Улуғ шоир ижодий мероси халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва миллий қадриятимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 ОДАМИ ЭРСАНГ ДЕМАГИЛ...

Дунё буюкларининг замон ва макон билмас ижодий мероси башарият учун ҳамиша сабоқ, ибрат ва даъват мақомида барқарору бебаҳо бўлиб қолавериши боқий ҳаёт ҳақиқатларидан биридир. Атоқли навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева ғурурланиб ёзганидай: "Халқ билан мулоқот, унинг бахт-саодати учун курашиш, орзу ва интилишларини амалга ошириш, куйлаш, халқ­лар дўстлигини тараннум этиш, ардоқлаш Навоий барча халқлар томонидан беҳад севилишига, асрлар мобайнида ўз асарлари билан номи ўчмаслигига сабаб бўлди". ("Халқ сўзи", 2018 йил 9 февраль. № 27).

Алишер Навоий ҳақидаги тасаввурларимиз даставвал унинг ўз қайдномаларидан шаклланса, кейин XV-XVI аср­ларда яшаган қалам аҳлларининг битиклари орқали янада бойийди. Чунончи, Абдураҳмон Жомий, Абдураззоқ Самарқандий, Ҳусайн Бойқаро, Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Восифий ва Бобурларнинг асарларидан қимматли маълумотлар топамиз.

Айниқса, Ғиёсиддин Хондамирнинг "Макорим ул-ахлоқ" ("Олижаноб хулқ­­­­­­лар") асари бизни бобомизнинг юксак инсоний фазилатларидан бохабарлайди. Тасаввуримиздаги донишманднинг адабиёт даҳоси даражасини эса минг-минглаб варақларга қатланган бадиий мўъжизалар, назмий ва насрий дурдоналар ҳамиша осмон қадар юксак тутиб туради.

Шоирнинг наздида инсонликнинг ягона шарти эл-улуснинг ташвишини чекиб яшашдир:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Навоийни халқдан сира-сира айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Гарчи у юқори табақага мансуб оиланинг фарзанди эрса-да, ҳеч қачон оммага паст назар билан қараган эмас. Ўз ҳузур-ҳаловатинигина ўйлаб, бошқаларнинг озори ҳисобига бойиб яшайдиган кимсаларни инсофу диёнатга чақиришдан чарчамаган.

 

ИБН СИНО ВА НАВОИЙ

Шоир ашъорларида қалб дарди - ишқ улуғланса-да, ҳижроннинг завқли қийноғи, дийдор даъвоси устувор бўлса-да, бироқ жисму жоннинг оғриқлари умр эгови эканлиги чуқур идрокланади. Катта-кичик назму нас­рида худди табиблардек даво-таъ­қиқлардан уқтиргилар беради. Уқтиргилари шунчаки шоирона қуруқ насиҳатлар эмас, аксинча тиб илми талабларига ҳамоҳангки, буни тасодифий ҳол деб ўйлаш, янглиш хулосадир. Ахир Навоий ўзидан олдинги ва ўз даврининг табобатидан ҳам назарий, ҳам амалий бохабар эди. Тарихий далилни Хондамирнинг юқоридаги рисоласидан қидириш мақсадга мувофиқ. Навоий "Улуғ султон Мирзо Абусаид подшоҳлиги даврида Самар­қандга - фиқҳ ва бошқа соҳалардаги катта билими туфайли иккинчи Абу Али ибн Сино лақабини олган фойдали илмлар хазинаси бўлмиш жаноб Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий ҳузурига бориб, ул жанобнинг хонақоҳидаги ҳужралардан бирига жойлашди ва маълум бир муддат давомида муносиб тарзда илм олиш билан шуғулланди. Жаноби Хожа доимо ул ҳазратнинг табиатидаги олийҳимматликни мақтар ва бошқа талабалардан устун кўрарди" (Ғиёсиддин Хондамир "Макорим ул-ахлоқ" Тошкент, "Академнашр", 2018 йил, 78 бет).

Аёнлашдики, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийни ибн Синога ўхшатилиши бесабаб эмас. У тиббий илмдорликда донг таратгани, тан олингани учун эл-улус ўртасида шундай обрў-нуфуз топган. Ёш Алишер эса, муносиб шогирд сифатида устоз меҳрини қозонган. Кейинчалик Навоий "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида қу­йидагиларни ёдга олган: "Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий Самарқанд акобирларидандур. Фақиҳ Абуллайс авлодидандур. Фиқҳда ани Абу Ҳанфаи Соний дерлар эрди ва арабиятда Ибн Ҳожиб каффасида тутарлар эрди... фақир икки йил аларнинг қошида сабоқ ўқуб эрдим, анча илтифотлар бор эрдиким, "фарзанд" дер эдилар".

