Таниш аёлнинг қизи узатилган жойида тинчимай ота уйига қайтиб келди.  Яқинлари эрининг ноҳақ зулмидан руҳан эзилган жигаргўшаларини яна аввалгидек бахтиёр юриши учун қўлларидан келганича урина бошладилар. Лекин Нозигул дардини унутиш ўрнига баттар одамови бўлиб қолди. Илгари маҳалланинг иссиқ-совуғида беминнат хизмат қилиб, дуо оладиган қиз энди ҳатто тўйларда ҳам кўринмасди. Бунинг сабабини онаси кўчада учраб, ҳасрат қилганидагина  билдим.

- Илгари қўлидан китоб тушмайдиган қизнинг қанақасига телефонига боғланиб қолганини тушунмаяпман, - деди Нозигулнинг кайфиятини суриштириб берган сўроғимга.  - Акаси дардини аритар деб экрани катта телефон олиб берганди. Олдинига дугоналари билан гаплашиб, чеҳраси очилгандай туюлди. Кейин... унинг яқин орада ҳеч ким билан сўзлашганини эшитмадим.  Бўш вақт топди, дегунча "сотка"сига термулади. Тинимсиз бир нималарни ёзади, баъзида "қўлинг толиб кетмадими?", деб юбораман чидамай. Норози қараб, бирон юмушга киришади. Бўшагач, яна ўша аҳвол...

Онанинг куюнишларидан Нозигулнинг "интернет дарди"га мубтало бўлганини тушундим. Тушундим-у, у билан тезроқ гаплашиб, бу одатини ташлатишга уриндим.

Қўлимда бир даста газета-журналлар билан уларникига борганимда Нозигул хонасида  экан. Чақирсам, қўлида телефони билан чиқиб келди. Сўнг­ги русумдаги, анчагина қулайликларга эга  аппаратини кўриб ичимда оғриқ турди. Демак, Нозигул интернетга асир бўлиб улгурибди. Уни виртуал оламдан воз кечишига эришиш осон бўлмайди.

Саломлашдик, бир оз гаплашиб ўтирдик. Бу орада унинг телефонига бир-икки хабар келди. Менинг олдимда очиб ўқигани хижолат қилса-да, нима гаплигини билишга ошиқаётгани чеҳрасидан яққол  сезилиб турарди. Мен тезроқ кетсам-у, оғули оламга тезроқ кирса... унинг ҳолатини бундан бошқача изоҳлолмайман.  Шу боис насиҳат қилишдан ти­йилдим. Илгари кўп китоб ўқиган, мулоҳазали қиз бўлганини эслатиб, зерикмаслиги учун даврий нашрлардан нусхалар олиб келганимни айтдим. Кейин у билан хайрлашиб чиқиб кетдим.

Атайлаб  интернетдан фойдаланишни билмагани туфайли адашиб, абгор бўлганлар ҳаёти ҳикоя қилинган газета-журналларни ўқиш учун берганимнинг самараси кўп ўтмай кутилган натижани  кўрсатди. Орадан бир ҳафтача ўтиб,  Нозигул газета-журналларни ўзида қолдиришимни илтимос қилди. Унинг руҳиятида ижобий ўзгариш юз бераётганини англаб, ҳеч қандай саволсиз  истагини бажардим. Яна қўлига  атайлаб  у учун тайёрлаб қўйилган нашрларни тутқаздим.

Орадан сал кам икки ой ўтди. Бу орада Нозигул икки марта уйимга келиб,  газета олиб  кетди. Кетаётганида нимадир демоқчилигини фаҳм­лаб турсам-да,  сезмаганга олдим. Телефон рақамимни сўради. Тилига чиқаролмаётган гапини шу усул билан айт­моқчилигини фаҳмлаб, рақамимни бир парча қоғозга ёзиб бердим-у, электрон почтам йўқлигини таъкидладим. У кўзларимга бир қараб қўйди-ю, хайрлашиб чиқиб кетди.

Икки кундан сўнг нотаниш рақамдан мана бу  хабарни  олдим. "Сизга катта раҳмат. Мени муқаррар балодан қут­қарганингиз учун!", деб ёзилганди унда. Нозигулнинг  қандай балойи офат ҳақида ёзгани менга маълум эди. Унга интернетда танишган танишлари алдовига лаққа ишониб  хориж сафарига жўнаган ва охир-оқибатда ору номусидан айрилиб қайтган аёллар ҳаёти ҳикоя қилинган мақолалар тўпламини бергандим. У менинг сўзсиз ундовим билан мутолаа қилган нашрларда яна виртуал танишининг ширин сўзларига учиб, ватанига хиёнат қилишгача борганлар қисмати битилганди. Одам савдосининг жирканч кўринишлари тасвирланган ҳаётий ҳикоялар Нозигулнинг хиралаша бошлаган ақл кўзларини очгани ўзимга ҳам куч берди. Демак, ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорликдаги тарғибот-ташвиқотларимиз ўз  самарасини  беряпти, бундан кейин ҳам бераверади.

Ўрни келганда муштарак мақсадимиз интернетни қоралаш эмаслигини ҳам изоҳлаб қўяйлик. Фойдаланиш маданиятини эгаллаган одамга у бебаҳо хазина. Айниқса, тезкорлиги мақтовга сазовор. Билган одам  ўзига хос иммунитет таъсирида ижтимоий тармоқларга ин қуриб олган ғараз ниятли кимсалар тилидан қилинаётган таклифларни қабул қилмайди. Керакли маълумотларни олиш билан чекланади. Билмаган одам эса... сирлидек туюладиган зулмат сари нигоҳ ташлаб, қадам қўйиб ҳаётини заҳарга айлантириши мумкин.

Тўқликка шўхлик қилиш эса Ўзбекистондек   тинч-осойишта ўлка фуқаролари учун ярашмайди. Ғамхўрликлар ичра яшаётганимизга  шукур айтишимиз, ҳаётимизни фақат яхши амаллар билан безашимиз  керак. Интернет сингари қулайликлар эса фақат ва фақат яхши мақсадларда кўмакчимиз бўлишига одатланайлик.

Назокат БАҲОДИРОВА.