Афсуски, пойтахт Ахсида туриб, Фарғона вилоятини бошқараётган ҳукмдор фожиали ўлим топди. "... Бу аснода ғарийб воқиъа даст берди, мазкур бўлуб эрдиким, Ахси қўрғони баланд жар устида воқиъ бўлибтур, иморатлар жар ёқасида эрди. Ушбу тарихда душанба куни рамазон ойининг тўртида Умаршайх мирзо жардин кабутар ва кабутархона била учуб, шунқор бўлди. Ўттиз тўққуз ёшар эрди". (9-бет).
Аммо, халқ орасида Умаршайх Мирзога суиқасд уюштирилган деган гаплар ҳам юради. Бу ҳақда бухоролик адабиётшунос олим, профессор Раҳим Воҳидовнинг "Биз билган ва билмаган Бобур" (2008) китобида қуйидаги фикрлар айтилади: "Ҳарҳолда шунча вақт мустаҳкам турган кабутархонанинг тасодифий учиб кетиши сирли ҳодисадир. Яна бир ҳақиқатни ҳам эътибордан узоқлаштирмаслик лозим. Ҳамма даврларда тахт ларзада эди. Уни ўз тасарруфига олмоқчи бўлганлар ё пинҳона, ёхуд ошкора ҳаракат қилганлар. Умаршайх Мирзо тақдири ҳам бу жараёндан холи эмас эди".
Пойтахт Ахсида қарийб 30 йил умр гузаронлик қилган (бемалол ахсилик дейишга ҳақлимиз),-39 ёшда ҳаёт билан видолашган Темурий подшоҳ ҳақида озми кўпми тасаввур туғилди сизда. Энди оиласи тўғрисида мухтасар маълумот берсак. Мирзодан уч ўғил, беш қиз қолган. Ўғилларининг тўнғичи Заҳириддин Муҳаммад Бобурни катта хотини Қутлуғ Нигорхонимдан кўрганди. Жаҳонгир Мирзо Бобур Мирзодан икки ёшга кичик бўлиб, Фотима Султондан эди. Яна бири Носир мирзо эса Умид исмли умр йўлдошидан бўлиб, Бобурдан тўрт йил кейин туғилганди.
Қизларидан энг улуғи Бобур мирзонинг беш ёш катта опаси Хонзодабегим бўлган. Меҳрибонубегим Носир мирзонинг опаси, Шаҳрибонубегим синглиси эди. Ёдгор Султонбегим, Руқия Султонбегим каби қизлари Оға Султон, Қоракўзбегим исмли хотинларидан зурриёдларидир.
Бугун Умаршайх Мирзо Ахси тупроғида мангу уйқуда ётибди. Унинг дафн этилган мозор жойини излаб топиш, агар бунга мушарраф бўлинса, мўъжаз ва муносиб мақбарасини тиклаш ғоят хайрли вазифа сифатида бунёдкору ижрочиларни кутмоқда. "Бобурнома"да эса зарур маълумотлар учрайди: "Ахсига етиб отамнинг мозорини тавоф қилдим", "... бизни Ахси қўрғонига олиб борди, Тошқўрғонда отамнинг иморатларида менга юрт ва макон таъйин қилибтур. Бориб анда туштум", "Урушқа таъйин бўлганларни ерлик-ерига турғузиб, машварат қилмоққа отамнинг гўрхонасига келиб тушуб, Жаҳонгир Мирзони (ўгай укаси - С. С.) ҳам тиладим. Муҳаммад Дўст ёнди. Шайх Боязид билан Қанбар Алибек келдилар. Мақбаранинг жануб айвонида ўлтуриб машвард қилмоқда эдукким, Жаҳонгир Мирзо Иброҳим чопуқ билан сўзни буларни тутмаққа қўйғон экандурлар, Жаҳонгир Мирзо менинг қулоғимга айттиким, буларни тутмоқ керак". (101-бет).
Биз керакли жойига эътибор қаратсак, Умаршайхнинг қабри Тошқўрғонда экан. Албатта, подшоҳнинг мангу қўнимгоҳи устига айвонли мақбара тикланибди ҳам. Ҳозир Ахсида Тошқўрғон аталган жой кўпчиликка маълум. Бироқ, 1620 йилги кучли зилзила, орадан кечган 521 йиллик узоқ давр мозору мақбарани тупроққа тенглаб юборганини яшириб бўлмайди. Ҳудуд аниқ, балки қазувлар ўтказиш хаёлдир, аммо, тахминий ҳолатда ҳақиқатга яқин хулосага келиш, ўрнини белгилаш, жуда бўлмаганида рамзий мақбарасини тиклашни ниятлашнинг вақти етиб келгандир. Бу хайрли таклиф ва юмуш ахсиликлар, қолаверса тўрақўрғонликлару наманганликлар эътиборига ҳавола. Эзгу саъй-ҳаракатларимиз Умаршайх мирзо ва Бобур мирзо руҳларини шод этишга уриниш ҳамда савобмандликка интилиш эканини ҳис этсак, журъатимиз тезлашармиди, азиз ҳамюртлар?!
Дарвоқе, ахсилик таниқли мусаввир, педагогика фанлари номзоди, халқ таълими аълочиси, дўстимиз Алижон Турдиалиев ғоят хайрли ишга қўл урибди. Тўрақўрғон саноат-транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари билан учрашувимиз чоғида у ўзининг чизма-расм альбомини мухлисларга туҳфа этди. Энг қизиқиш уйғотган расм-портретлар ичида Фарғона ҳукмдори Умаршайх мирзо тасвири бўлди. Иқтидорли ижодкор бу портретнинг бир неча эскизларини олдиндан яратган экан. Энг мақбули келгусида танланади. Буни аниқлаш учун эса "Бобурнома"даги таърифу тавсифлар асқотиши шубҳасиз. Шундай қилиб, биз ҳозиргача бундан беш асрдан зиёд вақт илгари Ахсида яшаган, вилоятни бошқарган темурий ҳукмдор аждодимизнинг суратига эга бўлмоқдамиз. Изланишлар эса жиддий давом этишига умидвормиз.
Содиқ САЙҲУН.
(Тамом).
p
p