Демак Алишер ёшлигидаёқ, Абу Али ибн Синони, унинг тиббий тад­қиқотларини яхши билган. Кейинчалик ҳам бу борадаги сабоғини бойитиб борган. "Хамса"нинг биринчи дос­тони - "Ҳайрат ул-аброр"ида Шарқ табобатининг қуёшини ақл рамзи - "Бу - Алийи фикрат" дея эътирофу таъриф бергани шундан.

Навоий султон Абусаид Мирзо вафотидан сўнг, яъни 1469 йилда Ҳиротга Ҳусайн Бойқаронинг ёнига қайт­ди. У салтанатнинг юқори мартабали шахси сифатида ижтимоий-сиёсий барқарорликни, тинчлик-тотувликни таъминлашди фаол қатнашди. Ўткир ақл закоси, сўзамоллиги, халқ манфаати йўлидаги сидқидил сайъ-ҳаракатлари билан мамлакати бўйлаб жаҳолатнинг пайини қирқишга, маърифат маёғини тобора баланд кўтаришга интилди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Асадулла Қодиров айтгандай: "Икки буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино билан Алишер Навоийнинг ҳаёт йўллари ва фаолиятларини кўздан кечирар эканмиз, уларда жуда кўп умумийликни кўрамиз.

Энг асосий умумийлик шундан иборатки, улар буюк гуманист - инсонпарвар киши бўлганлар, ўз ҳаётларини бутунича халқининг бахт-саодати, фаравонлиги ва саломатлиги йўлига бағишлаганлар". Иккиси халққа нафи тегадиган, уларга илмий сабоқ берадиган, саломатлигини муҳофазалайдиган, мустаҳкамлайдиган масканлар барпо қилишнинг ташаббускори, ташкилотчиси ва ҳомийси бўла олишган. Ибн Сино учун бу асосий касб-кор, машғулот эди. Навоийда эса, эл-улусга меҳризиёдалик тарзидаги олижаноб фазилат сифатида намоянланган. Шу боис, наинки буюк шоир, буюк давлат арбоби, айни маҳалда буюк савобманд қиёфасида ҳам асрлардан-асрларга ўтиб яшамоқда. Асарларида Ҳотам Тойни қанчалар улуғламасин, ўзини ҳам ундан кам бўлмасликка чоғлаган:

Ҳиммат агар бўлса Навоий санга

Бандадурур Ҳотами Тойи санга, -

деб бежиз ёзиб кетмаган. Сўзи билан иши бир, лафзи ҳалол, эҳсонпарвар ва саховатсевар эканидан ватандошларининг чексиз ихлосига мушаррафланган.

 

"КИМКИ ҚИЛСА ИМОРАТКИ, ҚАДР ТОПГАЙ"...

Навоий эзгу ниятлари ушалиши учун шахсий бойлигини элга нафдор масканлар қуришга ҳаржлаган. Бунинг ортида шахсий даромад топиш илинжи турмаган. Олийҳимматлиги шу даражада эдики, бир бинони битказмай туриб, иккинчисини тиклашга қўли гул инсонларни жалб этаверган, бош меъмори эса кўпроқ ўзи бўлган. Жамоат тўпланадиган, фойдаланадиган, тоат-ибодат қиладиган, яшайдиган, билим оладиган, покланадиган 300дан ортиқ иншоотларни барпо эттиришга эришганки, шунинг ўзиёқ Навоий ҳимматининг чеки йўқлигидан ёрқин далолатдир. Улар ичида бевосита ва билвосита тиббиётга алоқадор масжид, хонақоҳ, мадраса, ҳаммом, кўприк ва ҳовузларнинг борлиги ғоят эътиборга молик эмасми?!

Навоийнинг ҳар бир жамоат биноси, шу жумладан, саломатлик масканларини зўр хафсала билан, сурату сийратини уйғунлаштирган тарзда тиклашга, ундан сўнг бунёд қилинган вақти-ю, бажарадиган вазифаларини мужасамлаштириб, гўзал номлар қўйишга одатланганиям ғоят диққатга сазовор. Масалан, "Ихлосия" мадрасасининг номи қадрдон дўсти ва рағбаткори Ҳусайн Бойқарога беҳад ихлоси, миннатдорчилиги тимсолидир. "Сафоия" ҳаммомининг номи озодалик ва поклик маъносини ифодалайди. Нақадар шоирона ва халқона чиройли номлар берилганки, бугунги авлод бунёдкор бобосидан ибрат сабоғини олса арзийди.

Ул зот томонидан "Ихлосия", "Шифоия", "Низомия" ва "Хусравия" аталмиш 4 та мадраса қурдирилган, жиҳозлантирилган, мударрислар (ўқитувчилар) билан таъминланган. Номиданоқ қандай илмлардан сабоқлантириши аён бўлган "Шифоия"га тўхталайлик. Бу исми жисмига монанд муассасада талабалар ҳам ўқитилган, ҳам беморлар даволанган. Хондамир "Дор уш-шифо" деб атаган "Шифоия"ни академик В. В. Бартольд русча "Больница"га тенглаштиради. Аввал бинонинг ўзига тавсиф берсак: Инжил ариғи ёқасидаги "Ихлосия" мадрасаси рўпарасида тикланган. Мовий гумбазли. Деворлари қизил ғиштдан. Ҳовлили. Саҳнига ҳатто яқиндаги тоғнинг ёқимли "нафаси" - майин шабадаси эсиб туриши ёзилган.

