режанинг тўғри бўлиши ўқитувчининг педагогик тажрибаси ва унинг ижодий қобиляти билан белгиланади.

Дарс вазифалари белгиланаётган ҳар бир, айрим ҳолда уларни ҳал этишнинг методик йўллари ҳақидаги энг янги маълумотларни ўрганиб чиқишга эҳтиёж туғилади. Илгари белгилаб қўйилган вазифаларга ҳам, уларни ҳал этишнинг умумий режага ҳам адабий манбаларни олдиндан ўрганиб чиқиш натижасида ўзгаришлар киритилади.

Дарсга тайёргарлик кўришнинг навбатдаги муҳим қисми - бу дарс ўтказишнинг тўлиқ режасини, дарс ишланмасини тузишдан иборат.

Дарсни режалаштириш вазифаларини ҳал этиш энг рационал бирин-кетинликни аниқлашдан бошланади. Янги маълумотларни ўрганиш, энг кўп эътибор ва юксак иш қобилиятини талаб этади. Шу сабабдан у машғулотнинг асосий қисмида бир оз енгилроқ масалаларни ҳал этиш эса дарснинг боши ва охирида режалаштирилади.

Шундан кейин дарс асосий қисмининг мазмуни (машқлар тартиби ва уларнинг меъёри, тушунтириш, фармойишлар ва ўқувчиларга бериладиган бошқа кўрсатмалар) кенгроқ ишлаб чиқилади.

Машқларни бажариш пайтида ўқувчиларни уюштиришнинг жойлашуви белгилаб олинади. Буларнинг ҳаммаси дарс ишланмасига ёзилади.

Ўқувчилар олдида турган вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган барча нарсаларни пухта режалаштирган ҳолда машқларни ташкиллаштиришга алоҳида эътибор бермоқ керак. Натижада илмий жиҳатдан қатъий изчил бўлган ўқитиш ва тарбия бериш методикасини етарли даражада мукаммал ифода этувчи машқлар мажмуаси ишлаб чиқилиши керак.

Ўқитувчи дарснинг асосий қисми мазмунини ишлаб чиқгач, унинг тайёргарлик ва якуний қисмларини уларнинг биологик ва педагогик аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда режалаштиради. Бунда у худди асосий қисм режасини ишлаб чиқаётгандагидек, вазифалар қай шаклда қўшилишини, ҳар бир машқнинг мазмуни ва аҳамиятини, унинг меъёрини, ўқувчиларни уюштириш методларини, жойдан-жойга ўтиш ва қайта сафланишини дарснинг иш майдончасидаги ўз ўрни қаерда бўлишини олдиндан пухта ўйлаб олиш керак. Буларнинг ҳаммаси дарс ишланмасида акс эттирилади.

Феруза СИДДИҚОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 52-умумтаълим

мактабининг  жисмоний тарбия ўқитувчиси.