Инсон ички оламини бойитувчи, ақлини чархлаб, тафаккур тиниқлигини таъминлай олувчи, шахснинг интеллектуал ривожланишида асосий ўринни эгалловчи неъматлардан бири шак-шубҳасиз китобдир. Унинг мутолааси одамга ўз кўнглини кўриш, таққослаш, таҳлил қилиш ва албатта, яхшидан ибрат олиб, ёмондан ҳазар қилишни ўргатади. Донишманд шоир Абдураҳмон Жомий ёзганларидай:
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 19 мартида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бешта ташаббусни илгари сурганларида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масаласини бежиз тилга олмадилар. Айниқса, Наманганга ташриф буюрганларида бизларни китобхонлик маданиятини юксалтиришга, "Наманганни энг яхши китобхон вилоятга айлантирамиз" деган эзгу вазифани бажаришда фаоллик кўрсатишга руҳлантириб юбордилар.
Мен касбим бўйича француз тили, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисиман. Олийгоҳда билим олган талабалик, сўнгра ўқитувчилик фаолиятим давомида кўплаб педагогик, бадиий, илмий-методик, илмий-оммабоп ҳамда ислом динига оид китобларни тўплаб, мўъжаз шахсий кутубхонага эга бўлдим. Иш фаолиятим давомида улардан бир талайини тумандаги 4, 8, 12, 7, 13-умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига совға қилиб тарқатгандим.
Нафақага чиққанимдан кейин эса, қолган 500 дона китобдан Ёртепа кўча маҳалла фуқаролари фойдаланишига имконият яратдим. Шахсий кутубхонам аъзоларининг кўпчилигини ёшлар ташкил этиши беҳад қувончлидир.
Ўзим яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусанбой Нишонов ва кутубхоначи Дилором Ортиқовага яна элликдан зиёд бадиий ва тарбияга оид рисолаларни тақдим этдим. Ҳозирда ким МФЙга келса, китоблар билан танишишади. Ҳатто маълум муддатга уйларига олиб кетиб, мутолаа қилишлари ҳам мумкин. Шундай эзгу ишга ҳисса қўшаётганимдан чексиз фахр туяман.
Яқинда III даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонига сазоворландим. Бу кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб юборди. Ёшлар тарбияси билан шуғулланишга бор билим ва тажрибамни ҳеч аямай сарфлаш билан янада фаол бўлишга ўзимни доимо бурчли ҳисоблайман.
Исроилжон САТТОРОВ,
Тўрақўрғон туманидаги фахрий-педагог,
"Шуҳрат" медали соҳиби.