Фасллар келинчаги ҳисобланмиш баҳор Наврўз айёми билан нақадар гўзал ва тароватлидир. Баҳорни Наврўзсиз, Нав­рўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоир ёзганидек, баҳорни узукка қиёс айласак, Наврўз шаксиз унинг ёқут кўзидир! Бу кўз қорачиғида акс этган гўзалликни тараннум этиш ҳар бир қаламкашнинг асл сўзидир! Маънавий қадриятларимиздан бирига айланган Наврўз ҳақида қанча нодир китоб­ларда дурдона сўзлар битилмаган дейсиз!

Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида Эрон подшоҳи бўлган Жамшид "янги кун"ни Наврўз деб атагани ҳақида ёзиб, шундай ривоятлар келтиради: "Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар".

Бу тарихий асарда яна шундай нодир фикрлар ўқиш мумкин: "Нав­рўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди... У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар".

Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Умар Хайёмнинг "Нав­рўзнома" асарларида ҳам Наврўз тарихига оид қимматли маълумотлар билан танишиш мумкин.

Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг "Садди Искандарий" достонида Наврўз байрами ҳақида шундай битиклар ўқиймиз:

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам...

Бу байрам қанчалик қадимий қадриятларимиздан бири бўлгани ҳақида таниқли журналист Шомуҳиддин Мансуров "Сиёвуш" сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: "Ислом дини хаёлда бўлмаган, Будда ҳали "туғилмаган" давр­ларда Кўҳистон деб аталган ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган битиклар - "Бундахиши"да унинг номи Сиёвахш, "Авесто"да эса Сиёваршан шаклида келтирилади". Муаллиф бу маълумотлар Бухоронинг Наршах қишлоғида туғилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган "Бухоро тарихи" китобидан олинганини таъкидлар экан, Сиёвуш бундан тўрт минг йиллар илгари яшаб ўтганлигини, демак хал­қимиз Наврўзни тўрт минг йилдан буён нишонлаётганини асослайди.

"Халқ Сиёвушни мангуликка, мангуликни эса Наврўзга қиёс қилади,- деб ёзади муаллиф. - Наврўз халқ севган қаҳрамонларни мангу ёдда қолдирган бўлса, ўз навбатида, халқ қаҳрамонлари Наврўзни мангуликка дахлдор байрамга айлантирдилар".