Ёхуд икки кўҳна вилоят тарихи ҳақида Бобурнинг ҳикоятлари,

тасвирлари, эътирофлари, таъкидлари.

Фарғона водийсининг XV — XVI асрлардаги қиёфасини, халқи ҳаётини, ҳукмдорларининг тахту тож учун курашини, шаҳру қишлоқлари табиати-ю, сиру синоатларини бугун биз ўша даврларда яратилган бирламчи манба — тарихий китоблардан ўқиб биламиз. Кўнгилга таскинбахш хусусияти битикларнинг аксарияти ҳақиқатга йўғрилган. Мавжуд тартибларни, тарихий вазиятни рўйи-рост ифодалаган қалам аҳлининг ҳукмрон табақалар — мирзолар, султонлар, хонлар ва подшоҳлар "фаолият фазилатлари" баёнида бир мунча бўрттиришга мо­йилликларини фақат ҳушомадгўйликка йўймай, замон ҳукмдорларига маъқулу манзурлаш илинжидан, янаям очиқроғи, мажбурликларидан деб тушунмоқлик адолатдан ҳисобланади. Китоблар муаллифининг ўзи юқори табақа вакили бўлса-чи. Унда қанақа ҳол рўй беради? "Бобурнома"ни мутолаа қилганимизда бунга жавоб топамиз. Топгандаям, бошқаларникига ўхшамаган, ўзига хос, Бобурона, яъни ҳаққоний ҳаётнинг, ҳаққоний ҳодисаларнинг, ҳаққоний баҳонинг ҳаққоний ҳикоялари тарзидаги битиклардан беҳад мароқланамиз. Яхшини — яхши, ёмонни — ёмон, фаолни — фаол, сустни — суст, мардни — мард, қўрқоқни — қўрқоқ сифатида шарҳлангани мозийни кўз ўнгимизда тўғри ва ишончли жонлантиради. Бу жиҳатдан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг меъмуар асари ягоналик ва ноёблик мақомига муносиблигини заррача инкор этишга ҳаққимиз йўқ. Шу ўринда, биргина икки қасаба — Андижон ва Ахси тўғрисидаги маълумотларнинг моҳиятига етишга уринишимиз, иккиси Бобур учун теппа-тенг қадр-қимматга эга бўлганини ўзининг битикларига таянган ҳолда идроклашга ҳаракат қилишимиз тасодиф эмас, табиий ҳолдир. Инчунин, бу борада айрича фикрлашлар ҳали ҳануз таомилда эканини яшириб нима қиламиз.

Тўғри, бири — Андижон бугун республикамизнинг машҳур ва равнақдор гўшаси, иккинчиси — Ахси эса ўлик қасаба. У роса 400 йилдан буён тупроқ остида "сукут сақлаб" ётибди. Устида эса бугун мўъжаз маҳалла — қишлоқ, холос. Бу кўҳна ва қадимий Ахси қасабаси унутилиб кетади, номи бўлгани билан ўзи йўқ-ку, ўзи каби унинг ўтмишдаги шону шуҳрати тупроқ остида қолди, тамом вассалом дегани эмас. Аксинча, наинки "Бобурнома", XVI асрда яшаган Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзийнинг "Тарихий Рашидий", қадимий Ахси вилоятида умр­гузаронлик қилган олиму авлиёларнинг маноқиблари бағрида ҳамиша барҳаёт эмасми!..

Бобурнинг ёзишича, Фарғонанинг "Етти пора қасабаси бор, беши Сайҳун суйининг жануб тарафида, икки(си) шимоли жанубида. Жанубий тарафидаги қасабалардан бир(и) Андижондурким, васатта (ўртада) воқе бўлубтур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур".

Худди шундай маълумот дарёнинг ўнг томонидаги шаҳар хусусида ҳам берилади: "Сайҳун суйининг шимоли тарафидаги қасабалар бир(и) Ахсидур... Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққиз йиғоч (73 километр) йўлдир. Умаршайх Мирзо муни пойтахт қилиб эди...".

