Таниёлмай қолган танишлари таърифи

Ёзнинг бебулут осмони юлдузлардан файзиёб. Уларга боққан инсон туннинг тундлигини унутади. Гўёки кўнглига нигоҳлари оғушидаги юксакликдан юксаклик излайди, овунч ахтаради. Шифохонадаги навбатчилигини деярли тик оёқда бедор ўтказаётган Ҳасанбой жарроҳ сўнгги операцияни ҳам муваффақиятли якунлагач, тоза ҳаводан нафас олиш учун ташқарига чиқди. Гулзор қирғоғидан аста юриб, ўтирғичлардан бирини банд этди. Ҳозиргина ҳаётини сақлаб қолган боланинг ота-онасидан эшитган "Раҳмат, дўхтир!" сўзлари таъсирими ҳорғинлиги чекиниб, дили яйраётганди. У беихтиёр кўкка тикилди. Сон-саноқсиз жилвагар юлдузлардан бирининг ногоҳ учганига кўзи тушди-ю, "Ҳайрият, бугун ҳам биздагиларнинг юлдузи учмади. Бемор болани ўлим чангалига бериб қўядиган аҳмоқ дўхтир йўқ" дея ўзига-ўзи шивирлади. Мамнун кайфиятда ўрнидан турганида тонг ёриша бошлаганди...

* * *

Кунлардан бирида "Ҳакимлар хонаси"да касаллик тарихи варақларини қайдлар билан тўлғазишга энди вақт ажратганди эшик тақиллади.

- Кираверинг, - деди у қоғоздан бош кўтармай.

Остонада оппоқ соқолли чол ва ортида йигит пайдо бўлди.

- Ассалому алайкум, дўхтир!

У дарров меҳмонларга қараб, алик олди. Икковларини ўтиришга таклиф этаркан, "Хўш, хизмат?" дегандай чеҳраси ёришиб тикилди.

- Танимаяпсиз-а? - Чол жилмайди. - Қанақасигаям танирдингиз, орадан анча йиллар ўтди. Манаву ўғлимни ўн икки ёшлигида даволагансиз. Ўшанда боламни ҳовлимиз этагидаги эски қийшайган девор босиб, биз бехабар беҳуш қолиб кетган, кейин билибоқ сиздан нажот кутган эдик. Янгиқўрғонданмиз, орадан ўн беш йил кечган бўлсаям сизни унутганимиз йўқ.

- Кирганингиздаёқ юзларингиз иссиқ кўринди,- деди Ҳасанбой жарроҳ эслашга уриниб.

- Ўшанда оёғи ичидаги суяклари синиб, тиззасидан товонигача шишиб, кўкариб кетган ҳолда келтиргандик, - яна чолнинг ўзи оғиз очди.

- Бўлди-бўлди, ёдимга тушди, - деди врач ҳушёр тортиб. - Газли гангирена эди.

- Ҳа, баракалло, худди шундай бўлганди, - меҳмоннинг юзига табассум югурди. - Тўрт-беш кун даволадингиз, бироқ тўпиқдаги шиш тепага кўтарилаётганини аниқлаб, ташвишли бош чайқадингиз. "Биламан сизгаям оғир, болангизнинг оёғини кесмасак, кундан-кун баттарлашади, қорасонни тўхтатишнинг бундан ўзга иложи топилмайди", дедингиз хомуш тортиб. Биз ота-бола бир-биримизни қучоқлаб роса йиғлаганмиз. "Ўйлаб кўринглар вақт жуда қисқа, ўғлингизнинг яшаш имко­ниятини қўлдан бой бермайлик!" дея ўтингандингиз яна боламнинг умрига қайғуриб.

- Ана энди эсладим,- Ҳасанбой жарроҳнинг хотираси панд бермади.- Эртасига эрталаб хонамга шошганча кириб келгандингиз.

- Тинчликми? - сўрагандим ҳайратланиб. "Ўғлим уйқудан турибоқ, дўхтирга тезда айтинг, мен розиман,- деганини етказгандингиз. Боламнинг тушида сочу соқолигача оппоқ нуроний киши келиб, унинг бошу, оёқларини силаб, "Дўхтирнинг гапига хўп дегин, умринг узоқ бўлади!" дея насиҳат қилганиниям орқасидан қўшиб қўйгандингиз.

- Ўша сизнинг тиғингиз туфайли ҳаётдан ризқу-насибаси узилмаган бола мана бугун рўпарангизда - йигирма етти ёшли йигит, ўзиниям шириндан-ширин фарзандлари бор. Наманганга тушгандик, жуда-жуда кўргимиз келди.

