(Ҳикоя)

Бобом айтардилар: "Ақл билан кўнгил гўё Вужуд мамлакатининг шаҳзода ва маликаси. Шаҳзодага ўйлаб-ўйлаб иш тутиш одат. Малика ҳис-туйғулари банди. Иккиси икки томон. Ақл - режали, Кўнгил - беқолип. Ақл - тўхтатади, Кўнгил - ундайди. Ақл-тийиқли, Кўнгил-бежилов. Мудом тортишиш билан овворалар. Гоҳ униси, гоҳ буниси ғолиб. Вужуд барибир иккисига тобеликдан мувоназанатини сақлашга мойил. Бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шу айро жуфтликка боғлиқ". Мен таниган йигит ва қизнинг ишқ сўқмоқларидаги изтироблариям, висол бекатига осонгина етиб келмаганиям шундан.

 

* * *

- Лобар, шошмагин, сенга гапим бор, - деди коллеж ҳовлисида орт­ма-орт эргашиб келаётган Ботир.

Қиз қўққис тўхтаб қайрилди.

- Агар узр сўрамоқчи бўлсанг, ўзингни кўпам қийнама, қайта такрорламаслик шарти билан кечирдим.

- Ростданми? Унда...

- Нима унда, нотўғри ўйладинг, жанжалкашларни сираям жиним суймайди.

- Тушундим.

- Наҳот дарров сенга ақл кириб қолган бўлса. Мениям, Мўминниям тинч қўй! - Қоровуллигингга асло зормасман. - Қизнинг мағрурлиги тутди яна.

- Лобар, мен ўзгараман.

- Ўзгарсанг ўзгаравер, ўзгаришингга кўзим учиб тургани йўқ!

- Ишонмаяпсан-а...

Лобар шитоб билан кетиб юборди. Ботир эса, чиндан афсусланди. Ахир уни қизғониб, кутубхонада ёнма-ён ўтирган Мўминни имлаб чеккага чақиришига бало бормиди. Бу бола Лобарнинг шунчаки дўстику, бирга дарс тайёрлашларини ошиқ-маъшуқликка йўйиши ақлданми. Ўзи Мўминдек аълочи бўлмасаям, гуруҳдаги барча йигитлардан кўра бўйдор, қадди-қомати келишган. Рақиб санаганининг бўйи Лобарникидан пастроқлиги қолиб, жуссасиям кичик, оп-ориқ. "Ҳой, якка синч, ҳаддингни бил!" дея камситганини эшитган Лобар гап нимадалигини фаҳмлагач, китоб-дафтарини зардали ҳолатда дасталаб, ўқрайиб қараганидаёқ катта хатога йўл қўйганини англаганди. Лекин ўжарлигини тиёлмади. Яхшиямки, Мўминнинг кўз ойнагини юлқиб олиб, баланд жавон устига ирғитиб юбораётганида қиз кутубхонани тарк этишга улгурганди...

Ботир эртасига эрталаб қизни коллеж дарвозаси тагида кутди. Негадир ундан дарак бўлавермади. Ё барвақт келиб хонада ўтирганмикин? У ичкарига чопди. Партадошининг ёлғизлигини кўриб, бадтар ташвишланди.

- Дугонангиз қани? - сўради Сайёрага яқин бориб.

- Билмадим, - дея бепарвогина елка қисди у.

Сўнг базўр Мўминга юзланди. У Ботирнинг нима демоқчилигини нигоҳидан пайқади шекилли кечаги воқеани эслатишга ҳам уринмади. Гинани унутиб, дардкашликка ўтди.

- Лобарнинг ҳеч бунақа одати йўқ эди. Балки бориб хабар олармиз.

Машғулотлар тугаши билан иккови Лобарларникига шошилишди. Кўча эшиги ғиппа берк экан. Тақиллатишди, овозларини кўтариб чақиришди. Ичкаридан ҳеч садо эшитилмади. Ботирнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бошини нохуш ўй-хаёллар чулғади...

