Санъат - одамларни сеҳр оғушига олувчи, кўнгил аталмиш эзгу туйғулар боғини қуёшдек мунавварловчи илоҳий неъмат. Унинг оламида ноёб истеъдод соҳибларигина умрибоқийликка муносибланишади. Юксак қобилиятли наманганликларнинг бунга қодирликлари ҳаваслагудай. Инчунин, ўзбекнинг улуғ санъаткорлари сафида уларнинг ўзига хос овози, маҳорати, ўрни, мавқеи ва мартабаси баландлиги мухлисларда ҳамиша мамнунияту фахр ҳисларини уйғотиб келган. Ҳам халқимизнинг, ҳам давлатимизнинг эътирофига сазоворланганларнинг деярли барчаси азалдан Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма ва комедия театри саҳнасини файзу шукуҳга тўлдиришган. Афсуски, бугун уларнинг кўпчиликлари ёнимизда йўқ. Ижро этган ролларини, қўшиқларинигина эмас, ўзлари­ниям соғинамиз.

Истиқлол даврида шу соғинчларимизни аритишга асқотадиган китоблар бирин-кетин яратиляптики, мутолаа асносида қалбларимизга таскинлар иниб, ғоят ҳузурланяпмиз. Уларнинг таниш сиймолари кўз ўнгимизда жонланади, ижроларидаги ашулалари, ёқимли нолалари қулоқларимиз остида жаранг бергандек бўлади. Биз педагог-санъатшунослар Равшан Абдураҳмонов ва Олимжон Абдураҳмоновларнинг қаламига мансуб ҳам­юрт санъаткорларимиз ҳақидаги икки янги рисолаларини ўқиб, шундай ҳисларни туйдик.

Улардан бири - "Сўрамайсиз" Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев (1942-2012) хотирасига бағишланган. Муаллифларнинг мақсади, аввало, устоз қўшиқчи ва актёрни эслаш, қолаверса санъатдаги ёрқин, бетакрор ва ўчмас изларини қоғозга муҳрлаб, авлодларга ибратнома яратиш бўлганини китобни варақлаганимиздаёқ англаб етамиз. Энг эътиборли жиҳати, ҳар саҳифаси тарихий-маърифий маълумотларга бой, ортиқча тафсилотлардан холи, улуғ санъаткоримизнинг савияси баланд ижодий фаолияти мухтасар сатрларда аниқ ва лўнда ифодаланган: "Ўринбой Нуралиев ярим асрдан зиёд севимли сози, ёқимли овози билан, айни маҳалда маҳоратли актёр сифатида элимизга камтарона хизмат қилди. Унинг "Онагинам", "Сўрамайсиз", "Лола сайли", "Раъно", "Кўча боғи I, II" каби жозибали қўшиқлари санъатсевар халқимиз томонидан севиб тинглаб келинмоқда. Бу ноёб қўшиқлар Ўзбекистон телерадиосининг олтин фондидан жой олган" дейилганининг ўзиёқ катта ижоднинг катта маъно- мазмунидан бизни воқифлайди.

Муаллифлар китобга тартиб беришда ихчамликка, мазмундорликка ва асосли далилий манбалардан оқилона фойдаланишга интилишганини унда келтирилган Ўринбой Нуралиевнинг "Ўзбекнаво" саволларига жавоблариёқ фикримизни тасдиқлайди:

" -Устозларингиз кимлар?"

- Аббос Бакиров, Альберт Хачатурян, Карим Мансуров, Ваҳобжон Абдуллаев, Саидхўжа Холдорхўжаев, Ҳайбат Алиев..."