Чол кафтларини дуога очди. Аллоҳ Сизнинг нажоткор ва сеҳрли қўлларингизни ҳеч вақт куч-қувватдан қолдирмасин! Одамларга энг қимматли бойлиги - соғлигини қайтаргувчи ақл-идрокингизга, зеҳну салоҳиятингизга ҳамиша ўткирлик бахш айласин! Болалари соғайган ота-оналарнинг олқишларидан баҳрамандлик бахти сизни асло-асло тарк этмасин!..

Уларни кузатиб, ортидан тикилиб қолган врач кекса отасини етаклаволганча протез оёқ билан илдам-илдам қадам ташлаётган йигитнинг айни пайтдаги толеига дахлдорлигидан қалбида беҳад фахр туйди.

* * *

Бугун у ҳар кунгидан барвақтроқ ишга отланди. Қиёт қишлоғидан Наманган шаҳри томон елдек елиб бораётган "Жигули"си рулини нуфузли идора томон бурди. Ечилмаётган муаммони зора эрталабда ҳал этиб, шифохонага хотиржам етиб борса. Бошлиқ қабулхонасига қадам қўйганида қўшқават эшик олдида бир неча киши навбатдайди. Котиба масъул лавозимдаги шахснинг ҳозир етиб келишини маълумлаб, йиғилаётганларнинг кўнглини тўқ қилди. Лекин Ҳасанбой Жумабоев дам соатига, дам одамларга қараб, юраги сиқилди. Наҳот кириб-чиқиш учун анча вақти елга совурилса, соат 10 лардаги операцияга ҳозирланиши шарт-ку. Ё бугунги ишни бошқа кунга қолдирсинми? У сабрсизланиб, иккиланиб тураркан, барча бирдан ўзини четга олди. Башанг кийинган, басавлат раҳбар қабулхонада пайдо бўлди. Каттами-кичикми, барибир бошлиқ деганнинг сири бор-да, ҳамма жимиган, қўл қовуштирган ҳолатда. Қўлига зарур қоғозларни ушлаб олган врач ҳам ўзини четга тортиб турганди-ю, шунча одамлар қолиб, раҳбарнинг кўзи унга тушди.

- Ие, Ҳасанбой ака, сиз нима қиляпсиз бу ерда? - деди сўрашгани қўл чўзиб. - Қани, ичкарига юринг-чи, қарзимизни узадиган пайт ўз-ўзидан келибди-да.

У хурсанд бўлиб, орқама-орқа хонага кирди.

- Мени танимаётиганингиз табиий, албатта, - деди раҳбар йигит салмоқлаб. - Ўшандан буён қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтди. Бу ёруғ оламда ўзи учун яшаб юраверадиганлар ҳар қадамда учрайверади-ю, ўзгалар учун яшайдиганлар эса афсуски унчалик кўп эмас. Сизни мен ана шу камдан-кам одамлар тоифасида кўрганимгаям йигирма йиллар кечибди-ёв. Балки исмимниям унутворгандирсиз, балки сиз учун одамлар ҳаётини сақлаб қолишга интилиш оддий юмушдир, лекин азоб чекиб, яшайманми - ўламанми деган икки хаёл ўртасида омонат жонини ҳовучлаб ётганлар учун бу жасорат, бу мўъжизакорлик, бу фидоийлик!

Ҳасанбой жарроҳ раҳбарнинг таърифу тавсифларидан бироз ўнғайсизланса-да, унинг бежизга шундай мансабу мартабага эришмаган экан, деган иқрорликниям кўнг­лида туйди. "Менинг қўлимдан шифо топиб, элу - юртга ҳалол ва фаол хизмати билан юқори обрў-эътибор қозонганлар ҳам бор экан. Бир болани соғайтириш минг-минглаб инсонларга наф етказишга баробарлигини ҳозиргача нега ҳис қилмабман-а", деган ўкинчниям хаёлидан ўтказди.

- Ҳозирги Ботирбек Алимбекович сизнинг шифохонангизда шифтга тикилиб, ҳаётининг сўнгги онларини кутиб яшаётган ўша рангпар, нимжон ва камгап бола эди, - ўз-ўзидан яна гапга тушиб кетди раҳбар. - Ўпкамдаги йирингни икки бор олиб ташлашди-ю, аҳволим унча ўнгланавермагач, дўхтирларнинг хафсаласи қолмади чамаси. Уларнинг "Операция сўнгги чора эди. Энди бефойда. Ичини очаверганимиз билан болани қийнаяпмиз, холос. Осонгина кўз юмишига имкон берайлик!" деган гапларини ногоҳон эшитиб қолдим. Даҳшатга тушдим. Умидим сўнди. Ҳатто ота-онамгаям миқ этмай қўйдим. Ойим бечорага жудаям ачиндим. Бошимда юм-юм йиғлардилар. Эртага жавоб беришларини айтишгани учун тушкунликка берилгандилар. Шу пайт сиз палатага кириб келдингиз. Мен кўзимниям очмадим. Овозингиздан танигандим.

(Давоми бор).