Зиёвиддин МАНСУР
ДУНЁНИНГ НИГОҲИ ҚАДАЛГАН ЗОТЛАР
(МАРДИ МАЙДОН ШИФОКОРЛАРГА)
Сизни ҳур дейинму, малак дейинму?
Ё доим иш билан ҳалак, - дейинму?
Соғлиққа посбонсиз, шу боисдан ҳам
Қадрингиз осмону фалак, - дейинму,
Халати мисоли беғуборларим,
Илҳомбахш, оромбахш шифокорларим!
Луқмони Ҳакимдан мерос бу соҳа,
Мустаҳкам соғлиққа асос бу соҳа.
Зарурат бўлса шоҳ - гадо дуч бўлар,
Барчага аркони ихлос бу соҳа.
Энг зарур чоғларда энг даркорларим,
Ноёб касб соҳиби - шифокорларим!
Худойим кимнидир шошириб қўяр,
Кимнидир пуфакдай шишириб қўяр.
Қай зотни у азиз қилмоқчи бўлса,
Барчанинг ишини тушириб қўяр.
Сиз ўша ҳамманинг иши борларим,
Касби хўб, иши кўп шифокорларим!
Илк маълумотнома ёзувчи ҳам сиз,
Никоҳга мос-номос сезувчи ҳам сиз.
Қазойи маллақ рўй бергани чоғда
Далолатномани тузувчи ҳам сиз.
Тиригу, ўликка илк саркорларим,
Қадрдон, жонажон шифокорларим!
Соғлиқсиз ҳеч кўнгил тўларми, ахир,
Сизларсиз соғ одам қоларми, ахир?
Ҳаттоки эр-хотин яширган сирни
Сизларга айтмаса бўларми, ахир?!
Ёрдан-да яқинроқ дўсту ёрларим,
Дилдошим, сирдошим шифокорларим!
Ҳа, ҳар он вақтимиз чоғлиги зарур,
Бунинг-чун кўнглимиз тоғлиги зарур.
Вақти чоғ, кўнгли тоғ бўлмоғи учун
Энг аввал инсонлар соғлиги зарур.
Соғлиққа биринчи тарафдорларим,
Қаторда норларим, шифокорларим!
Аёлми, эркакми, сизга барибир,
Баҳорми, кузакми, сизга барибир.
Барчага баробар дастёр эрурсиз,
Керак, нокеракми, сизга барибир.
Ким дардга чалинса харидорларим,
Эй, аҳли одамий шифокорларим!
Ишимиз тушса ҳам сизни излаймиз,
Тишимиз тушса ҳам сизни излаймиз.
Ой-куни яқинлаб қизлар, келинлар
Дардлари пишса ҳам сизни излаймиз.
Эй, сиз, "Тез ёрдам"чи дастёрларим,
Беғараз, беминнат шифокорларим!
Бу дунё-савдоси қайнаган бозор,
Ким унда сотувчи, кимдир харидор.
Бозори юрмай, хор-хаста бўлганда
Отадан жирканган фарзандлар ҳам бор.
Сиз эса ҳамиша ҳокисорларим-
Эй жони садоға шифокорларим!
Қай жаллод қўлига пичоқ тушган дам,
Сўйилса ажабмас ҳаттоки одам.
Небахтки, меҳрибон жарроҳ қўлида
Малҳамга айланар ҳатто пичоқ ҳам.
Тиғда ҳам оғритмас беозорларим,
Эл ризо, жонфидо шифокорларим!
Номингиз дилларга жойланса, нетонг
Шод диллар таъзимга шайланса, нетонг?
Сиздаги ақл ва тафаккур билан
Заҳар ҳам асалга айланса нетонг?!
Эй, Ибн Синодай ифтихорларим,
Дунёни лол этган шифокорларим!
Сиз тинчлик чоғда ҳам уруш ҳолдасиз,
Эл уйқу ҳолда сиз юриш ҳолдасиз.
Эл-юртнинг-умумнинг соғлиги учун
Ҳар шахсий ишдан юз буриш ҳолдасиз.
Туну кун беором ва бедорларим,
Юртпарвар, элпарвар шифокорларим!
Билдик, дард сўрамай келиши мумкин,
Ҳаётда ҳар бало бўлиши мумкин.
Халқларни ўлатдан ёлғиз Худо ва
Шифокор қутқариб қолиши мумкин.
Худойим берган мард фидокорларим,
Чиндан мард ва ҳамдард шифокорларим!
Дейдилар: Шифокор-бемор бир томон
Бўлганда ёлғиз дард енгилар ҳар он.
Шу ҳолат бор экан, иншооллоҳким,
Ҳеч бир дард енголмас бизни ҳеч қачон.
Эй, тоза кўнглида Аллоҳ борларим,
Ҳаққа ёр, халққа ёр шифокорларим!
Дард берган Худойим ҳамиша-ҳар дам,
Ўзи бахш этгайдир шифосини ҳам.
Аллоҳим! Ўзинг ёр, ўзинг мададкор
Бу бало ҳам шаксиз топажак барҳам.
Ахир хуш ният ҳам давлат-ку ярим,
Художўй, дуогўй шифокорларим!
Сизларни ҳар қанча олқишласак кам,
Қанча шеър, қўшиқлар бағишласак кам.
Дунёнинг нигоҳи қадалган зотлар,
Сизларни қанчалар кўп хушласак кам.