 

* * *

Кенг ва муҳташам залда бу гал фақат ҳарбийларгина эмас, уларнинг оилаларигача жамулжам. Рўпарадаги саҳнанинг орқа пардасини Қуролли Кучларнинг қудратини акс эттирган кенг қамровли тасвир эгаллаган. "Мардлар қўриқлайди Ватанни!" шиори юқорида ёрқин рангда жилоланиб турибди. Ҳаяжонли дақиқалар. Барчанинг нигоҳи округ қўмондони, генерал-майор Жавлон Жабборовда. У ҳарбийларга хос виқор билан нутқ ирод этмоқда.

- Сизлар Ватан ҳимоячиси деган номнинг шону шавкатига муносиблик мақомига эришаётган зобитларимиз, сержанту курсантларимизсиз. Буюк ва бунёдкор халқимиз яшаётган Ўзбекистонимизнинг жанубий чегараларини қўриқлашда кеча-кундуз сергаксиз. Хоҳ ердан, хоҳ осмондан туғиладиган хавф-хатарни ўша заҳоти даф қилишга қодирсиз. Ёш лейтенант Латиф Муродов ротаси билан яқинда амалга оширган жанговар операциясининг зафарли якуни ҳам шуни тасдиқлайди. Марду майдон ҳарбийларимиз дарёга ғаввосдек шўнғишиб, юртимизга гиёҳванд моддаларни ўтказиш ҳаракатидаги чегарабузар ғаламисларни жонли "қопқон"га туширдилар. Мен бугун жасур командир Латиф Муродовнинг кўксига Президентимиз Фармони билан берилган "Жасорат" медалини сизларнинг шоҳидлигингизда тантанали суратда тақиб қўйсам.

Гулдурос қарсаклар янгради. Олдинги қаторда ўтирган лейтенант ўрнидан туриб, минбар сари шахдам қадамлар ташлади. Генералнинг илтифотига сазоворлангач, залдагиларга қайрилди. Ҳайкалдек қотиб, ғоз турганча: "Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!" деди баланд овоз билан ғурурли оҳангда...

Полковник Дониёр Даминов анчадан буён орзиқиб кутилган хушхабарни эълон қилиши билан ҳамма хурсандлигидан қийқириб юборди.

- Демак, ҳозир ҳар бири қирқ хонадонли олтита тўрт қаватли "дом"­нинг харбий хизматчиларимизга тақсимот рўйхати ўқиб эшиттирилади, - давом этди комбат зал тинчлангач. - Кейин биргалашиб уй кирдига ўтамиз...

Оилалари билан қулай ва шинам хонадонлар эгасига айланаётган Ватан посбонлари ғоят кўтаринки кайфиятда ташқарига чиқишганида ҳарбий қисмга ёндош янги шаҳарчада карнай-сурнай садолари авжида эди. Икки тарафга бир-бирига қаратиб замонавий меъморчилик андозаларида тикланган қатор уйларнинг кириш йўлаклари ранго-ранг шарлару гуллар билан безатилган. Ўртадаги кенглик болаларнинг ўйин майдончаларига айлантириб қўйилибди.

Лейтенант Латиф Муродов қўшалоқ қувончни бутун оиласи билан биргаликда баҳам кўрмоқни истаб кечадан буён тараддудда эди-да. Мана, ниятига етди. Янги хонадон остонасидан ичкарига ҳатлаган онаси ҳайратдан ёқасини ушлади.

- Вой-бўй, мўъжизанинг ўзи-я. Замонамиздан ўргилай, замонамиздан. Ота-онангиз кўрмаган мурувватни давлатимиздан сизлар кўрибсизлар, фарзандларим. Меҳрибон Президентимизга минг бора раҳматлар айтсак ҳам оз. Илоҳо, тинч-осойишта юртимизга, бахту-саодатли давру давронимизга ҳеч вақт кўз тегмасин!

Ҳосият холанинг тўкин дастурхон атрофидаги эзгу тилаклари, ёшларга панду насиҳатлари алламаҳалгача тинмади.

