Юртдошим, замондошим, огоҳ бўл, ҳушёр бўл, лоқайд турма ҳеч. Бугун дунё­нинг аксарият мамлакатларида ажал уруғини сочиб турибди коронавирус деган балою офат. Кўряпмиз, биляпмиз дунёга донғи кетган сиз билан биз энг қудратли давлат деб тан олган Америка Қўшма Штатларидек мамлакатда ҳам аҳвол тобора танглашиб бормоқда. Аҳоли ўртасида ўлим жиҳатидан дунёда биринчи ўринга чиқиб олди. Нега? Нима учун? - деган савол туғилади ўз-ўзидан. Жавоб мавҳум эмас, аниқ: улар ғафлатда қолди, улар ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўришга кечикди. Энди эса, жабр­ни бегуноҳ халқи тортяпти. Шундай бой мамлакатда ҳам тиббиёт ожиз қоляпти. Ожиз қолмаганда ҳам кўрсатилаётган хизматнинг ҳаддан зиёд қимматлиги аксарият оддий фуқароларнинг бенажот жон таслим қилишига олиб бормоқда. Чунки, бир ҳафталик муолажа нархи 42 минг долларга тўғри келаётгани аччиқ ҳаётий ҳақиқатдир ёки талофати ғоят аянчли Италияда ҳам аҳвол мушкулдан-мушкул. Сунъий нафас олдириш аппаратининг кунлик хизмат баҳоси 500 евро экан... Оқибатда оддий халқ бундай аппаратдан муолажа олишга қодир эмас.

Бизнинг Ўзбекистонимизда-чи? Коронавирусга қарши тиббий тадбирларнинг ҳамма-ҳаммаси халққа бепул. Давлат ҳисобидан. Мамлакатимизда у бойми, камбағалми, ёшми, кексами барча фуқарога бирдай меҳрибонлик муҳити ҳукмрон. Даволаш муолажалари беминнат. Хизматдаги шифокорлар эса алоҳида рағбатга, мукофотга, сийловларга сазовордирлар. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан оталарча ғамхўрликлари туфайли кўзга кўринмас "ёв"га ўз вақтида керакли ғовлар қўйилди. Барча жамоат жойлари, барча аҳолининг уйлари назоратда, ҳимояда. Хориждан қайтганлар 14 кунлик кузатувдан ўтишгач, таналарида вируснинг борлигига мутлақо шубҳа қолмагач, тўла соғломлаштириш учун терапевтик реабилитацияга кузатиб қўйилмоқда. Вирус юқтиргани аниқланганлар зудлик билан алоҳида ажратилиб, даволатишга ётқизиляпти. Ўлимлар сони камдан-кам, одамларнинг ҳаёти имкон қадар сақлаб қолиняпти.

Биз шундай инсонпарвар давлатимиз борлигидан, Юртбошимиз ўз фуқароларини вақтида давлатимиз паноҳига олиб, бошимиздаги балолардан асрашда чинакамига халоскор бўлаётганликларидан беҳад фахрланишимиз зарур. Ҳатто фахрланишнинг ўзи камлик қилади. Яна ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда уйдан чиқмай, уйда ишлаб, уйда ташқи олам билан алоқада туриб қўлимиздан келган ёрдамимизни, кўмагимизни бирор лаҳза тўхтатмаслигимиз шарт.

Ҳурматли ҳамюртлар, уйингизда қолиб, уйингизда ўтириб коронавирусга қарши умумхалқ курашида фаол қатнашинг!

Содиқ САЙҲУН.