ёхуд Исҳоқхон Ибрат шеъриятининг даъваткор руҳи

Ўзбек шеъриятида XIX асрнинг иккинчи ярми ҳамда XX асрнинг биринчи чорагидаги мураккаб ҳаёт ўзининг анча ёрқин ифодасини топган. Фарғона водийси адабий муҳитида шаклланиб, камолот касб этган шоирларнинг ижодида оламшумул ижобий ўзгаришларга самимий муносабат билдирилган. Яъни улар кимлар томонидан яратилган ва бизнинг юртга қаерлардан кириб келганидан қатъий назар, миллатнинг онги ва турмуш тарзи юксалиши учун хизмат қиладиган янгиликларни ўзлаштиришга даъват этадиган шеърлар яратишди. Бу билан адабиёт ҳаётга яқинлашди, халқ манфаатига ҳамоҳанглик руҳи устувор даражага кўтарила борди. Шундай маърифатпарварлик кўпроқ Зокиржон Фурқатдан бошланган бўлса, ҳамюртимиз Исҳоқхон Ибратда ўзига хос равишда фаол давом эттирилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Намангандаги анжуманда: "... миллий уйғониш даврининг етук намояндалардан бири, Ватан ва халқ истиқболи учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат домла ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли" деб бежиз алоҳида таъкидламаган эдилар.

Агар биз серсалоҳият ижод соҳибининг адабий меросига, чунончи, унинг шеъриятига назар ташласак, ўз халқининг бугуни ва эртаси ғамида беҳад қайғуриб яшаган жонкуяр сиймо кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ул зот адабиётшунос Улуғбек Долимов айтганидай: "30 йиллик назмий ижодининг мажмуи бўлмиш "Девони Ибрат" шеърлар тўпламини яратди". Биз ҳозиргача мазкур девон билан бус-бутун ҳолда танишиш имкониятига эга бўлмадик. "Танланган асар"ларига фақат 25 та шеърлари киритилган, холос. Аслида улар кўп бўлгани аниқ. Биз ана шу тўпламдаги 5 байтли бир ғазални таҳлил қилишга уриндик. Инчунин, дарёдаги сувнинг таъмини билиш учун унинг бир томчиси кифоядир.

Ушбу ғазалда олға сурилган фикр ва маъно-мазмунга кўра ўтган асрнинг 20-йиллари бошларида ёзилганини сезиш қийин эмас. Исҳоқхон тўра ўша октябрь инқилобидан кейинги дастлабки эзгу ваъдаларни эшитиб, эзгу ҳаракатларга киришилганини кўриб, кўнглида ширин орзуларни туйган эди. Наинки дунёвий, диний илмни ҳам чуқур эгаллаган шоир ўз юртини тезда жаннат қиёфасига киришига қатъий ишонади. Ғазалнинг матлаъ - байти қуйидагича:

Бир неча йиллар ичинда шаҳримиз жаннат бўлар,

Бул тариқа бошчилар қилса ташаббуслар агар.

У аввало, раҳбарлар ўз юмушларига астойдил енг шимаришлари шарт эканини, ишловчиларнинг хатти-ҳаракати ишбошиларнинг ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги туфайли кутилган самара беришини яхши билган.

Ибрат ижтиҳоднинг, яъни саъй-ҳаракатнинг ҳал қилувчи аҳамиятини англаб, мақсад сари сафарбарликка тарғиботдан сўнг дунё аҳлига танилиш ва дунё аҳли тан олишига эришишга умидворлик изҳорлайди:

Халқни тарғиб этуб, ишга бўлурса ижтиҳод,

Саҳал кунларда бўлурлар жумлаи оламга сар.

Меҳнат инсонни завққа етказишини, бунга фақат ишчанлик билан мушаррафланишни уқтиради. Ишёқмасларнинг боши маломату хавфда эканидан огоҳлайди:

Ҳар киши иш ишласа, доим иши хурсандлик,

Ишламаслар ўз бошиға урғуси тиғи батар.

У одам учун ризқ-рўзу пул кўкдан ёғадиган нарса эмаслигини айтиш билангина кифояланмайди. Ҳар ким ўз юмушини ўзи қилиши кераклигидан, элдан умидланиб ўтиравериш бенафлигидан ўқувчини бохабар қилади:

Санга осмондин ёғурму ақча ё буғдойлар,

Қилма элдан сан умиду ўз ишинг ўзинг бажар.