Эй, нажот манбаи-халоскорларим,
Ҳар бемор қалқони шифокорларим!
Бу кунлар ўтади, кетади ҳали,
Ҳақ ўзи хавфни даф этади ҳали.
"Аъло"га ўтиб бу имтиҳондан ҳам
Қутлашмоқ фурсати етади ҳали.
Эртанги нишондор, унвондорларим,
Рағбатга муносиб шифокорларим!
Энг олий бахт-ҳалол хизмат бўлади,
Хизматга мукофот-роҳат бўлади.
Сиздайин яхшилар у дунёда ҳам
Абадий ётар жой-жаннат бўлади.
Эй, икки дунёда бахтиёрларим,
Ҳеч қачон кам бўлманг, шифокорларим!
АҲЛИ БАШАР ТИЛАГИ
Қудратинг бемисл, шавкатинг тенгсиз,
Сенга мос тимсол йўқ, сенга йўқ эгиз.
Ким сенга мутеъмас, ким букмагай тиз?
Борлиқда неки бор, бир сенга қарам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Гуноҳкор бандамиз, Аллоҳимизсан,
Ҳар ишдан воқифсан-огоҳимизсан.
Ишонган ягона паноҳимизсан,
Караминг кенг, ахир! Қўлла бу гал ҳам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Гўё биз куйманиб баҳор, ёз, куз, қиш,
Чекинди ғаму ғаш, чекинди ташвиш,
Асли сен бўлмасанг унмас бирон иш,
Сен учун ҳеч гапмас, бериб куч, чидам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Дилларда ҳамиша бўлиб Сен йўлдош,
Айладик қанча хавф, балоларга дош,
Бу гал ҳам ёрлақаб, ўзинг бўлиб бош,
Илоҳим, ўчмасин ҳаёт-, деган шам
Бизларни асрагин ўзинг,эй, Эгам!
Бундайин бад корни ким қилади, ким?
Балки бу янги бир неофашизм,
Бу-бандитизм, бу-канибализм!
Жазосин бер, энди топсин у барҳам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Кони хавф шайтоний каслар қилмиши,
Эҳтимол, бу иш ҳам ўшалар иши...
Кошки ўз-ўзига бўлса ташвиши...
Ёвузлар касрига қолмайлик ҳеч дам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Гегемон давлатлар зимдан кўриб иш,
Бўлса ўй-орзуси бир-бирин шилиш,
Тегмасми уларга оммадан қарғиш?..
Йўқ бўлсин-даф бўлсин менинг бу шубҳам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Бирники мингга, - деб айтилгай бисёр,
Офатнинг қандайдир бир ўчоғи бор,
Наҳотки одамзот қақшар бундан зор!
Кулфатдан ҳувиллаб қолмасин олам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Уханьда қирилган жонворлар учун
Эҳтимол, табиат олмоқда ўчин.
Ҳис этдик илоҳий қудратнинг кучин
Мен башар номидан тавба айласам,
Бизларни асрагин, ўзинг, эй, Эгам!
Балким, айб паст, туфта товарлардадир,
Шулар-ла оммани соғарлардадир,
Не бўлса ҳам дунё хавф-хатардадир,
Бу ҳақда қанча кўп фикрласак кам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Шунчаки оддий бир дард эмасдир бу,
Самовий-оразий бало балки шу!
Ўзингдан ўзга куч унга пуч, ёҳу!
Биргина ўзингда барча қудрат жам
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Асли сен буюрган бешта муҳим фарз,
Гоҳида бўлмайин қолди муқим фарз...
Хулоса қилдик, бу офат бўлиб дарс,
Энди феъл ўнглангай номингга қасам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Кулгули ҳол, кўриб туриб эл зарар,
Фожеъдан наф кўзлаб айрим кимсалар,
Бозорда нархларни чандон оширар,
Яхшики давлат бор, ҳар ишда ҳакам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Ўйлайлик, юрт озод, қўлда эрк бўлса,
Эҳ! Ҳамон кўп жойда куфр, ширк бўлса...
Ҳаттоки қутлуғ жой-Каъба берк бўлса!
Бу қандай кўргилик, қандайин алам?!
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Уйлардан чиқмаслик удумин тутиб,
Олқаймиз тинч-омон кунларни кутиб,
Неча минг бандалар ўтди қон ютиб,
Илоҳим чекинсин энди дарду ғам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Қайсидир юртларда қанча оломон,
Ҳамон бу офатга бўлмоқда қурбон,
Биз аҳил карвонмиз, юртбоши-сарбон.
Посбону, шифокор ҳамжиҳат, ҳамдам
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Ўзига хос номсиз урушдир бу ҳам,
Барча тенг оёққа туришдир бу ҳам.
Алпомиш, Муқанна, Темурларга хос
Аждодлар руҳидай руҳ бериб бардам,
Бизларни асрагин, ўзинг, эй, Эгам!
Башар чун синов бу! Синов дунё бу,
Балки фахш ишларга ҳақли жазо бу!
Эҳтимол, қиёмат кундан садо бу,
Не бўлса ҳам тавба қилгаймиз пурғам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!
Тилларда дуо-ю, дилда истиғфор
Шул эваз ажабмас дард бўлса тор-мор,
Чор-ночор кунда ҳам ўзинг мададкор,
Ҳа, ўзинг бор! Асло бўлмагаймиз кам,
Бизларни асрагин ўзинг, эй, Эгам!