Ёхуд Бобур Мирзонинг отамакони - пойтахт шаҳар Ахсини сўнгги бор тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги армонли ҳикоя

(Давоми. Бошланиши аввалги сонларда).

Ахсининг ўртасидаги очиқ текис майдонига бир гуруҳ отлиқ йигитлар қўйилган эди, қарасаки, Аҳмад Танбалнинг кўп сонли отлиғу пиёда навкарлари лашкарларини у ердан суриб, кўча ичига қувиб соляпти. Бобур шериклари билан ёғийлар устига от қўйди. Камонини ёйлаб, жангариларни бирин-кетин қулатишга тушди. Ур-ур, сур-сур билан яна дўсту душман очиқ майдонга чиқди. Бобур энди от устида қилич ўйнатиб, тум-тарақай қочаётган фитначиларни тиғга дучор қилиш учун жон-жаҳди билан қувиб бораркан, қўққисдан отининг олдинги туёқлари букилиб,шаҳзода ерга мункиганча тушди. Оти уни ерга ургани билан, яна ўзини ўнглади, тезда отини яралаган душман навкарига қарата камонидан ўқ узди. Нишон аниқ олингани учун душман узоққа кетолмади. Шу пайт шаҳзоданинг атрофини сергак йигитлари ўрашди. Соҳибқадам Комил отини Бобурга тутди. У ўйлаб ўтирмай, эгарга чаққон минди-да, бу ерда ўзига қарашли кишиларни қўйиб, бошқа кўчаларнинг боши томон от солди. Бироқ Комилнинг оти Бобурнинг шахдига тўғри келмаётган эди. Жиловини бўш қўйганча силтаб-силтаб, икки биқинига оёқлари билан қанчалик ниқтамасин чопишга тоби йўқдай хиралик қилаётганди. Ёнма-ён олға интилаётган Султон Муҳаммад Вайс Бобур қайналаётганини кўрибоқ чидаб туролмади.

- Тўхтанг, Мирзом! - деди-да, забун отнинг жиловини бир қўли билан маҳкам тутганча шаҳзодага юзланди.

- Отларни алмашамиз! - дея жавоб кутмаёқ ўзи эгардан ерга тушди.

Зум ўтмай Бобур чапоғон отга ўтирди. Рақибларини маҳв этиш учун шиддат билан олға интилди. Султон Муҳаммад Вайс муҳофаза қилиб, ортма-орт бориш учун остидаги отни устма-уст қамчилаганча ҳоли жонига қўймасди. Кейинги кўча ичидан Қамбар Алибек Қасимбекнинг яраланган ўғли билан отларини елдириб чиқиб келишди. Бобур сўрашга улгурмасиданоқ аҳволларидан огоҳ этишди.

- Фурсатни қўлдан бермайлик, хиёнаткорлар фирибига дучланибмиз, ҳозиргина Жаҳонгир Мирзони зўрлаб қўзғатдилар. Ахсини тарк этишга мажбурлашди. Биз эса мутаҳаййир бўлдук.

Бирдан Бобурнинг хаёлига "Поп қўрғонидан паноҳ топиш керак", деган фикр ялт этди-ю, аркка боришдан тийилди. Оти бошини ортга қайирган эди ҳамки, қўрғон беги Саид Қосимнинг ўзи рўпарасида турибди. Таажжубдан бир лаҳза қотиб қолди. Шундай пайтда мустаҳкам берк қўрғон қўлда бўлганида эди...

- Иброҳимбек, не қилмоқ керак? - деди Бобур нажот истаб.

Иброҳимбек жангда яраланганиданми ёки гангиганиданми, жавобга оғиз очолмади.

- Ҳозир ҳеч киму ҳеч нимани кутишдан заррача фойда йўқлигини англаган Бобур Ахси дарвозасидан чиқиб, хандак устидаги катта кўприкдан ўтиб, куч жиҳатидан анча устун турган кўпсонли душмандан қолганларнинг жонини сақламоқ учун кўпрукни бузиб, Андижон сари равона бўлишдан ўзга чора кўрмади. Бобур ишораси билан дарвоза тарафга биринчи Бобо Шерзод оти бошини бурди.

- Мирзом, зарбу зўр билан дарвозадан чиқиб олмоқ сўнгги нажотимиздур!-деди шерикларини ҳам ортидан эргаштириш учун.

- Биз барибир Ахсига қайтамиз, кўр ҳассасини бир марта йўқотур!-деди мардона оҳангда Хожа Мир Мирон.

Бобур навкарларини ёлғиз ташлаб, ўзининг жонини сақлашни ор биларди. Унинг кўзлари ҳали ҳам яқин атрофдаги шерикларида эди. Қараса, Сайид Қосим билан Дўст Носир қиличларини ялонғочлаб, душманни тум-тарақай қилиб орқама-орқа келишмоқда. Бобур сал хотиржам торт­ди. Иброҳимбек ва Мирзоқули кўколтош билан илгарилаб боришаркан, дарвозага яқинлашганида не кўз билан кўрсинки, алдоқчи, хиёнаткор Шайх Боязид уч-тўрт отлиқлари билан рўпарасида турибди. У камонини тез ёйлаб, қабиҳ душманни қулатишга уринди. Кўйлаги устидан фаражий кийган Шайх Боязид отига қапишганча бошини ўққа аниқ нишон бўлишидан аранг асради. Оти жиловини ўнгга силтагани фойда берди. Изтиробга тушганича, Бобурдан қочиб қолди. Яккама-якка жангга киришга ботинолмади.

Чунки, Бобур икки бор Самар­қанд тахтини эгаллаган, ғолиблик шон-шуҳратига моҳир саркардалиги учун эришганини яхши биларди. Дарвозани қўриқлаётган Шайх Боязиднинг пиёда нав­карлари талвасага тушганди. Мирзоқули улардан бирини ёй билан яралади, бири эса Иброҳимбекка ўқ отди, лекин хато кетди. Шитоб билан ўтишганда ётиб қолгунча отиб қол қабилида Бобурни ҳам мўлжалга олган эди. Эгнидаги қалмоқи жибасининг икки қад ёфроғини ёй кесиб ўтди. Ёғийга ўша ондаёқ Бобур жавоб ўқини узди. Таранг тортилган камондан учган тиғли ёй қочаётган душманнинг орқа белига санчилди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)