Маҳалламиз номи "Ободон". Номига яраша йил са­йин гўзал ва кўркам бўлиб бормоқда. Фақат уйларимизгина эмас, кўчаларимиз қирғоқларию 16-умумтаълим мактабимизнинг ҳовлисигача тобора кўркам ва мафтункор тусга кираётганидан баҳри дилимиз очилиб, кўнгилларимиз беҳад яйрайди. Қаёққа қарамайлик, баҳорий уйғониш, яшариш ва янгиланишни кўрамиз. Бодомларнинг ғуж-ғуж гуллари бу йилги мўл мевасидан нишона. Толларнинг куртаклари бўртиб, эрта-индин сочпопукка айланади. Атиргуллар янгитдан наҳламоқда. Қуёшнинг тафти бутун борлиқа жон киритаётир.

Уйимизга яқин далалар қирғоғидаги ариқлар бўйида митти-митти ялпизлар бош кўтарди. Дугоналаримиз билан тергани борамиз. Янги ўсиб чиққан жағ-жағу отқулоқларгача назаримиздан қолмайди ҳеч биримизнинг. Улардан тандиримизга кўк сомса ёпамиз, қозондаги таомлармизга ҳам таъм киради, ифор тўлади. Оиламиз дастурхонидан яна қут-барака аримайди.

Айниқса, ҳаммани ҳаракатга соладиган дош қозон атрофида давра қурадиган сумалак мавсумига етиб келганимиздан беҳад суюнамиз. Айтишларича, бу таомни тайёрлаш анъанасининг тарихи қадим-қадимга бориб тақалади. Момоларимиздан қолган анъана бугун бизлар учун ҳам жуда қадрли. Баҳорни кутгандек сумалак базминиям интиқ кутамиз. Оналаримизга ёрдамлашиб, бу тансиқ таомни тайёрлашга ҳиссамиз қўшилганидан яйраймиз, уни қариндош-уруғларгача тарқатамиз.

Маҳалламиз кўчалари ўғил-қизлар билан гавжумлашаётганиям баҳор бошлангани туфайлидир. Варрак ясаб, ким баланд учириш мусобақасида қатнашишни хоҳламайдиган бола камдан-кам. Наврўз айёмида бизларни қизиқтирадиган ўйинлар авж­ланади. "Арқон тортиш", "Оқ теракми, кўк терак", "Беш тош", "Тез айтиш" каби қувноқ мусобақалар кўнглимизни бир олам шодликка тўлдириб юборади.

Катталарнинг байрам кунларидаги одату амалларидан ибрат оламиз. Аразлашганлар ўртасидаги гина-кудратлар барҳам топади, ярашишади. Меҳр-оқибат кучаяди. Ҳамма хокисор бўлиб, бир-бирига эзгу тилаклар изҳорлайди. Кексаларнинг тилларидан дуолар тушмайди. Биз шундай юрт, шундай халқ фарзанди эканлигимиздан беҳад ғурурланамиз. Президентимизнинг ишончларини оқлаш учун ҳамиша аъло ўқиб, юксак орзулар оғушида истиқлолли ватанимизнинг порлоқ истиқболи учун астойдил жон куйдириб, аждодларимизга муносиб авлод бўлишга муттасил интилаверамиз.

Ҳар кўнгилга завқ берар

Навбаҳорнинг Наврўзи.

Қадрдон қуёшимиз

Табиатнинг зардўзи.

Кирди ўлкамга ҳамал

Бу уйғониш палласи.

Боғу роғларда амал,

Авжда байрам ялласи.

 

Гулчеҳра НИЗОМИДДИНОВА.