Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, буюк адибимизнинг асарларидаги бадиийликни, ғояни, фалсафани билишга интилиш ҳар бир ўзбек фарзандининг муқаддас бурчи саналади. Чунки, улуғ бобомизнинг назму нас­ри ҳикматона руҳга эга. Улардан керагича ҳаёт сабоғини олишимиз мумкин. Унинг фикр дурдоналари фақат ўзбек халқининг эмас, бутун дунё аҳлининг маънавий оламини бойитувчи, комиллик сари элтувчи умрибоқий меросдир. Бошқача айтганда, Навоийсиз дунё адабиётини тасаввур этиш мушкул. Унинг барча асарларида умуминсоний ғоялар теран ифодасини топган.

Биргина қуйидаги байтига эътибор берсак, бобомизнинг буюк даҳосини чин қалб­дан ҳис этамиз. «Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлуғ иш», дея инсониятни тинч-тотув яшашга даъват қилганликлари шундан.

Таниқли адабиётшунос олим Омонулла Мадаев айтганидай: "Бу шоҳбайтда ифодаланаётган фикрнинг моҳиятини одамнинг улуғланиши ташкил қилади. Шоир учун дунёда инсондан улуғ мавжудот йўқ. Инсон дунёга яратувчилик вазифасини бажариш учун келади... шундай экан, яратилган моддий ва маънавий бойликларни йўқ қилувчи урушларнинг нима кераги бор. Энг муҳими, шоир байтида адоват инсон зотига муносиб эмаслиги, ҳақиқий савоб берувчи ҳаракат аҳилликда экани таъкидланмоқда".

Неча асрки, Навоий асарлари эл хизматида. "Хазо­йин ул-маоний" номли тўрт девонига жамланган турли жанр­даги шеърлари, беш дос­тонли "Хамса"си айниқса элимизнинг суюкли асарларига айланиб кетган. Қанчадан - қанча ғазалларига куйлар бас­таланган, улар мақомчи хонандалар томонидан ижро этилганида ҳар бир ўзбекнинг кую қўшиқ сеҳрига тушганча, бош чайқаб эшитиши ғоят қувончли ҳолдир.

Ҳар йили февраль ойида халқимизнинг икки буюк ижодкори Навоий ва Бобурнинг таваллуд айёмлари боис адабий анжуманлар ўтказиш анъанага айланиб кетган. Бу йилгиси эса, ғоят эсда қоларли даражада ташкилланаётгани билан кўнгилларимизда бениҳоя фахру ғурур уйғотмоқда. 9 февраль куни вилоятимиздаги барча ўқув муассасаларида, маҳаллаларда, ташкилотларда ўтказиб келинаётган навоийхонлик тадбирлари янада авжланди.

Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театридаги илмий маърузаю, адабий-бадиий композиция беҳад мароқли кечди. Нодира номидаги ахборот-кутубхона марказида ташкилланган анжуманда университет ва инс­титутларнинг талабалари, академик лицей ва коллежларнинг ўқувчилари фаол қатнашдилар. Улар Навоийнинг ғазаллари ва рубоийларини ёддан ифодали ўқишди.

Шунингдек, бу ерга Наманганнинг шоир ва ёзувчилари ҳам ташриф буюришган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Жамолиддин Муслим қутлуғ айёмдаги мушоирани бошлаб берди. Дилбар Бону, Боқий Мирзо, Содиқ Сайҳун, Зиёвиддин Мансур, Носир Аббос, Муҳаммад Мирзолар буюк Навоийга эҳтиром ҳислари билан йўғрилган ва янги Ўзбекистоннинг бунёдкорона ислоҳотларида фаоллигу фидойилик кўрсатаётган халқимизнинг баланд руҳи ва кўтаринки кайфиятини ифодалаган шеърларидан ўқидилар.

Тадбир сўнгида вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов бир гуруҳ талаба ва ўқувчиларга китоблар жамланмасидан иборат совғаларни тантанали топширди.

Ўз мухбиримиз.