Ёхуд Бобур Мирзонинг отамакони - пойтахт шаҳар Ахсини сўнгги бор тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги армонли ҳикоя
(Охири. Бошланиши аввалги сонларда).
Ахси шаҳрининг шимолига, яъни олд тарафига камон фасил (девор) кўтарилган бўлиб, унинг устида бемалол одам чопиб юриши мумкин эди. Шаҳар дарвозасидан чиқиш осон кечмади. Ҳам отда, ҳам пиёда, ҳам девор устида аридай изғиётган душман навкарлари Бобурни таъқиб қилишдан тўхтайдиган чоғи йўқдай кўринарди. Не-не катта жанглардан боши омон чиққан шаҳзода учун гарчи бу тўқнашув жуда ваҳимали туюлмаса-да, урушдаги салгина бепарволик, салгина янглишиш қимматга тушишини, ҳалокатга учратишини яхши биларди. У ўз атрофидаги хавф-хатарни қандай даъф қилганлигини кейинчалик "Бобурнома"сига яширмасдану оширмасдан, қандай ҳолатда кечганлигини ҳаққоний равишда битиб қўйган:
"Ушбу ҳолатда бир яёқ фасил (девор) устидин қочиб борадур. Бўркини фасилнинг кунгурасига кўклай оттим. Борки кунгурага қадоғлиқ-ўқ қолди. Дастори илгига чуюлуб борди. Яна бир отлиқ менинг ёнимдин Шайх Боязид қочқон кўча сари қочиб борадур, қилич била чўққисиға сончтим. Оттин эгилиб эдиким, кўча томиға таянди, йиқилмади, ташвиш била қочиб қутулди. Дарвозаға бўлғон отлиқ-яёқни қавлаб, дарвозани олдук. Иш тадбирдан ўтиб эди. Нечуким, икки-уч минг яроқлиқ киши аркта, бир юз-икки юз киши Тошқўрғонда. Яна Жаҳонгир Мирзони бир сут пишими бурунроқ қавлаб чиқариб-турлар. Кишимизнинг ярмини анинг била чиқарибтурлар...".
Юқоридаги парчада Бобур душман навкарининг бўркини девор кунгурасига камон ўқи билан қадаб қўйганини ўқир эканмиз, беихтиёр Алишер Навоийнинг "Сабъаи сайёр" достонидаги Баҳром образи ёдимизга тушади. Бу ҳукмдор чопиб кетаётган кийикни шундай маҳорат билан ўлжага айлантирадики, ўқни бундай нишонга уруш унча-мунча мерганнинг қўлидан келавермасди. Бобурнинг Ахси фасили устида чопиб бораётган яёқнинг бошидаги бўркини кунгурага михлаб қўйиши асло тасодифий ҳол эмасди. Мана шу йигирма ёшида бениҳоя ўткир кўз, бениҳоя довюрак, отгани нишонга бехато тегадиган чинакам мерган эди. Наинки, етти ёт душманлар, айни вақтда сулоладошларигача ота макони Ахсида тахт ворисига яна қўним беришмади.
Ҳаёти таҳликада турганига қарамай, Бобур иниси Жаҳонгир Мирзони йўқлагувчи одамни аркка юбориб, ўзи шериклари билан тағин дарвоза олдида кутиб турди. Аввал эшитган гаплари тезда тасдиғини топгачгина, отларига яна қамчи уришди. Ноилож Ахсини тарк этишларига тўғри келди.
"Биз пули равондин ўтуб эдикким, пули равоннинг шаҳр тарафиға ёғий кишиси етти, Қосимбекнинг ўғли Ҳамзанинг онасининг отаси Банда Алибек Иброҳимбекка қичқириб айтадурким, дойим таассуб ва лофинг бор эрди, тур, қилич олишалинг". Бу қичқириқни эшитган Иброҳимбекнинг ори келди, ғурури уйғонди. У Бобур билан отда ёнма-ён борганча ортига ўгирилди.
- Кел, не монедур, бир бошга бир ўлим ҳар вақт бор! - деди бақирганча.
Бироқ Бобур унинг шаштини кесди.
- Ҳозир тўқнашадиган, ғурурни ўйлайдиган маҳалми Иброҳимбек! Шошилмасак ўзингизга ҳам, бизларга ҳам жабр ёғилур!
У Ахси шаҳзодасининг раъйига қарши иш тутишга ботинолмади. Кўнгли хираланди-ю, узоққа бормади. Ёғий Банда Алибекка аччиқ қилишдан кўра, сафдошлари омонлигини муҳим ҳисоблаб, отини чоптиргани тўғрилигини бир тўда ёв таъқиб қилиб келаётганини кўргачгина тушуниб етди. Ахсининг мағрибидан оқиб, Сайҳун дарёсига қўшилувчи Резаксойни отлар бирин-кетин шиддат билан кечиб ўта бошлаганда яқин келиб қолган Банда Алибек Иброҳимбекдан аламини олишга яна бир бор уриниб кўрди. "Ёғий кишиси бизинг сўнгимизгача жоловрез кишимизни тушира келадур. Ахсининг бир шаръисида (бир шаръи 2000-3000 метр-С.С.) Гунбази Чаман деган ер бор. Гунбази Чамандин ўта Иброҳимбек мени чарлайдур. Кейин боқсам Шайх Боязиднинг бир чўҳраси Иброҳимбекка тегурубтур. Жиловимни ёндурдум. Хонқули Баёнқули менинг ёнимда эди. Бемаҳал ёнмоқдур, деди. Жиловимни олиб тебради. Сангга етгунча аксар кишимизни тушурдилар...".
Хуллас, Ахси ҳукмдори Умаршайх Мирзонинг тўнғичи Бобур Мирзонинг ота маконида толеи кулмади. У шу кетганча уч кун Чуст атрофи - Карнонда жон сақлагач, Андижонда вақтинча паноҳ топди. Хон додалари - ака-ука Султон Маҳмуд ва Султон Аҳмадларнинг ҳузурида 4 ой яшади. Унга бу ерда на овунч, на умид бор эди. Аммо, шаҳзодага хайрихоҳлар кундан кун кўпаяверди. "Ҳар ерда борғон-кўрган навкарларим йиғилдилар. Уч юздан кўпрак киши бор эди. Хотиримга келдиким, токай бу Фарғона вилоятида саргардон бўлуб турмоқ керак, бир тарафға талаб қилойин деб". Бобур Мирзога Мовароуннаҳрдан бош олиб кетиш энг тўғри йўл бўлиб кўринди.
Содиқ САЙҲУН.