ИЛДИЗИГА ТОРТАДИ ЯПРОҚ

Донишманд халқимизнинг ҳар нақли чуқур маънога, ҳаётий асосга, сернаф сабоққа эга. Биз гапни "Илдизига тортади япроқ" иборасидан бежиз бошламадик. Бу фикр айнан ўз маъно-моҳиятида ҳам, кўчма тарзда ҳам беинкор ҳақиқатга йўғрилган. Инчунун, илдизи бут, бешикасту безаҳа дарахт ҳамиша гуркираб ўсади. Япроқларининг кўм-кўгу кўркамлигидан тортиб, сершоху сермевалигигача шунга боғлиқ. Зоти шариф инсонга қиёсласак, буюк аждодларининг авлодларигача улуғликка муносиблик касб этиши табиий ҳол. Ҳатто уларни жамиятнинг салбий таъсирларига қарамай, барибир ўзларининг азалий ҳаёт жавҳари қобиғидан чиқариш мушкулдан мушкул. Гарчи "Қазисан - қартасан, асли зотингга тортасан" нақли салбий қарашлардан яралган бўлса-да, бу фикрни бемалол ижобий маънода ҳам тушунишимиз мумкин. Улуғларнинг узилмас шажара занжири мустаҳкамлигидаям гоҳ ботин, гоҳ зоҳир ҳолатлар борлигини унутмаганимиз яхши. Бизлар аксари кўзга кўриниб турганига идрокимиз етадию, яъни суратинигина кўра оламизу, сийратига келганимизда... Майли, гапнинг мухтасари, ана шу ботинийликни зоҳирийликка эгизлигини ифодаловчи ушбу рисоламиз ўқиганларда зора ҳар бир сулоланинг ўзи нафас олаётган шу ҳавонинг, ўзи яшаётган, ризқ яратаётган шу заминнинг, ўзи мансуб бўлган шу халқнинг бугуни ва эртасига дахлдорлик туйғусини кучайтирса. Ҳар бир чекилган заҳмати ортида раҳмати борлигини чуқурроқ англатса. Ватанни - Ўзбекистонни онасидек ардоқлашга ўргатса, фарзанду набираларининг, йўқ-йўқ уларнинггина эмас, яна эвара, чевара, ковара ва овораларигача, яъниким, етти пуштига озод ва обод гўшани қолдириши шажарасига файз, шараф ва умрибоқийлик бағишлаб туришини ҳар кун, ҳар дақиқа, ҳар лаҳза унутмасликни огоҳлай олса, деган умидда қалам тебратдик. Гуллар макони Намангандаги Мўминовлар сулоласининг ўтмиши, кечаси ва бугуни ҳақида мўъжаз китоб яратишга уриндик. Баландпарвоз гаплардан, қуруқ мақтовлардан ўзимизни тийдик. Битикларимизнинг деярли барчаси эътирофлару қайдлардан иборатлиги шундан.

Ота-боболаримиз етти пуштини ёдда тутиш тамойилига амал қилганлар. Ахир ҳар бир авлод шажарасини яхши билсагина ўзлигини теранроқ англаб етади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов уқтирганидай: "Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари, юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади". Аждодларимиз тарихини авлоддан авлодга етказишда китобларнинг роли беҳад катта.

- Ҳар биримиз ўз аждодларимиз кимлар эканидан бохабар бўлишимиз нақадар зарур, - дейди Назирахон Бойдедахон қизлари. - Солижон Мўминов билан шажарамиз бир-бирига туташлигидан фахрланамиз. Бизларнинг оподедаларимиз Мўминбой ва Бойдедахон ака-ука эдилар. Мўминбой оподедам ўрта бўй, хипча бел, кўзлари сарғиш, жигарранг соқолли киши сиймосида эсимда қолганлар. Уларни дадам худди оталаридай жудаям ҳурматлаб, иззат-эҳтиромни жойига қўярдилар. Ғоят одми кийинардилар тўн­ғич амаким. Эгниларидан ҳамиша оқ яктагу узун тўп тушмасди. Ишга чечан, серғайрат ва ҳушчақчақ ва ҳазилкаш эдилар. Биргина мисол. Бизникига Онахон, Фотимахон, Атияхон ва Раҳимахон холаларим тез-тез келишарди. Ўша чоғда оподедамлар ҳали сўрашмасдан аввалоқ ҳазилни бошлардилар. Бир куни холамлар уй ичида гурунглашиб ўтиришарди. Ташқаридан кимнингдир қадам шарпаси эшитилди. Дераза ойнасининг нариги тарафида Мўминбой оподедам кўриндилар.

