Албатта, баҳорнинг ўзи яшариш, яшнатиш фасли ҳисобланади. Нав­рўзда бу янада ёрқинроқ, яққолроқ кўзга ташланади. Яхши биламизки, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш юмушлари март ойида авжланади. Шанбалик ҳашарларида етти ёшдан етмиш ёшгача фаол қатнашади. Ерлар экишга тайёрланади ва дастлабки уруғ ташлаш шу қултуғ айёмдан бошланади.

Умумхалқ байрами ҳисоблангани учун Наврўз нафаси ҳар бир хонадонда, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир ўқув ёки меҳнат жамоасидаги жонланишда, ўйин-кулгуда, оммавий тадбирларда сезилади. Дошқозонлар осилиб, сумалаклар қайнатилади. Туни билан катта ўчоққа ўт қаланиб, эрта тонггача пиширилади. Сўнг қадрдонларга, маҳалла-кўйга тар­қатилади. Сумалак тановвул қилган кишиларда соғлом руҳий кайфият пайдо бўлади. Меҳр-оқибат кучаяди. Илик узилди пайтида сумалак чинакамига дармондорига айланади.

Наврўз анъанавий шоду ҳуррамлик айёмига айланиб, элнинг кайфиятини беҳад кўтариб юборади. Халқни истиқболдаги буюк мақсадлар сари сафарбар этишга, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади. Президентимизнинг Наврўз байрамини ўтказишга доир Фармонларида таъкидланганидек: "Нав­рўзнинг байрам қилиниши теран халқ анънаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничиликка, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилишлари тикланишининг қудратли омили бўлмоқда. Наврўз халқ байрамининг инсоний ва байналминал моҳияти ҳам ана шундадир".

Бу йилги байрамнинг янада кўтаринки руҳда нишонланишини халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлигига уйғунлиги билан баҳолашимиз мумкин. Истиқлолли ва истиқболли юртимиз тинчлиги, равнақи, халқимизнинг фаровон турмуши барқарорлиги барчамизнинг ягона ғоямиз, ягона мақсадимиз эканини ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа кўриб-билиб турибмиз. Ҳалол меҳнатларимиз, фаол саъй-ҳаракатларимиз эзгу ниятларимиз рўёбига йўналтирилгандир.

Айниқса, 2015 йилнинг "Кексаларни эъзозлаш йили" сифатида номланиши ва бу борада қабул қилинган Давлат дастури ижроси изчиллигини таъминлаш ёши улуғларимизнинг ҳаётдан мамнунлигини янада кучайтиради. Уларнинг умрини узайтиради. Истиқлолга шукроналик туйғуларини жўш урдиради. Бизнинг тиббиёт тизимидаги хизматларимиз бевосита кексаларга ғамхўрликка қаратилгандир. Февраль ойидан бошланган тадбирларимиз йил охиригача давомли бўлиб қолмоғи керак. Чунки, кексалари ардоқланган юртнинг нафақат бугуни, балки эртаси ҳам порлоқ бўлиши шубҳасиз.

Наврўз нашидаси ҳар биримизнинг оиламизга битмас-туганмас шодлик, бахту саодат олиб кирсин, азиз ҳам­юртлар!