 

* * *

Ботирнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Лобар қаёқда юрганини кечгача билолмай изтироб чекди. Жанжалкашлиги қимматга тушишини ўйлаб, хуноби ошди. Уйига қайтгач, ўзини чалғитиш учун телевизор пультини ушлади. Ёқтирган кўрсатувларини қидира кетди. Ҳатто "Зўр"ни томошалашга ўзини қанча зўрламасин барибир кўнглига ҳаловат ораламади. Беихтиёр "Севимли" каналини "Ёшлар"га алмаштириши билан ҳайратона ҳол рўй берди. Не кўз билан кўрсинки рўпарасидаги телеэкранда Лобар мамнун қиёфада сўзларди:

- Менинг акам - менинг фахрим. У лейтенант, командир, Ватан пос­бони. Ойим иккимиз кеча тонготарда Намангандан Сурхондарёга қушдай учдик. Бугунги кун таассуротлари бир умр ёдимиздан чиқмайди.

- Сиз келажагингизни қандай тасаввур этасиз?- яна саволга тутди мухбир.

- Отадан етим қолганмиз, - дея бир лаҳза тин олди Лобар. - Акам Латиф Муродов етимлигимни сездирмади. Унинг Ватанга садоқати, эл-юртга фидоийлиги, жасоратни инсоний фазилат хисоблаши мен учун ибрат тимсоли. Нигорахон янгамга жуда ҳавас қиламан. Қанийди, мениям ҳаёт улар каби акамдек марду майдон ҳамхона билан сийласа...

Ботир ғоят таъсирланди. Янги уйда катта тўкин дастурхон атрофини тўлдириб ўтирган бахтиёр оила даврасида ўзини Лобар билан бирга тасаввур этди. Ҳарбий либосдаги, алпқомат, чақноқкўз лейтенантга, қайноғасига ўхшаса ёмонми. Энди Лобарнинг кўнгли қандай йигитга мойиллигини сезди. Ширин хаёлларга берилганча унинг телефон рақамини яна терди. Ёқибди. Сигнал кетавердию... Энди Ботир асабийлашмади. Сабр сабоғи деб тушунди буни. Ўзида ўзгариш бошланганини ИЛК БОР ўзи пайқади. Ёстиққа бош қўйган билан алламаҳалгача бедор ётди...

 

* * *

Субҳидамда уйғонди-ю, спорт кийимини кийганча ҳовлиси ортидаги дала йўлига ўтиб, ярим соат чамаси югурди. Қайтиб апил-тапил нонуштага ўтиргач, коллежига шошилди.

У гуруҳ хонаси эшигини аста очганида қизу-йигитлар Лобарни ўраб олишган эди. Дарров Мўминнинг ёнига бориб, даврага қўшилди.

- Кечаги интервью сенгаям маъқул келдими, Ботир?-деди Лобар жилмайиб.

- Акангизга қойил! Қани эди мен ҳам Латиф Муродовдек бўла олсам, - деди у севинчи ичига сиғмай.

Лобар унинг гапларини беэътибор қолдирмади.

- Аҳдинг қатъий бўлса, бунинг ҳеч қийин жойи йўқ, фақат кучни фойдали ишларга сарфлашни ўрганиш, ҳарбийликка дахлдор китоб­ларни кўпроқ ўқиш керак, холос.

Қизнинг самимий сўзлари йигитни беҳад сеҳрлаб қўйди. У ҳарбий таълим, тўгарагига аъзо бўлди. Кўп ўтмай мерганлар мусобақасида барча тенгдошларидан устунликка эришди. Авваллари кутубхонага Лобарни излаб кирадиган йигит энди китоб қидирадиган қилиқ чиқарди. Ҳатто шу ернинг ўзида мукка тушиб мутолаа қилади. Бугун ҳам ўқиганини қайтариб, янгиларини сўради.

- Қайси китобни ўқимоқчисан?-саволга тутди Лобар уни кутубхонада учратиб.

- "Темур тузуклари"ни.

Қизнинг юзида ёқимли табассум жилваланди.

- Қойил!

- Нимага?

- Ўзгарибсан, акам ҳам шу китобни қўлларидан қўймасди.

Ҳозир дунёда Ботирдан бахтлироқ одам йўқ эди гўё...

Манзура АБДУЛЛАЕВА.