Юқоридаги уч нуқта ўрнига яна қатор-қатор номларни қўшиш мумкин эди-ю, аслида шу олти нафар санъат фидойиларининг ўзиёқ Ўринбой аканинг камолотига қандай инсонлар қанот берганини аёнлайди. Ўқибоқ бундан ўн етти йил бурунги воқеа хаёлимда жонланди. У кишининг чустлик қадрдон укаларидан, таниқли хонанда ва созанда Маъруфхон Ориповнинг фарзанди тўйида Тўрақўр­ғондаги ҳовлисига тўпландик. Бир ёнда элга суюкли ёзувчи-шоирлар, бир ёнда қўшиқчилар. Ток ишкоми остига қўйилган катта тахта кроватда кекса санъаткорлар. Базм бошланди. Ниҳоят давранинг авж палласида Ўринбой Нуралиев ўзига ярашган виқор билан юриб келиб, микрафонни қўлига тутди. Устозларига табассум билан таъзим қилиб, бош эгди. Ёқимли мусиқага омухта ашула садолана кетди. Аввал "Қиёси йўқ ягонагинам, Онагинам", кетидан "...Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам- жонима роҳат" янгради. Ҳовли тўла меҳмонларнинг олқишу қарсаклари хонанданинг завқу илҳомини ошириб-тошириб юборди. Қўшиқ-қўшиққа уланаверди. Сел бўлиб, бошини қимирлатиб тинглаётган мухлислар навбатма-навбат ўринларидан туришиб, тўйдаги миллий удумларимизга кўра пул қистиришга тушишди. Кимдир янги дўппини кийдириб қўйгач, бир зумда атрофини йирик пуллар такрор-такрор безайверди. Ҳатто хонанда кўйлагининг олд чўнтаги, у ҳам тўлгач, шимининг икки киссасига солиб кетишга ўтишди. Пул ёғилгандан ёғилиб кетди. Ана Ўринбой Нуралиевнинг хушовозига шайдоларнинг бисёрлиги-ю, ана халқимизнинг санъатсеварлиги. Энг ҳаяжонлисига, энг ҳайратланарлисига қўшиқ тугагач шоҳид бўлдик. У аста тўридаги устозларига юзланди. Саргардон пулларнинг барчасини ёзилган белбоғга ташлади. Дастлаб тартибга келтиргач, кекса санъаткорларга бир сўмини ҳам қолдирмай шогирд эҳтироми рамзи сифатида тўёналаб тақсимлашга тушди. Ўша лаҳзаларда Ваҳобжон Абдуллаев ва Саидхўжа Холдорхўжаевлар кўзларида қувонч ёшлари қал­қиганича олтмиш бир ёшли нарзи тўқ, олийҳиммат шогирдини алқай-алқай дуо­га қўл очишган эди.

Бу кутилмаган ҳолат ўшанда мухлислар учун ҳам, тўйхонадаги катта-кичик санъаткорлар учун ҳам ҳайратона ҳаётий ибрат, беқиёс намуна сабоғи бўлган бўлса ажаб эмас.

Яна Равшан Абдураҳмонов ва Олимжон Абдураҳмоновнинг янги китобига қайтамиз. Улар профессионал ёзувчилар эмасу, лекин соҳадошликлари боис нимага эътибор қаратишса, шуни билиб ва топиб, аниқ ва лўнда ифодалашнинг уддасидан чиқишган. 29 та сарлавҳа остидаги битикларнинг ўзига хос жиҳатлариям, мавзуга уйғун умумий томонлариям бош мақсадга - Ўринбой Нуралиевнинг сўздаги тасвирига монанд чизгилардир. Янаям манзурлиги, сарлавҳаларнинг ҳар бири ўз остидаги матннинг мазмун-моҳияти хусусида олдиндан огоҳлайди, фикр уйғотади Қўшиқчи ва актёрнинг сифатларидан сўзлайди. "Ноёб истеъдод соҳиби", "Санъаткорнинг гўзал фазилатлари", "Фидоий қўшиқ ижрочиси", "Бастакор санъаткор", "Ибрат соҳиллари", "Устоз-шогирд анъаналари"дан бизларни бохабарлайди.

Муаллифлар фақат ўзларининг қарашлари, муносабатлари, баҳолари, таҳлиллари билангина кифояланишмайди. Қуруқ баёнчилик йўлидангина боришмайди. Бошқаларнинг хотиралари, фикр-мулоҳазалари билан китобни беҳад бойитишган. Айниқса, яқин дўстлари, улуғ санъаткор сафдошларининг Ўринбой Нуралиев ҳақидаги эътирофу таъкидларини театрлардан, тўйлардан, эшиттиришлардан, кўрсатувлардан эринмай излашган, ҳаттоки архивлардан топишган, ёзиб олишган. Фақатгина Ўзбекистон халқ артистларининг фикрлари билан танишсак ҳам Ўринбой Нуралиевнинг қандай инсону қандай қўшиқчи ва актёр эканини ёрқин тасаввур этишимиз мумкин.

