14 январь - Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги Муқимий номли драма ва комедия театри санъаткорлари - Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тожибар Азизова вилоят эндокринология диспансери шифокорлари билан учрашдилар.

Байрам тадбирини мазкур шифохона бош врачи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Ваққосов очди ва олиб борди. У мамлакатимизда тиббий йўналишдаги ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз томонидан тиббиёт ходимларининг халқ саломатлигини сақлаш борасида олиб бораётган ишларини янада такомиллаштириш учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар, яратилаётган широитларга тўхталди ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам иштирокчиларини муборакбод этди.

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов тинч-осойишта меҳнат қилишимизни таъминлаётган ватан ҳимоячилари фаолиятининг нақадар муҳимлигига тўхталди. У бу борада нафақат қўлга қурол олиб юртимиз сарҳадларини ҳимоялаш, балки ҳар бир жабҳада иш юритаётган фуқаролар ўз вазифаларини сидқидиллик билан адо этиши билан ҳам ватан тараққиётига баракали ҳисса қўшишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув чинакам байрамона бадиий тус олди. Мирза Азизов юракларни орзиқтирувчи шеърлари, монологлари билан иштирокчилар қалбини эзгу туйғуларга тўлдирди. Тожибар Азизова эл аро севиб тингланадиган қўшиқларини жонли ижро этиб, шифокорлар олқишларига сазовор бўлди. Байрам тадбирида қатнашган тиббиёт ходимлари ҳам театр ва кино санъатига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар, санъаткорларнинг оилавий ҳаётлари билан танишдилар. Байрам тадбири қизиқарли баҳс-мунозаралар тарзида ғоят қизиқарли кечди. Тадбир сўнгида шифокорлар санъаткорлар билан эсдалик учун суратга тушишди.

М. АКМАЛОВ.