Демак, Андижон аввал Фарғона вилоятининг пойтахти экан. Ахсини Бобурнинг отаси кейинчалик пойтахтликка муносиб кўрибди-да. Бу, бежиз эмас. Катталиги жиҳатидан етти қасаба ичида иккинчи ўринда тургани таъкидланмоқдаку. Қолаверса, шу жойда илгаридан ҳокимларнинг маҳобатли арки, Буюк Ипак йўли ёқасида бунёд бўлгани учун Тошқўрғонида чор атрофдан тужжорларни ўзига чорловчи кўпдан-кўп растали бозоригача мавжуд эди. Ҳатто, Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбекнинг қадамигача етганди. Тарихчи Абдураззоқ Самар­қандийнинг "Матлаисаъдайин ва мажмаи баҳрайн" — "Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи" номли асарида алоҳида қайдлар бор. 1414 — 1415 йиллари рўй берган Андижон ва Ахсидаги воқеалар эътиборга лойиқ: "Мирзо Улуғбек кўрагон (Самарқанд ҳокими — С.С.) Андижонга қараб юрди. Мирзо Амирал Аҳмад у ернинг қалъаларини мустаҳкамлаб тоққа чиқиб кетди.

Мирзо Улуғбек у ернинг энг катта қалъа­си бўлган Ахси қалъасини муҳосара қилди. У шундай қалъаки, унинг мезонларидан фалақ бошоқ (юлдуз)ларини териб олиш ва баланд хоналаридан фаришталар ғулғуласини эшитиш мумкин эди".

Яна "Бобурнома"га кўз югуртирамиз: "Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўр­ғонидин сўнгра мундин (Андижондин — С.С.) улуғроқ қўрғон йўқтур". Энди Ахси Мовароуннаҳрда катталиги жиҳатидан тўртинчи ўриндалиги, нафақат иқтисодиёти, илм-фанигача анча тараққий этгани шубҳасиз. Яна муҳим стратегик аҳамиятга эга ерда жойлашганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак. "Сайҳун дарёси қўрғоннинг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур... Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур". Ҳатто Андижон ҳам шундай ҳимояланган шакл-шамойилга эга бўлмаган. Бобур айтганидай: "Қалъанинг гирдо-гирди хандақнинг тош ёни сангрезалик шоҳроқ тушубтур. Қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳаллотдир".

Ахсида эса бунинг мутлақо тескариси: "Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий (2 километр) йироқроқ тушубтур. "Деҳ кужову дарахтон кужо" (Қишлоқ қайдаю, дарахтлар қайда) масалини ғолибо Ахси учун айтибтурлар". Озгина зеҳнимизни ишлатсак, Ахси қалъасининг фақатгина бир томони қуруқликка туташиб кетганини сезамиз. У ҳам очиқлик, аҳоли яшайдиган маҳалла тугул дарахт ҳам кўзга ташланмаган. Яйдоқлиги туфайли йироқдан яқинлашганлар қалъага етиб келмасиданоқ кўзга чалинишган. Уч тарафидаги оқин дарё сувини кечиб ўтиш, сўнг 20 — 30 метр тик баландликка кўтарилиш мушкулдан мушкул. Сабаби, на дарёга кўприк қурилган, на юксакликка йўл солинган. Дарвозаларсиз — ғиппа берк. Гарчи уч тарафида девор тикланмаган бўлса -да, аслида бунга эҳтиёж сезилмаган. Душман дарёдан сузиб ёки кечиб ўтган тақдирдаям юқоридан ёғиладиган ажал ўқлари остида қолиши тайин эди. Айниқса, атрофдан тинимсиз ёғийлар — душманлар тиш қайраб, қутқу солиб турган алғов-далғовли замонда Бобурнинг отаси жуда тўғри танлов қилганига оддий одамнинг ҳам фаҳми етса керак. Бобур тағин иккинчи бор пойтахт қурилганини урғулайди: "Хандақининг ўрнига амийқ (чуқур) жарлардур. Умаршайх Мирзо муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқарироқдин яна жарлар солди".