- Бай-бай, илонбошлар йиғилишибди-ку! - дедилар ойнани чертганча жилмайиб.

- Келинг, келинг, Мўминбой, эшик бу ёқда, - дейишди холаларим ўрниларидан турганча қувонишиб.

- Ҳазиллашаман-да, Сизларни ўзимга яқин олиб, синглимдай кўраман-ку, ахир! -дея дарров кириб ўтирардилар.

Самимий, одамохун, ҳаммага ёқадиган кенг феъл ва кичик кўнгилликлари учун маҳалламиз болаларигача меҳрларидан, ширин сўзларидан бенасиб қолишмасди. Оддий касбда тирикчилик учун ризқ топганлар. Умр бўйи самоварда (чойхонада) ишлаганлар. Доимо қўлтиқларида нон билан кетардилар. Ниҳоятда очиқкўнгил "Тиги-тиги тоғларга чиқиб кетаман" деган ҳазил гапни кўп такрорлардилар. Менимча, бу фикр дунёнинг норасолигидан, ташвишлари бисёрлигидан туғилган бўлса керак.

Лекин Аллоҳ уларни яхши ва бебаҳо аёл билан сийлаган эди. Чунки, Ойимчахон ачамлардай ўта меҳрибон инсон билан қўшақаришган. Улар уч ўғилу бир қиз кўришган. Тўнғичлари Темурбой Иккинчи жаҳон урушига жўнатилгач, қайтиб келмаганликлари-ю, яккаю ёлғиз қизлари Нишонбидан эрта айрилишгани юракларини армонларга тўлдирганини билардик. Улар Абдухалил ва Абдужалил ўғилларига суяниб яшашди. Мўминбой катта дадамлар касал бўлмасдан, 63 ёшларида уйқуда вафот этганлар.

Турмуш ўртоқлари Ойимчахон ачамиз Сирли масжид маҳалласидан эдилар. Юмалоқ юзли, мовий кўзли, узун сочли, қора қошли барваста, бирам чиройли, кўркам аёл бўлганлар. Соддадил ва меҳрибон она "Худонинг паноҳида фақат иккитагина жигарбандим бор" дея икки ўғилларига қараб, шукроналик қилардилар. Айниқса, Абдужалил ака бетобланганларида ўзларини қўярга жой тополмасдилар. Менинг дадамларга "Бойдеда болам, нима қилай?!" деб илтижоли жавдираб боқишлари ҳали ҳануз кўз ўнгимизда жонланади. Гоҳ-гоҳ ўғиллари уйга келишга кечикиб қолишса, кутишга сабрлари етмай, уйимизга чиқардилар. "Бойдеда болам, чоллар чойхонасига бориб келасизми?" деганча кечалари фарзандлари йўлига нигорон ҳолатда бизникида ўтирардилар.

Биргина қизиниям жуда эрта йўқотганлариданми, менга меҳрлари беҳад бўлакча эди. Гўё ўз онамиздай билардик. Ачамиз ўз овсинларини ўз сингилларидай ардоқлардилар. Қўни-қўшнилар билан ғоят иноқ яшардилар. Ниҳоятта болапарвар эдилар. Авазхон жиянимни "бобо" деб суярдилар. Келинларини - Хосиятхон ва Раҳимахон кенчабиларимни ўз қизларидан-да зиёда билардилар. Фақат сўзда эмас, амалда ҳам буни исботлаб юрардилар. Доимо уй юмушларига уриниб кетаверардилар. "Ман кир ювишни яхши кўраман" деб болаларнинг кийим-кечакларини бир зумда тоғарага солиб, чайиб-сиқиб, ток сўрисига тортилган арғамчига қаторлаштириб илиб, офтобда қуритардилар.

- Кечагидек ёдимда,-дея давом этадилар Назирахон Бойдедахон қизлари. -Ойимчахон ачам кўча эшик олдидаги ҳовузчада узун сочларини чаққонлик билан тез-тез ювишларию, агар бизлар бетоблансак, кул солинган пиёланинг устига читлўнги ёпиб, у билан силаб-сийпалаб, киннамизни танимиздан қувиб чиқариш ҳаракатида куймаланишлари. У аёл болалигимизда фақатгина бизни эмас, балки бутун маҳалланинг "ача"сига айланиб кетгандилар. Ҳаммамиз кеч - кечгача шу кичкина тор, лекин меҳмондўстлиги туфайлиги гўёки катта, кенг туюладиган хонадонда ўйнардик. Тут пишиғида унинг мевасини териб, еб юраверардик...

