Миллатимиз фахри, адабиётимиз алломаси бўлмиш Алишер Навоийнинг асарлари асрлар оша яшаб, халқимизнинг маънавий юксалишида самарали хизмат қилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, бемалол айтишимиз мумкинки, ҳар бир ўзбек Навоийнинг асарлари орқали тарбия мактаби сабоғини ўқимай баркамоллик касб эта олмайди. Инчунин, унинг асарларининг мағиз-мағизигача одамийлик илми сингдириб юборилган. Ҳаётни чуқур идрок этиш, яшаш маъносини англаш, эл-юрт қайғусини шахсий истакларидан баланд ҳисоблаш тутумлари шоирнинг бебаҳо асарларидан ўрин олган. Айниқса, беш достонли "Хамса"сининг ҳар бир девони "хамса"чилик анъаналари асосида қурилган ўзига хос янгича талқиндаги, туркий тилдаги биринчи ва бетакрор яратиқдир. Биз биргина "Ҳайрат ул-аброр"ни ўқибоқ гўё ҳикматларнинг ҳадсиз уммонига шўнғиб, ноёб дуру жавоҳирларни терамиз. Яъни одамга ва оламга муносибликнинг мукаммал дарсини тинглаётгандек сезамиз ўзимизни. Чунки, биринчи достон фалсафий-ахлоқий асар сирасига киради. Кейингиларида эса, бунда илгари сурилган фикру ғоялар янада бойитилди, хаёлий тафаккур ҳаётий кечмишларга омухталанган ҳолда ғоят қизиқарли ва мароқли тарзда такомилга етказилди.
Навоий, аввало, сўзга таъриф беради:
Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,
Руҳ доғи тан аро сўздин ҳалок.
Яъни: сўз ўлган одамнинг вужудига жон киритиб, уни тирилтиради. Лекин сўз айни пайтда тан ичидаги руҳ, яъни инсонни ўлдиришга ҳам қодирдир. Шундай экан, сўз сўзлашга эҳтиёткорлик ва эҳтиёжкорлик ҳамма замонларда ҳам инсон учун энг керакли ва фойдали фарз бўлиб қолаверади.
Шоир учун ҳамкорлик инсоннинг инсонлигини кўрсатувчи ҳолат ҳисобланади. У ҳамманинг бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишини хоҳлайди. Зиёнкорликни қаттиқ қоралайди:
Кимгаки бир ришта етурдинг зиён,
Қатлингга ул риштани билгил йилон.
Яъни: кимгаки бир қилча зиён ва зарар етказсанг, ана ўша қилни сени ўлдирувчи илон деб ўйлагин. Бу дегани ёмонлик ортидан ёмонлик келишига, ҳатто ўзингга ўзинг ҳалокат тилаб олишингга ишора эмасми?! Худди шундай. Аксинча:
Нафъ етурмакка шиор айладинг,
Ўзингга ул нафъни ёр айладинг.
Яъни: бошқаларга фойда етказишни шиор айлаган бўлсанг, ўзингга ҳам ўша фойдани ёр этгансан.
Асар мутолааси давомида тарбия сабоқлари кўнглимиздаги комилликка майлни тобора кучайтиради. Қусурлардан фориғланишимизни, фазилатимизга фазилат қўшишимиз кераклигини чуқурроқ англатади. Айниқса, адолатни, илмни, ҳаё ва одобни, ростгўйликни, меҳнатни улуғлайди:
Кўнгил уйин илм этибон бир жаҳон,
Қатрада у навъки дарё ниҳон.
Элга шараф бўлмади шоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.
Бир дирам олмоқ чекибон дастранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж.
Агар юқоридаги ҳикматларни фарзандларимиз онгига болалигидан сингдирсак, уларнинг билимга чанқоқлиги янада кучаяди, ҳаё ва одобни ўзларига зеб деб билишади, текин луқмадан кўра, меҳнат билан топилган бир бурда ноннинг нақадар тотли бўлишини билишади. Ҳаётлари яхши хулқу эзгу фаолият билан мазмун топади. Бахт-саодат қасрининг калити ўзларининг қўлларида эканини англашади, яхшиларнинг сафларида атрофидагиларга яхшиликлар соғиниб яшашдан фахр туюшади. Аждодларга муносиб авлод бўлиб улғайишади.
Навоий "Хамса"сининг илк достони бежиз "Ҳайрат ул-аброр", яъни "Яхши кишиларнинг ҳайрати" деб номланмаган. Яхшилар ҳамиша ҳавас уйғотишган. Ҳавас ҳаммани улғайтиради, камолга етказади. Агар Навоий ҳикматларини ўқиб, уқиб яшасак, истиқлолли юртимизнинг чин иқболли инсонларнинг доимо олдинги сафларида туришга эриша оламиз.
Шоира ҚЎЛДОШЕВА,
Учқўрғон туманидаги 13-мактабнинг она тили ва адабиёт фани муаллимаси.