Беихтиёр ўйланиб қоламиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси"да ("Шарқ", Тошкент — 2014) бошқачароқ талқин берилган экан: "Амир Темур Фарғона вилоятини ўғли Умаршайх Мирзога берган. Шоҳруҳ даставвал Андижонни ўз амакиваччаси Амирал Аҳмадга берган, Улуғбек эса бундан норози бўлиб, бошқа кишиларга топширган. Султон Абусаъид Амир Темурга тақлид қилиб, Фарғонага кенжа ўғли Умаршайх Мирзони ҳоким қилиб тайинлаган. Вилоят пойтахти — Андижон, ёзги қароргоҳ эса Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Ахси қўрғони бўлган" (44-бет).

Наҳотки Ахси ёзги қароргоҳ деб қаралса?! Ахир Умаршайх Мирзодан олдин ҳам, кейин ҳам қанчадан қанча ҳукмдорлар Ахси вилоятини қўлга киритиш учун курашдилар, ғолибликка эришиб, тахтга чиқдилар, мағлуб бўлишиб қувилдилар, яна қайтишни орзуладилар. Биргина Умаршайх Мирзонинг ўзи дарёга қулаб, шунқорлик қисматига дучорланишидан аввал ўзидан Ахси подшолигини тортиб олиш ниятидаги мирзою, мирзозодалар, султону султонзодалар қуршовида изтироб чекаётган эмасмиди?! Андижонга нисбатан Ахси анча хавфсизроқ бўлмаганида "ёзги қароргоҳи"ни — "вақтинча қўнимгоҳи"ни тарк этиб, Андижондаги пойтахтида яшашига кимлар қаршилик қилаётган эди?! Лекин сира ундай қилмадику, аҳён-аҳёнда ҳам шу фикрни хаёлидан ўтказганини даракловчи маълумотлар ҳам йўқ-ку! Ҳаммаси аксинча. Мустаҳкам пойтахт — қалъасини Андижондан ортиқ кўрган бўлса керакки, асло кам кўрмаган. Ахсида туриб вилоятни бошқарган. Унинг давлати ҳудудига маълум вақтлар Тошкент ҳам кирган. Қайнотаси — мўғул хони Юнусхон билан туғишган ота-боладай яқин эди. Бир-бирларининг юртларига бориб-келиб туришарди. Умаршайх мирзо Юнусхонга Ахсидан алоҳида ер ажратиб бергани, у шу ерга кичикроқ кент — қасабача қурганини шаҳодатловчи маълумотларга эгамиз.

Умаршайх Мирзо Бобур таъбирича: "... баланд ҳимматлиқ ва улуғ доиялик подшоҳ эрди". Бу фикрнинг исботи сифатида ҳатто ўзига қарашли катта ҳудуд — Тошкентни Юнусхонга инъом сифатида топшириб юборади. "Охир навбат келатургандаким, ул фурсатда Тошкент вилояти Умаршайх Мирзо тасарруфида эдиким,.. берди". 1485 йили Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо ва Умаршайх мирзо ўртасида Хожа Аҳрор иштирокида тузилган сулҳга мувофиқ Юнусхон Тошкент ҳокимлигига эришди. У уч йилдан сўнг, яъни 1487 йили вафот этади.

Ахсига талпинувчи, янаям аниқроғи ўзиники қилиб олиш истагидаги мўғул хонларини ҳам, бизнингча, темурий ҳукмдорларни ҳам мудом тинч қўймаганлигининг боиси, пойтахт — қалъаси ғоят хушҳаво, гўзал, мустаҳкам ва анчайин довруқдорлигидан эди. Агар бошқалар айтганларидай подшоҳнинг ёзги қароргоҳи ҳозирги иборамизча — дала ҳовлиси, "дача"сигина бўлганида, душманлар ҳақиқий пойтахт Андижонга тўғри йўл солишмасмиди?! Афсуски, Ахсига кўз тикишаверган. "Бобурнома"да битилганидай: "Хўжанд суйининг жануб жонибидин Султон Аҳмад Мирзо ва шимол тарафидин Султон Маҳмудхон Умаршайх Мирзонинг устига черик торттилар.

Бу аснода ғариб воқеа даст берди, мазкур бўлиб эдиким, Ахси қўрғони баланд, жар устида воқе бўлубтур, иморатлар жар ёқасида эрди. Ушбу тарихда душанба куни рамазон ойининг тўртида Умаршайх Мирзо жардин кабутар ва кабутархона била учуб, шунқор бўлди. Ўттиз тўққуз ёшар эрди".