 

* * *

Соя ташлаб турган дарахтнинг қадри йиқилганда билинади. Инсонлар ҳам шундай, қачонки ёруғ оламдан кўз юмиб, фоний дунёдан боқийлик сари кетишгандагина уларни қўмсаймиз, қалбимизга яқинлиги ва улуғликларини ҳис этамиз. Яхши фазилатларини такрор ва такрор эсга олгимиз келаверади. Зеро, инсонлар абадийлиги хотираларимиз жонланишидадир. Шундай бўлгандан кейин ҳар бир ота-она фарзанди хоҳ ўғил, хоҳ қизлигига қарамай, авлод-аждодларига садоқат билан яшашни ўргатиши шарт. Бу борада шажара тузиш,унинг бардавомлигигига эришиш ғоят муҳим. Ана энди ШАЖАРА нинг ўзи нима эканини аниқлаб олмоқ мақсадга мувофиқ. "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да унга қуйидагича шарҳ берилган: "Маълум бир уруғ авлодларининг келиб чиқиши ва ўзаро қариндошлик даражасини изчиллик билан санаб кўрсатувчи рўйхат, тарих, силсила". Мазкур рисоламиз ибтидоси Мўминовлар сулоласининг шажарасидан тартиблангани ҳам бежиз эмас. Ахир бугунги авлоднинг борлигию бардавомлиги Мўминбой Хожибой ўғлига бориб тақалади-да. Аслида бу инсон ҳам неча-неча асрлар бағрида туғилиб яшаган улкан бир шажара - ёхуд илдизлари бут дарахтнинг бир шохидай гап. Унинг япроқлари эса - фарзанду набиралари, эвараю чевараларидир.

Юқорида биз Мўминбой ва унинг оиласи ҳақида мухтасар маълумотлар келтирдик. Энди навбат у кишининг зурриёдларидан бири бўлмиш Абдужалилхон ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳикоямизга. У 1930 йил 15 июнда Наманган шаҳрининг Ғишткўприк даҳасида дунёга келган. Ўз умрини Наманганда кино санъати тар­ғиботига бағишлаган. Яъни шаҳардаги "Баҳор" ва "Машраб" кинотеатрларида фаолият юритган.

Тақдир Абдужалил Мўминовга Раҳимахон Раҳимовадек педагоглик касбини эгаллаган зиёкор ва оқила аёл билан турмуш қуришни насиб айлади. Улар қирқ йилдан зиёд бирга яшашди. Афсуски, Раҳимахон ая кексалик гаштини сура олмадилар. 61 ёшларида 1992 йили 15 апрелда ёруғ оламдан кўз юмдилар. Бироқ мунис ва меҳрибон, болапарвар ва элсевар, тарбиячи ва устоз аёлдан ҳаётда, одамлар қалбида эзгу хотиралар қолди. Қанчадан-қанча болаларга муаллималик мақомида бошланғич таълим сабоғини, она тили ва адабиёт билимини берган бўлсалар, маҳалла фаоли сифатида кўплаб ёш оилалар бузилиб кетишининг, фар­занд­лар етимликка дучорланишининг олдини олиш, урушганларни яраштириш билан беадад савобларга мушаррафликдан кўнгиллари мунаввар тортгани ҳаётий ҳақиқатдир. Энг муҳими, бундай хайрли амаллар қилишга тўла маънавий ҳақлари борлигидадир. Чунки, ўзлари 7 ўғил-қизни вояга етказган, халқ хизматига йўллаган намунали оила бекаси эдиларда. Абдужалил ака билан биргаликда Олимжон, Одилжон, Тоҳиржон, Насиба, Соҳиба, Солихон ва Муҳайёхонларни худди ўзларидек эл корига ярайдиган ҳалол ва фаол инсонлар қилиб вояга етказишган.

Аҳил оила раҳномалари - Абдужалил ака ва Раҳимахон аялар барча фарзандларининг қизиқиши, уқуви ва салоҳиятига алоҳида эътибор билан қарашди. Керакли рағбатларини ўз вақтида беришди, камолотлари учун астойдил қайғуришди. Шу боис, улар олий ва ўрта махсус таълим олишиб, турли касбларни эгаллашади.