Фахриддин Умаров: "Айтган қўшиқлари бе ками-кўст".

Хайрулла Лутфуллаев: "Нормурод Нарзуллаевнинг "Сўрамайсиз" шеърига ҳар иккимиз ҳам бастакорлик қилганмиз. Аммо мен Ўринбой аканикига беш кетганман. Шунинг учун бу қўшиқни қайта куйламадим".

Ёдгор Саъдиев: "Ўринбой аканинг мухлислари кўп бўлган. Бир қўшиқлари учун Намангандан Тошкентга олиб келганим ҳамон эсимда".

Муҳаммадали Абдуқундузов: "Тақдир тақозоси билан "Бобур" видеофильмида мен Бобур образини яратдим. Ўринбой ака эса Эшик оғаси образини ижро этдилар. Бу ролни фидоийлик билан қо­йилмақом қилиб ўйнадилар".

Китобда шоиру олимларнинг мухлисона баҳолари янада баланд эканини ифодаловчи сатрлар бир талай. Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг таърифу тавсифлари ғоят қимматли: "Ўринбой Нуралиевнинг навоси қўлингдан етаклаб, дарёларнинг бўйига олиб кетади. У Қорадарёнинг бу қирғоғида туриб қўшиқ айтса, нариги томонида бемалол ўйин-кулгу билан тўйлар ўтади. Шогирдларидан мухлислари кўп, мухлисларидан шогирди бисёр". Фалсафа фанлари доктори Маҳмуджон Ҳожимирзаев:" ...кўп қиррали ижодкор орамиздан бевақт кетди. Ўринбой Нуралиев театр саҳнасида Навоий, Ибн Сино, Машраб бўлиб қолаверади. Миллатимиздан етишиб чиққан буюк шахс­ларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди".

Дарҳақиқат, шундай. Равшан Абдураҳмонов ва Олимжон Абдураҳмоновларнинг мазкур китоби мухлислар томонидан қўлма-қўл бўлиб мутолаа қилинаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Тўпламни ким ўқиса, ундан ўзи кутганидан кўра ҳам кўпроқ маълумотлардан баҳрамандланиши шубҳасиз. Ахир китобга сер­қирра ижод соҳиби Ўринбой Нуралиевнинг матбуот саҳифаларида чоп этилган мақолаларидан намуналар, "Кундалик"ларию "Ривоят ва ҳикоятлар" дафтаридан парчаларгача саралаб киритилган. Ҳофиз ижросидаги дурдона қўшиқларнинг матн­ларини ҳам ўқиш мумкин. Яна 22 та сурат илова қилинган. Уларга нигоҳ ташлаб, санъаткорнинг ҳаёти ва ижод йўли тарихини тасаввуримиздан лаҳзалик кинодек бирин-кетин ўтказишимиз тайин. Бу ҳам рисола-тўпламнинг қиммати ва аҳамиятини янада ошириб туради.

Мароқли мутолаамиз поёнида китобнинг икки ижодкори нечоғлик ҳайрли ва савобли маънавий-маърифий яратиқ соҳибига айланишганига иқрорлигимизни зўр мамнуният билан таъкидлашга ўзимизни бурчли ҳисоблаймиз. Соғинтирган сиймоларнинг руҳларини хотирлаб сийлашдек аъло юмушни беминнат адо этишганликлари учун улар тасанною офаринларга муносибдирлар. Энг эътиборлиси, Равшан Абдураҳмонов ва Олимжон Абдураҳмоновлар Наманган педагогика коллежида ёшларга мусиқа ва қўшиқ санъатидан сабоқ бериш билан бирга соҳадошларининг ўзбек санъати ривожига қўшган ва қўшаётган фаолиятларига доир қатор туркум китоблар устида ҳормай-толмай ишлашяпти. Яқинда яна бир халқ артисти Ҳабиба Охуновага бағишланган хотира-ҳикоялардан тартибланган "Ҳолимни сўрамас ҳеч ким" номли рисолалари "Наврўз" нашриётида кўп нусхада чоп этилди. Бу ҳақда алоҳида фикр юритамиз.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

"Турон" фанлар академияси академиги.