Шоир шеърини шунчаки ёзишга одатланмаган. Ҳар бир сатрининг мағзини ўқувчи чақиб, тегишли хулоса чиқаришини истайди. Шу боис, ғазалнинг маъқтасида буни рўйи-рост ошкорлайди. Ва ниҳоят қандай тўхтамга келишини ҳамда қай ҳолатда нимага эришишини инсоннинг ўз хоҳишига, ўз ҳукмига ҳавола этади:

Ибрат олсунлар ҳама ишчи бунинг мазмунидин,

Ишласанг, қандингни ол, гар дангаса бўлсанг заҳар.

Шоир бошқа ғазаллари қатори бунисини ҳам равон тилда битган. Жимжимадор сўзлардан, мураккаб иборалардан холи шеър ғоят тушунарли, маънодор ва таъсирчан. Халқимизнинг бирор натижадан нафланганларга қарата: "Шундай бўлса, қандингни ур!" деб айтадиган олқишига қарама қарши ҳолатда "Агар ишлашни хоҳламасанг, насибанг заҳардир", деган фикрга ўқувчининг диққат-эътиборини қаратади. Бу билан унинг ўзига танлов имкониятини моҳирона қўя олган.

Бироқ, шоир яшаган ҳар икки жамиятнинг ҳукмрон табақалари тобе халқнинг юртини чинакамига обод қилиши қийин эди. Оқибатда бир неча йиллар эмас, бир неча беш йиллар мобайнида ҳам шаҳарлар ҳеч "жаннат" қиёфасини ололмади. Қайтанга юрт таланди, мамлакат тангликдан қутулмади, миллат тараққиёти учун курашга бел боғлаганларнинг қисмати аянчли кечди. Халқини ўйлаган, халқи учун эртанги нурафшон кунлар келишини орзулаган, бу йўлда фидоийларча заҳмат чекишга ўзларини чоғлаган Исҳоқхон тўра Ибрат каби инсонлар "халқ душмани" дея айбландилар...

Вақт барибир ҳақиқат юзини очди. Тарихнинг улар шаънига чаплаган "қора доғ"лари олиб ташланди. Аниқроғи, айбсиз айбдорлар оқланишди. Ўзлари жисман йўқ бўлишса-да, уларнинг ёзганлари яна элга хизмат қилишда давом этмоқда. Ибратнинг юқоридаги биргина ғазали мисолида буни тўла идрок этишимиз мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган беш йўналишдаги беш йиллик ҳаракатлар стратегияси белгиланиб, жадал амалга оширилаётган ҳозирги пайтда Ибратнинг мазкур шеърини алоҳида аҳамиятга эга, дейишга ҳақлимиз, албатта. Худди бугун ёзилгандек туюлади. Ўтган неча-неча йиллар тарихнинг қора кечмишига айланса-да, ҳамюртимизнинг мазкур ғазали қадр-қимматини заррача пасайтиролмайди. Аксинча, кучайтиради. Яхши биламизки, ёлғон кўпган ўтмиш жамияти халқ ва шоирнинг орзу умидларини саробга айлантирган эди. Истиқлолнинг эмин-эркинлик шароитида эса Ибрат айтган ижтиҳод - саъй-ҳаракат, раҳбар ва раҳнамоларнинг ташаббускорлиги, ташкилотчилиги эндиликда янги Ўзбекистонимиз жаннатмонанд жилосининг ҳал қилувчи омили бўлиб қолди.

Ҳозир улуғ шоиримиз Ибратнинг:

Бир неча йиллар ичинда шаҳримиз жаннат бўлар,

Бул тариқа бошчилар қилса ташаббуслар агар, -

деган байтини қатъий ишонч билан намангану тўрақўрғонликлар ҳам, андижону асакаликлар ҳам, фарғонаю қўқонликлар ҳам, борингки, бутун Республикамизнинг барча шаҳарларида яшаётган, истиқлол ислоҳотлари шарофатидан онгу шуурлари илму донишликка, кўнгиллари битмас - туганмас ғайрат -шижоатга, билаклар куч-қувватга тўлиб-тошган ўзбекистонликлар мамнун кайфиятда қайта-қайта такрорлашга тўла ҳақли десак ҳеч ким заррача муболағага йўймайди

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги 4-умумтаълим мактабнинг

она тили ва адабиёти фани муаллимаси.