Олимжон - Наманган давлат педагогика институтининг (ҳозирги Наманган давлат университетининг) физика факультетида тахсил олди.

Одилжон - Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги Фарғона давлат университетининг) тарих ва ҳуқуқ факультетида ўқиди.

Тоҳиржон - Бухора кооператив техникумида сабоқ чиқарди.

Насиба - Наманган тиббиёт техникумида ҳамширалик касбини эгаллади.

Соҳиба - Наманган давлат педагогика институтини (ҳозирги Наманган давлат университетининг) бошланғич таълим методикаси факультетини тугатди. Солижон - Андижон давлат тиббиёт институтининг врачлик дипломига эга бўлди.

Муҳайё - Наманган тиббиёт техникумида ҳамширалик бўйича таҳсил кўрган эди. Афсус 2003 йили 21 ёшида орамиздан кетди.

Катта оила раҳнамоси Абдужалил ҳожи бахти бекам, пиру бадавлат инсон сифатида эътироф этилишига ҳар жиҳатдан ҳақли эди. Ўзи бир кам дунёда шунчалик толе табассумидан баҳрамандлик унча-мунча оталарга насиб қилавермаслигини яхши биламиз. У кишининг бахти шундаки, фарзандлари мўмин-қобил бўлиб камолот касб этишди. Ҳаммалари оталарига раҳмат келтиришди. Айниқса, Солижон.

Отахон бир вақтлар, янаям аниқроғи, 1966 йили 36 ёшида юрак инфарктини бошдан кечирганида, моҳир шифокорларнинг муолажалари туфайли уч ойдан сўнг фаол хизматга ярайдиган даражага қайтганида кўнглининг бир бурчида фарзандларидан бири врач бўлишини орзулаганини, орадан тўрт йил кечиб, тўртинчи туғилган ўғли - Солижонни шу орзуси кўшкидаги фарзанд сифатида тасаввурлаганини унинг яқинлари ҳамон эслашади. Ва айни вақтда Солижонни ота орзусини ушалтирган, йиллар давомида Абдужалил Мўминовнинг умри узайиши учун акалари ва опа-сингиллари билан астойдил кеча-кундуз жон куйдирган ўғил сифатида ҳам яхши билишади. Балки шундандир отахоннинг инфарктдан кейин ҳам қарийб 40 йил яшаганликлари.

-Дадамиз бизнинг фахримиз эдилар, - дейди ота ишининг давомчиси "Медиатр сервис" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тоҳиржон Мўминов. - Ёнларида бирга ишлаб, яхши фазилатларини ўзлаштириб асло кам бўлмадим. Бирор кишидан тирикликларида ҳам, ундан ке­йин ҳам ёмон гап эшитмадик. Фақат "Абдужалил қўли очиқ, эҳтиёжмандларга эътиборли инсон эди" деган эътирофдан кўнглимиз тоғдек кўтарилади, шундай одамни фарзанди эканимиздан жуда-жуда қувонамиз, мамнунлик туямиз. Укам Солижонда эса, отамиздан ўтган бундай эзгу хислатлар ҳаммамиздан кўраям зиёда.

Наманганнинг таниқли инсони, аҳолига кино хизмати кўрсатишнинг фаоли, ўз соҳаси фахрийси Абдужалил Мўминов 2007 йилнинг 21 февралида оламдан ўтди. Унинг элу юрт ишига фидойилигию, фарзандлари камолотига юксак эътибори ҳамиша ибратга ва ҳавасга арзигули бўлиб қолаверади. Мўминовлар шажараси шаънини, шарафини ҳар нарсадан азиз ва муқаддас билгучи фарзанду набиралар аждодларига муносиб ворислик мақомини доимо барқарор тутишларига ишончимиз комил. Халқимизнинг "Илдизига тортади япроқ" нақлининг тилдан тилга ўтиб юриши замирида шу ҳаётий ҳақиқат мужассам бўлса ажаб эмас.

Биз эса ушбу рисоламизда шу сулоланинг энг фаол вакили сифатида Наманган вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, икки муддат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси мақомида ҳам астойдил фаолият олиб борган Солижон Мўминовнинг ҳаётга ва меҳнат фаолиятига чизгилар беришга жазм этдик. Бундан мақсад асло уни мақтаб, кўкларга кўтариш эмас, фақат элу юрт равнақи йўлида сидқидил иш юритиб, минг-минглаб оқ халатли нажоткорларга бош-қош бўлиб, Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши раиси сифатида ташкилотчилик ва ташаббускорлик кўрсатаётган ёш замондошимизни тасвирлаш орқали унинг ибратли умрини бошқаларга ўрнак қилиб ифодалаш, холос.