Навоийнинг шифохонасида ўз замонидаги бошқа мадрасалардан фарқ­ли равишда фаолият юритилган. Яъни ҳозирги тиббиёт институтига ўхшаш тарзда бўлган, десак ҳам янг­лишмаймиз. Ахир "Шифоия"нинг шуҳрати қўшни юртларгача кетганини шаҳодатловчи маълумотларга эгамиз. Биргина мисол. Самарқандда яшаётган Хожа Носириддин Убайдуллоҳдек улуғ инсон хасталаниб қолганида нажот истаб Навоийга хабар йўллаган, даволаш учун моҳир табиблардан жўнатишини сўраган. Албатта, Навоий зудлик билан Хожа Аҳрор Валий ҳузурига мударрис Мавлоно Низомиддин Абдулҳай табибни юборади.

Шунингдек, ўша замонда Навоий илтифоти билан Муҳаммад Муъин, Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворий, Дарвишали, Абдулҳай Туний сингари "Мавлоно" ва "Табиб" нисбалари билан улуғланган тиббиёт илмдорлари камолот касб этишган. Улар мударис-табиблик мақомида юксак мартабага етишишган. Ҳар бирлари "серқирра салоҳият"га эга бўлишса-да, ўз фаолиятларида маълум соҳада ихтисослашишниям уддасидан чиқишган. Чунончи, Мавлоно Муҳаммад Табиб тиббий тарғиботга эътиборини кучайтирган. Даволашга доир рисолалар битган.

Табиб ва олим тўғрисида Хондамирнинг "Хулосат ул-ахбор" рисоласида қуйидаги қимматли маълумот келтириб ўтилган: "Олимнинг чеҳраси турли илм ва фазилатли фанлар билан безатилган, айниқса шарофатли тиб илмида зўр маҳорат ҳосил қилган. Чунончи, шу вақтда Илоқийнинг (Ибн Сино замондоши) "Даво усуллари"га вақт талабига лойиқ ҳошия ёзиб, уни аъло ҳазрат Алишернинг шарофатли номлари билан безаган".

Навоий яхши билардики, қўлида дори-дармони йўқ табиб, гўёки камон-ёйсиз мерган-овчидек ожиз тураверади. Бемор танасини эгаллаётган "ёв"ни даф этишга қурби етмайди. Табибларнинг муолажа воситаси-турли гиёҳлардан тайёрланган шифобахш ўтлар, суюқликлар, малҳам сурт­малар ҳамиша "Шифоия"да тахт туриши учун қайғургани аниқ. Хондамир "... кишилар дору-дармон ҳамда дору ичимликларни ҳамма вақт ўша муборак жойдан топиб келадилар" деб бизни воқифлайди.

Бундан яна бир ҳолатни сезишимиз мумкинки, ул зотнинг шифохонаси қошидаги дорихонанинг тиббий маҳсулотлари бошқа ердагилардан кўра арзон баҳода сотилганига шубҳа йўқ. Чунки, Навоий учун халқ саломатлиги йўлида ишлаётганларнинг аксарияти аввалдан маълум эди. Уларнинг мижози кўплигини, манзур хизматини мамнуният билан китобларига муҳрлаган. Хожа Али ибни Ҳасан Кирмоний ҳақида "... Дорихонаси бор эрди ва иши тартиб ва низом била эрди қалин муридлиғ ва яхши муомалалиғ даъвиси бор эрди" дейди "Насойим ул-муҳаббат" асарида.

Тарихдан аёнки, ўша XV асрда Ҳиротнинг ўзида бир неча жамоа шифохоналари халққа хизмат қилган. Улар ўртасида Навоий қурдирган ва доимий ҳомийлигида, назоратида иш юритган тиббий муассаса тезда алоҳида нуфуз топди. Бироқ кўнгли эзгуликларга тўла қўли узун зот шу билангина кифояланиб қолмади. Хуросон ҳукмдори Султон Абусаиднинг (1459 - 1469) катта хотини Маҳди улё Милкат оға томонидан шаҳар ичкарисида қурилган "Дор уш - шифо"га ҳам алоҳида эътибор қаратди. Қаровсиз касалхона таъмирланди. Қайтадан одамларнинг нажотгоҳига айлантирилди. Шахсан ул зотнинг илтифоти ила Мавлоно Дарвишали табибга шифохона мударрислиги топширилди.

Содиқ САЙҲУН.

 

(Давоми бор).