чунки ундан ақлу кўнгил озиқ олади
Ҳаммамиз кўриб-билиб турганимиздай XXI асрни интернет, компьютер асри дейишга қанчалик одатланмайлик, яна бир ҳаётий ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди. Яъни учинчи минг йилликнинг бошланишидаги ўзгаришларда, айниқса, илм-маърифат ва адабиётдаги янгиликларда китобнинг ўрни ҳамда роли икки ҳисса ортиб кетди. Ўтган асрда мамлакатимизда фақатгина босма нашрлар тарқатилган бўлса, эндиликда электрон тури ҳам кўпайгандан кўпаяётгани аниқ. Лекин мутолаасига муносабатни мақтай олмаймиз. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йили қабул қилган китоб чоп этиш, тарғиботини замон талаблари даражасига кўтариш, мутолаа маданиятини ошириш борасидаги Фармойиш ва Қарорлари айни муддао бўлди. Вилоятимизда бу борадаги дастлабки ишлар чакки эмас, албатта. Айниқса, вилоят нуронийлари етакчиси, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Икромхон Нажмиддиновнинг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан яратилган "Одобимиз - миллат кўзгуси" китоби шундан далолат беради. Унга ахлоқ-одоб ҳақидаги буюк мутафаккирлар, ижодкорлар, бобо ва бувилар, ота-оналарнинг сўзлари, панду насиҳатлари, ҳикматлари, ҳикоя, шеър, эссе ва мақолалари жамланган.
Тўплаб нашрга тайёрловчи иқтисод фанлари номзоди, доцент Раҳмонжон Эгамбердиев китобнинг ўқимишли, қизиқарли ва мазмунли чиқиши учун астойдил изланганини мутолаа асносида англаб етамиз. "Одоб - бойлик, уни ҳаётда қўллаш - комиллик" сарлавҳали муқаддимада таъкидланганидек: "Агар Сиз яхши китоб ўқисангиз,ўзингизни кучли, билимли, ор-номусли сезасиз, яъни инсондаги эзгу хислатларни китоб тарбиялайди, китоб инсонга қанот бағишлайди". Мазкур тўплам ўнлаб китоблардаги дурдона фикрларнинг сара сайланмасидир. Дунё, айниқса, Шарқ олами алломалари тафаккурининг ноёб тарбиявий-фалсафий битиқларини бефарқ ўқий олмаймиз. Ақлу шууримиз қувватланади. Инсонни инсон қилиб турган одобининг моҳияти мушоҳадасига бериламиз. Гўё ўзимизни ойна олдида ҳис қиламиз. Қайси фазилатларимиз бошқаларга ибрат мақомига етиши кераклигини, қайси нуқсонларимиздан фориғланишимиз зарурлигини идроклаймиз.
"Инсоннинг энг гўзал, энг тўғри ва энг жиддий меъёри ҳаё ва одобидир". Бу уқтирги улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг қаламларига мансуб. Аслида китобни шу каби кўплаб ҳаётий ҳикматларнинг, уларга мосу монанд ҳаққоний ҳикоятларнинг мўъжаз "сандиғи"га таққослашимиз жуда жоиздир. Зеро, одоб, хуш хулқ - инсоний муносабатларга сув ва ҳаводек ҳаётбахш этиб тураверади. Усиз одам одамлик қиёфасини йўқотиб қўяди. Зоти шарифлик одоблилик билан эгиз тушунча. Одоб болаларнинг ҳам, катталарнинг ҳам доимо қадрини ва қаддини кўтаради, жамиятга муносиб аъзолигини кафолатлайди. Аввало, халқ оғзаки ижодидан бу борада керагича сабоқланишингиз мумкин. Тўпламда худди шу мавзудаги ҳикматона сатрлар анчагина. Уларни ўқибгина қолмай, мағзини чақиш ва уқиш билан намунали шахсга айланишга мойиллигимиз кучайиб бораверади.
Одоб - тарбия меваси. Тарбия гўёки жамият аталмиш ҳадсиз боғнинг боғбонлари зиммасидаги иш. Ҳар уйнинг боғбонлари ота-оналар ҳисобланишади. Китобда келтирилган Абдулла Авлоний иборалари билан айтганда: "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир". Шу боис "Бола тарбияси хусусида", "Ҳаётга йўл оиладан бошланади", "Соғлом бола - соғлом муҳитда вояга етади" сарлавҳали мақолаларда илгари сурилган ғоялар, ибратли умр лавҳалари ғоят эътиборга молик.
Тўплам тартибловчиси китобдаги мавзуларни ўқувчиларга аниқ, лўнда ва тушунарли тарзда етказишга астойдил ҳаракат қилганини пайқаш қийин эмас. "Ёшлар - одоби", "Устоз ва шогирд одоби", "Ўғил одоби", "Қиз одоби", ҳатто "Илм одоби" ҳақидаги мухтасар мақолаларни топасиз. Ҳар бир мавзуни бойитиш мақсадида ҳадислар,мақоллар, ҳикматлар, мухтасар ривоят ва ҳикоятларгача қўшиб қўйилган. Фақат шуларгина эмас, китобхонларга "Телефонда сўзлашиш одоби", "Сафар одоби", "Қўшничилик одоби", "Суҳбат одоби", "Муомала одоби"гача танишиш имкони яратилган.
Диққатга лойиқ яна бир жиҳати шуки, устоз қадр-қиммати масаласи бобида "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими томонидан 2019 йилда амалга оширилган эзгу ташаббус тарғиботига алоҳида саҳифалар ажратилган. Чунончи, таниқли журналист, меҳнат фахрийси, "Эл -юрт ҳурмати" ордени соҳиби Равшанбек Мирзаолимовнинг "Наманган ҳақиқати" газетасининг ўтган йил 19 июнь кунги сонида ёритилган "Устозни қачон йўқладингиз?" мақоласига ҳам ўрин берилган. Бу бесабаб эмас. Мақолага жамғарма раиси Икромхон Нажмиддинов томонидан ўз вақтида муносиб муносабат кўрсатилган. Вилоят ҳокимига Наманган тажрибаси сифатида ҳар ойнинг охирги пайшанбасини "Устозларни йўқлаш куни" деб аташ таклифи билдирилган. Ташаббусни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров маъқуллаб, қўллаб-қувватлаб фармойиш ҳам қабул қилган. Булар ҳам тўпламда акс эттирилгани китобхонларнинг ғоят долзарб янгилик ва ташаббусдан бохабарлигини таъминлайди.
Мазкур янги китоб маънавий-тарбиявий ишларни олиб боришда маҳаллаларда, олий таълим даргоҳларида, мактаб, лицей ва коллежларда ғоят фойдали услубий қўлланма ва тарғибот-ташвиқот манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун уни кўп нусхада тарқатиш мақсадга мувофиқдир.
Олим - ижодкор Раҳмонжон Эгамбердиевнинг саъй-ҳаракатлари билан яратилган мазкур тўплам Наманган муҳандистлик - технологиялар институти илмий Кенгаши томонидан босишга тавсия қилинган. "VODIY MEDIA" нашриёти кўп нусхада чоп этган. Унинг қиммати ва аҳамияти каттаю-кичикнинг тарбияси учун зарур қўлланма тарзида анча мукаммаллик касб этганидир, десак асло янглишмаймиз. Ёки "Одобимиз - миллат кўзгуси" ўзбекона одобнома китоблари қаторига Наманганда қўшилган ўзига хос оммабоп маънавий-маърифий туҳфадир. Яхши китоб бебаҳо жавоҳирлигини назарда тутсак, янги тўплам китоб жавонимизни ҳам бойитади, ҳам безайди.