Касаллик тан офати,

Инсон умри овқати.

* * *

Болаликдан чиниққан -

Тани сиҳат-тиниққан.

* * *

Парваришла тишингни,

У асрайди ичингни.

* * *

Соғлиғингда ўзингни асра,

Кўриб турган кўзингни асра.

* * *

Ичиб-еганларинг гар бўлса тоза,

Касаллик илашмас, йўқдир муроса.

* * *

Узоқ умр - соғликдан,

Бу ўзинггга боғлиқ тан.

* * *

Соғ одам энг бахтиёр,

Бой берма беихтиёр.

* * *

Соғлиқ омонат танда,

Сезамиз йўқотганда.

* * *

Вақти чоғнинг - тани соғ,

Тани соғнинг - вақти чоғ.

* * *

Тоза сув, тоза ҳаво,

Соғлиқ сақловчи даво.

* * *

Соғлиқ - ҳаёт ва мамот,

Сақлай олмас беомад.

* * *

Танга ҳаловат парҳез,

Ушласанг, соғсан ҳар кез.

* * *

Ким дарддан сақлар ўзин -

Умрин қилади узун

* * *

Фойдали доим парҳез,

Амал қил унга ҳар кез.

* * *

Парҳезни қаттиқ тутар-

Касални тез унутар.

* * *

Юрсанг соғу саломат -

Шудир энг катта омад.

* * *

Қаер покиза, тоза -

Касаллик тутар аза.

* * *

Танангда турса оғриқ -

Дунё кўринмас ёруғ.

* * *

Касални ким қаритар -

Тану жонин хор этар.

* * *

Чанг, ғубор зарра-зарра

Соғлиққа тутар арра.

* * *

Касаллик танга жабр,

Жонга кавлайди қабр.

* * *

Тоза овқат, тоза қўл -

Мустаҳкам соғлиққа йўл.

* * *

Ҳўл мевани ювишинг -

Касалликни қувишинг.

* * *

Соғлом юрмаса аёл-

Соғлом бола хом хаёл.

* * *

Шифобахшу ҳар мева,

Нафсинг тийиб кўп ема!

* * *

Шифо истасанг ҳар дам-

Руҳингни тутгин бардам.

* * *

Танинг турса саломат-

Тенгсиз ҳузур-ҳаловат.

* * *

Покиза тут уй-жойинг,

Соғломликдир чиройинг.

* * *

Хасталик - ёв, истима,

Дори - тузоқ, пистирма.

* * *

Она тўйса, бола тўқ,

Муаммоли ҳолат йўқ.

* * *

Она бўлса қони кам -

Нимжон ўсар гўдак ҳам.

* * *

Меъёрдан ошса овқат,

Танни қилар бетоқат.

* * *

Касал танни қиздирар,

Куч-мадорни тўздирар.

* * *

Касалдан оғриқ турар,

Тез қувмасанг қутурар.

Содиқ САЙҲУН.