Тўғри, "Бобурнома"га синчиклаб назар ташласангиз, Умаршайх Мирзога отаси Абусаид Мирзо томонидан дастлаб Қобул инъом қилингани, Бобои Қобулий бек аткаликка тайинланганини ўқийсиз, кейинида: "Мирзоларни суннат қилур тўйи жиҳатдин Дараи Газдин ёндируб, Самарқанд элтди. Тўйдин сўнгра ул муносабат билаким, Темурбек улуғ Умаршайх Мирзога Фарғона вилоятини бергандур. Андижон вилоятини (кичик Умаршайх Мирзога — С.С.) бериб Худойберди Туғчи Темуртошни бек атка қилиб юборди" дейилган. Бундан аёнлашадики, Умаршайх Мирзонинг суннат тўйи тоқ ёшида 5 ёки 7 ёшида ўтказилгач, отаси уни Андижон вилоятига ноибликка жўнатган экан-да. Қачонки, балоғатга етгач, 1469 йили шаҳзодага мустақил ҳукмдорлик мақоми берилган. Ана ўшандан вилоятни ўзи бошқаришга киришгач, Ахси вилояти ҳам тасарруфида турган. Андижон билан Ахсини обдон солиштиргач, амалдаги пойтахт қасаба Андижон қанчалар улуғвор бўлмасин, юқорида биз айтган ўзига хос жиҳатларига кўра Ахсининг афзаллиги ёш Умаршайх Мирзонинг диққат-эътиборини тортгани, тортибгина қолмай, кўчиб ўтишга, янги пойтахтликка сайлашга журъату шахду шижоат бағишлаганини наҳот инкор этиш мумкин. Қолаверса, ҳукмдор ҳар қандай шароитда ҳаётдан кўз юмса, уни пойтахтга келтириб дафн этиш расм - русуми жорий эмасмиди. Худди шундай эди. Умаршайх Мирзонинг жасади ҳам дарё ичидан олиб чиқилиб, Ахсида — чинакам пойтахтида мангу қўнимгоҳга қўйилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижон ва Ахсини отаси Умаршайх Мирзо каби тенг кўрган. Хотира-ҳикояли асари — "Вақоиъ"нинг ҳар сатри , ҳар сўзи устида қунт билан ишлаган. Ҳатто мазмунан ҳам, ҳажман ҳам бирини биридан ортиқ, бирини биридан кам бўлмаслиги йўлида изланиб, интилган. Бугун қўлимизда турган "Бобурнома" нашрини синчиклаб мутолаа қилсак , фикримизга янада ойдинлик киритаверамиз. Чунончи, китобда Андижоннинг таърифи — 21 сатр, Ахсини таърифи — 20 сатр. Сатру сўзлар тарозисининг икки палласи деярли мувозанатга келтирилган. Маъно-ифода жиҳатидаям ўзгача ҳолни уқмаймиз. Масалан, кейинги ўринда гарчи Косон ҳақида фикр юритилса-да, яна ўз-ўзида икки қасабанинг сув таъминотига бир жойда аниқлик киритиб ўтилади: "...Андижон суйи Ўшдин келур, Ахси суйи Косондин келур". Бобурнинг меҳру муҳаббати икки пойтахт шаҳарга қанчалар кучлилигига қарамай, таърифу тавсифда заррача ҳақиқатдан чекиниш учрамайди. Рост лафзи хиёнатга бегона. Нохуш бўлсаям чин сўзни қоғозга тизади. Андижонни "Ҳавосининг уфунати бор. Кузлар эл безгак кўп бўлур" дейди. Луғатга қарасак: уфунат ёқимсиз ҳид, бадбўйлик дея изоҳланганини кўрамиз. Беихтиёр ўйга толамиз: Умаршайх Мирзо пойтахтни Ахсига кўчиришига яна бир жўяли сабабни англагандек бўламиз. Нохуш ҳиддан, айниқса безгак хавфидан нари юришнинг нимаси ёмон эди. Айримларнинг ўйлаб топган ёзги чарбоғини куздаям Умаршайх Мирзо тарк этмаган кўринади-ёв...

