Демак, журналга муҳаррирлик шоира ижодига ҳаёт нафасини яқинлаштирган, давр даъватига ҳозиржавобликка ҳозирлаган. Халқ билан ҳамқадаму ҳамкор аёл бора-бора шу халқнинг овозига айланган. Унинг номи, асарлари сарҳадлар ошиб, дунёга таралган. Шарқ аёллари тимсолида намоёнланган. У тонгги мусаффоликни, тонгги тароватни, тонгги орзу-умидларни тонгдек оппоқ варақларга тонгги шабнамдай тўкишдан бахти тўкислик излаган. Мисралар, байтлар бағрига қуёшдек серёғду ва сертаф ҳайрат ҳиссиётларини жо этишга интилган. Ўзбек шеъриятига шуҳрат эпкинларини киритган. Аллома аёлнинг овози жаҳон минбарларида назмланган. "Мушоира" (1958) достони хотимасидаги:

Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг

Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.

Хавфдан халос бўлган башариятнинг

Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон,-

деган эзгу тилаклари олам аёллари қалбининг муштарак нидоси эди-да.

Зулфия ўзбек шеъриятида Шарқнинг шалоладай шарқироқ овозини истиқлол йилларида айниқса баралла янгратишдан ҳадсиз фахру ғурур туйди ва шу туйғуни ҳамюртларигагина эмас, шарқ оламига ёйди. "Шарқнинг ўзи Она бўлган ҳамиша" (1993) достонининг якунланма сатрлариёқ шундан далолат беради:

Бошга тож, дийдалар узра нур билиб,

Дилда ардоқлаймиз меҳр-ғурурни,

Тарих шоҳид:

Неча замон, асрлар,

Не кўзлардан асраб қолдик сурурни...

Сиз "авом", "мутеъ", "қул" деган сўзларнинг

Илдизига уринг виждондан теша.

Билинг:  комил, фозил башар юлдузларига

Шарқнинг ўзи Она бўлган ҳамиша!

Президентимиз Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" китобида миллатимизнинг маънавий жасорат соҳиблари сафида Зулфияга алоҳида тўхталгани катта эътирофу катта эҳтиром ифодасидир. "Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен ана шундай фидойи инсонлар қаторига қўшган бўлардим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди".

Миллатнинг қаддини ва қадрини кўтаришга умрини бағишлаганларни миллатнинг ўзи бошига кўтаради. Истиқлол йилларида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ шоирасининг бир қўлида китоб ушлаб, илҳом оғушида ўтирган салобатли ва нигоҳтортар ҳайкалининг ўрнатилиши, "Дўстлик" ордени билан тақдирланиши унинг элу юртга қанчалик суюк ва ардоқли эканлигининг яна бир бор исботидир.

Бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олийжаноб инсоний фазилатларини юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2014 йил 31 октябрда "Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида" Қарор қабул қилди. Орадан ўтган тўрт ой ичида элимизнинг эъзозли фарзанди тўйига арзигулик тўёналар тайёрланди. Ўзбек тилида "Сайланма"си, "Баҳор келди сени сўроқлаб" тўплами, инглиз тилида "Мен ишқ эдим...", рус тилида " Юрагимдан чиққан сатрлар" ва қорақалпоқ тилида "Мушоира" шеърий китоблари чоп этилди. Бастакор Рустам Абдуллаев мусиқаси билан "Садоқат" операси яна саҳнага қўйилди. "Дийдор" студияси томонидан "Ёдим синиқлари" спектакли саҳналаштирилиб, намойиш этилди. "Зулфия замондошлари хотирасида", "Ой тегарасидаги юлдузлар" китоблари яратилди. Шоиранинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм тасвирга туширилди. Интернет тармоғида Зулфиянинг алоҳида сайти очилди. Тўйолди тадбирлари мамлакатимиз пойтахти Тошкент­дан бошланиб, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллаларгача ёйилди. Ёдномалар, шеърхонликлар адабиёт байрами тусини олди. Ҳурриятни беҳад соғинган, унинг келишидан кўнгли чоғ, кўкси тоғ бўлган Зулфияхоним худди истиқлолдай элимиз тақдирида, юртимиз тақдирида абадий қолажак.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов ёзганидек:

Қанча уринса-да йиллар ва еллар

Ювиб кетолмагай унинг изини,

Асрий парвоз билан қутлайди эллар

Гўзал халқимизнинг гўзал қизини.

(Тамом).