 

УМР БЕЗАКЛАРИ

 

Азиз асримизнинг азиз онлари

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла

Безамоқ вақтидир умр дафтарин.

                                          Ғафур Ғулом.

Инсонга Аллоҳ томонидан бир борагина бериладиган умр аталмиш бебаҳою бетакрор неъматнинг қадрига етадиганлар бу дунё­да беармон яшаб, ўзларидан яхши ном қолдиришади. Манзур ҳулқу одоб, меҳнаткашлигу ғайрат-шижоат, чуқур билиму эзгу амаллар одам умр дафтарининг безакларига айланиб бораверади. Бошқача айтганда, чиройли сўз, чиройли иш, чиройли ҳаракат - ўз соҳибларига обрў-эътибор келтиради. Халқ назарига туширади. Мансабини юқори, мартабасини улуғ қилади. Гарчи умр қувончли ва қайғули кунлардан иборат бўлса-да, ҳаёт ундайларни шодликларга тўла бахтли онлар билан керагича сийлайди, бошидаги ташвишларини осонгина аритади. Саодатли йилларнинг зарвароқли умр дафтарини боқий безаклари билан тўлдириб юборади. Худди шифокор, олим, раҳбар, партия ва давлат арбоблари сафида ўз ўрнига, ўз қобилият ҳамда салоҳиятига эга бўлган, қалби эзгуликларга лиммо-лим инсон Солижон Жалилович Мўминов сингари. Эндиликда у эллик ёшлик айёми бўсағасида, яшаб ўтган йиллару, босиб ўтган йўлларига мамнун назар ташлашга нақадар ҳақли, десак сира-сира янглишмаймиз. Болалиги ҳам, ўсмирлиги ҳам, ёшлиги ҳам бесамар эмас. Аксинча, камолотнинг юксак зинапоялари бўлган йиллар гўё уни олқишлаб қолаётгандай. Ҳикоямизни шулар ҳақида тартиблаганмиз.

1970 йил 1 июнь. Наманган шаҳрининг Ғишткўприк даҳасида бар чақалоқ дунёга келди. Абдужалил ака ва Раҳимахон аянинг шодлигу орзу-умидларини эгизаклади бу бола. Не бахтки, уч оға-инилар - Олимжон, Одилжон ва Тоҳиржоннинг ёнига тўртинчи ўғил қўшилди. Исмини Солижон дея аташди. Қора кўз, қора сочу қора қош ёқимтой болакайни опалари Насибахон ва Соҳибахонлар бири қўйиб, бири суюшарди. Абаларининг қўлларидан олиб, кўтарганлари - кўтарган, кейинчалик юрадиган бўлганида етаклаганлари-етаклаган эди. Акаларининг кўнгиллари эса, қаторларида Солижон турмаса сира тинчимасди. Ана шундай меҳр қуршовида кечди унинг беғубор болалиги.

"Бўлар бола бошидан маълум" деганларидек Солижоннинг билимга чанқоқлиги, тенгдошларининг олдинги сафида юриши учун бор кучу бор ғайратини сарф эта олиш салоҳияти куртаклари ўша ўқувчилик пайтларида (1977-1987 йилларда) пайдо бўлиб, йилдан йилга ривожланди. Баркамоллик касб этишида онасининг рағбатлари ҳам отасиникидан кам бўлмагани айниқса муҳим роль ўйнади.

Шу ўринда она томонидан ҳам Солижоннинг шажараси улуғ инсонларга туташлигини эслаб ўтишимиз бизнинг тасаввурларимизни янада бойитади. Онасининг отаси Раҳимжон Каримов Наманганнинг пешқадам илмдорларидан эди. Элу юртнинг фидойи инсонлари қаторида ўз умрини Ватани ва миллати равнақига бахшида этаётган чоғида Шўролар давлатчилигининг "ишончсизлиги" қурбонига айланди. Аниғи туҳмат ва бўҳтонлар билан атайлаб "халқ душмани"га айлантирилди. 1899 йилда туғилган бу инсон атиги 39 йил умр кўрди. 1938 йилнинг 11 мартида қатоғонга учради, янаям очиқроқ айтсак - отувга ҳукм қилинди.

(Давоми бор).