Подшоҳлар ва уларнинг навкарлари учун овчилик (сайдгарлик) одатий урфу машғулот сифатида уларнинг мерганлик маҳоратини оширса, майдондаги "ёв" ни ўлжага айлантириш кураши машқида тобласа, айни чоғда ўзига хос кўнгилочар тадбир ҳам эди. Бобур буни сира эътибордан четда қолдирмаган. Андижон таърифи қисмида: "Ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур. Андоқ ривоят қилдиларким, бир қирғовулни(нг) ускунасини тўрт киши еб тугата олмайдур" деб ёзади ортиқча муболағасиз.

Хўш, бу борада Ахсида қандай шароиту қандай манзара мавжуд эди? "Бобурнома"да саволимизга тўлиқ жавоб бор: "Ови қуши бисёр яхши бўлур. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи дашттур. Оқ кийиги бисёр бўлур. Андижон тарафи жангалдур. Буғу — марал, қирғовул ва товушқони кўп топилур, асру семиз бўлур". Тағин таъкидга мажбурмиз. Битиклардан англашиладики, Ахсида ов учун Андижондан кўра имконияту майдон икки баравар кўп экан. Дарёнинг чап соҳилини қоплаган кўллару, қамишзор чангалзорларда қушлар ғужғон яшашидан, ўнг қирғоғидаги қир-адирларни чопқиллаб юрувчи оқ кийиклар макон тутганидан бохабар қилинмоқда. Андижонда фақат парранда ва қушларни овлаш мумкин экан, холос, Ахсида эса кийиккача овланаркан-да деган хулосага осонгина келамиз.

Эл-юрт дастурхони тўкинлигига, озиқ-овқат ўзида етиштирилиши масаласига тўхталсак, бу ҳақда ҳам "Бобурнома"да қимматли маълумотларни учратамиз: "Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур... Андижоннинг ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас" дейилса, Ахси тўғрисида гап борганда мевасидан кўра полиз экинига алоҳида урғу берилади: "Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, "Мир Темурий" дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай. Қовуни машҳурдир. Самарқандни олғон маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтуриб, бир мажлисда кестурдим. Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эрди". Қарангга, қовуннинг энг кўримлиси ва энг ширини Ахсида етиштирилар экан-да. Номига эътиборни қаратсангиз янаям қадрли ва ардоқли нав Умаршайх Мирзонинг Ахсисида яратилгани бетакрор ҳодиса эмасми. Амир Темурнинг авлодларидан бўлмиш Бобурнинг отаси балки шу атамани маъқул кўргандир... Ахси қайда-ю, Самарқанд қайда. Бобоному ота макон қовуннинг тилида қолган таъмини узоқда туриб соғинган шаҳзода махсус одам юбориб, "нисбати йўқ" "Мир Темурий"ни олдириб кетганидан бугун Ахси заминида яшовчилар ғоят фахрланишга ҳақлидирлар.

Биз "Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси"нинг 60 — 61-саҳифасидаги Ахси маълумотлари мушоҳадаси асносида туғилган фикрларимизни ошкоралашдан тийилсак, сукут сақласак, Ахсига нисбатан носамимий муносабатга бепарволикка йўл қўйган бўламиз, албатта. Бу ерда милоддан аввалги V — IV асрларда бунёдга келиб, эрамизнинг XIII асри бошларида, янаям аниқроғи 1219 — 1220 йилларда чингизий мўғулларнинг ҳужуми оқибатида кошонакент вайронакентга айлантирилгани, унинг асли номи Ахсикат (кат — кентнинг синоними, қасаба, шаҳар маъносида қўлланган) экани, у ердан етишиб чиққан бари илму-маърифат дарғалари "Ахсикатий" деб тахаллус олганини эслатишимиз ҳақиқатни тушунишга кўмаклашса, ажаб эмас. Чунончи, Бобурнинг ўзи ҳам Ахси ҳақида гапирганда "Нечукким (нимагадир — С. С.) Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар" дегани унинг Ахсий аталмаганига таажжубини ифодаламайдими. Ёки Бобур отаси пойтахт тутган шаҳрининг ғарбида — 5 — 7 километр нарисида номдошу ёндош, худди Ахсига ўхшаб дарё ёқасида қарийб 1700 йил яшаган кўҳна Ахсикент атиги 300 йиллар муқаддам ер билан яксон этилганидан бехабарга ўхшайди. Ахсикатий қадимги, эски Ахсикат фарзанди эди. Зеро, Ахсикент Ахси эмас, Ахси Ахсикент эмас, иккиси алоҳида -алоҳида шаҳар, вилоят, давлат мақомидаги қадимий гўша. Ахсининг сўнгги қисмати Ахсикентникидан-да аянчли кечган. Аввал қишлоқ, кейин шаҳар, охири пойтахт даражасига етиши учун 250 йилча керак бўлди. 400 ёшга етганида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган табиий офат — бениҳоя кучли зилзила туфайли 1620 йилда тупроқтепага айланди қолди. Ахсикентни мўғуллар ер билан яксонлади, Ахсини табиатнинг ўзи борлиқдан йўқлик қаърига кўмиб юборди. Яхшиямки, Бобурдек фарзанди бор экани, унинг манзарасини, сиймосини сўзда мангуликка муҳрлаб кетгани...

Энциклопедияда эса, шу жиҳатига юзаки қаралган. Иккисини бир шаҳар сифатида янглиш тасаввур қилинган. Нимагадир мозийшунослару адабиётшунослар ҳали ҳануз Ахсини ўгайлатишдан нарига ўтишолмаяпти.

"... Фарғонадаги ҳокимиятни тоғалари ёрдамида қўлга олишга ҳаракат қилган Бобур Ахсида муваффақиятсизликка учрайди. Ахси қўрғонига ҳужум қилган Аҳмад Танбал тарафдорларининг қўли баланд келиб, Бобур ҳаёти учун таҳликали Карнон воқеаси рўй берган.

"Б"нинг кейинги воқеаларида Ахси икки марта тилга олинган: у Мовароуннаҳрни эгаллаган Шайбонийхоннинг қўлига ўтгани қайд этилган, содиқ бекларидан Дўстбек Ғазнида вафот этганда, Бобур унинг хизматларини эслаб, Ахсидаги сўнгги тўқнашувда у жасорат кўрсатганини хотирлаган".

Энциклопедиядаги бу гапларга умуман эътирозимиз йўқ, лекин нима сабабдан 2 марта тилга олингани таъкидланиб, унга изоҳгача киритилгани бесабабга ўхшамайди. Ўша икки бор эсга олингани "Бобурнома"нинг 214-саҳифасида, унгача бизнинг саноғимизча: 79 марта Ахси атамаси такрорланган. Жами 81 мартага тўғри келмоқда. Ана энди Андижонга тўхталсак, 214-саҳифагача 125 марта, ундан сўнг Ахси учратилмаса-да, Андижон ҳам атиги 2 ўриндагина ёдга олинади. Босма нашр китобнинг жами 367 саҳифасидаги йиғинди қуйидагича: Андижон — 127 марта Ахси 81 марта қайдланган. Орадаги фарқ 46 та ёки унча кўпмас. Аслида бу табиий ҳол. Андижон қарийб минг йиллик кўҳна кент эди. Ахси эса эндигина 2 — 3 юз йиллик кечмишли қасаба бўлганини ҳисобга олсак, бари-бир Андижон билан Ахсининг бўйлашишини, тенглашишини жуда-жуда истаган, кўнглида улуғвор ниятлари ғужғон Умаршайх Мирзо (афсуски у тасодифий ўлим топди) вилоятининг пойтахти сифатида Ахси тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирди.

Айтар хулосамиз: Заҳирриддин Муҳаммад Бобур Ахси вилояти ҳокими Умаршайх Мирзонинг донғи дунёга таралган ўғлони, марду майдон саркарда, буюк давлат арбоби, буюк шоир ва ёзувчи. Унинг ҳақида ўзи каби рост ва соз сўйламоққа, ёзмоққа барчамиз бирдай бурчдорлигимизни унутиб қўймасаккина миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ҳаракатларимиз бирлашади. Янги Ўзбекистоннинг янги авлодида — ягона Ватан туйғуси яхлит ҳолда қалбининг туб-тубидан чуқур илдиз отади.

Содиқ САЙҲУН.