Шифокор кўригидан қайтган келинчак қайнонасига ийманибгина деди:

- Менда йод етишмовчилиги бор экан, врач мана бу дориларни ёзиб берди, - у қўлидаги кафтдеккина қоғозни хонтахта устига қўйди.

Қайнонанинг қоши чимирилди.

- Оғироёқ аёл ким қандай дорини ич деса, ичавермайди. Мана, биз саккиз бола туғиб ҳам бирорта дори ичмаганмиз, болаларимиз соппа-соғ туғилган. Йод дедингизми? Давосини эшитганман. Хом ёнғоқ енг, ана шунда йоднинг кони!

Келинчак қайнонасининг айтганини қилди. Эртаси куни уни зудлик билан шифохонага олиб кетишди. Келинчакнинг аҳволи оғир эди...

Йод етишмовчилиги ва камқонлик ҳомиладорлик даврида учрайдиган асосий хасталикдир. Афсуски, уларни юқоридаги каби антиқа ва хавфли усуллар билан даволашга уринадиганлар ҳам учрайди орамизда. Бундай қилиш оғир асоратларга олиб келади. Аслида инсон умри давомида бор-йўғи 3-5 грамм йод истеъмол қилиши лозим. Кундалик миқдор эса ана шу граммларнинг миллиондан бир улушига тўғри келади. Йод жуда кўп маҳсулотларда мавжуд. Лекин организмнинг йодга бўлган эҳтиёжини қондириш йодланган туз ва мутахассис шифокор тавсия этган дори-дармонларни қабул қилиш орқали амалга ошириш энг мақбул усулдир.

Йод тақчиллиги организмни заифлаштиради. Унинг энг енгил шакли ҳам ҳомилани ақлий ривожланишдан ортда қолишига сабаб бўлади. Йод танқислиги хавфи нафақат бугунги, балки келажак авлодга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Мамлакатимизда ҳар куни 380 нафарга яқин гўдак йод етишмовчилиги туфайли ақлий ривожланишдан орт­да қолиш хавфи билан туғилмоқда. Ҳар йили юртимизда оналарнинг ҳомиладорлик пайтидаги йод танқислиги сабабли минглаб янги туғилган чақалоқлар ақлий ривожланишдаги қолоқликка дучор бўлмоқдалар. Мана шу далилларнинг ўзиёқ кишини сергак тортишга, соғлигимиз ва фар­занд­ларимиз тақдирига бефарқ бўлмасликка ундаши лозим.

Ҳомиладорлик даврида орга­низм­да темир моддасининг етишмаслиги ҳам боланинг ўткир ва даволаб бўлмас мия касаллиги билан туғилиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Темир тақчиллиги анемияси камқонликнинг энг кўп тарқалган шаклидир. Бунинг олдини олиш учун ҳомиладор аёл мувозанатлаштирилган фолий кислотали, темир, кальций ва витамин Дга бой овқатлар истеъмол қилиши зарур. Мазкур моддалар жигар, балиқ, сут ва сут маҳсулотлари, лаҳм гўшт, сабзавотлар, картошка, салатлар ва гречкада кўп миқдорда мавжуд. Ловия ва дуккаклилар ҳам темир моддасига жуда бой. Бу маҳсулотлар етиштирилмайдиган ўзбек ҳовлилари эса жуда кам.

Ҳомиладор аёл кунига 1:2 грамм­гача темир йўқотиши мумкин. Туғишдан сўнг бу заҳирани қайтадан тиклаш учун аёлга 2-3 йил вақт керак бўлади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёл ҳомиладорлик пайтида оғир руҳий ҳолат ва жисмоний зўриқишларни бошдан кечирса, бу фарзандининг асаб касаллигига чалинган, нимжон ва ҳатто мажруҳ бўлиб туғилишига олиб келиши мумкин. Ҳомиладор аёл бошидан нимани кечирса, буларнинг ҳаммаси ҳаяжонланиш оқибатида ажралиб чиққан гормонлар орқали қонга, сўнгра ҳомилага ўтади. Бўлғуси она қанчалар кўп асабийлашса, ҳомила шунчалар тез ҳаракатланар, натижада вақтидан олдин туғруқ юз бериб, боланинг чала туғилиши, ҳатто нобуд бўлиши эҳтимоли кучаяр экан.

Демак, ҳомиладор аёл асабларини асраши, турмушда юз берадиган муаммоларга хотиржамлик билан ёндашиши лозим. Ҳомила ривожлана бошлаганидан то туғилгунига қадар она билан фаол алоқада бўлади, буни унутмаслик керак.

Ривоят қилишларича, оғироёқ аёлнинг ой-куни яқинлаша бошлаганда, фаришталар қирқ қават пар кўрпалар тўшаб, кўзи ёраётган заифани кутишар экан. Келмагач, ҳар куни биттадан кўрпани тахмонга олишар ва бу гўдак ҳамда онанинг чилласи чиққунига қадар давом этаркан.

Ҳикоянинг мағзи чақилса, кўзи ёраётган аёлнинг икки дунё оралиғида, ҳаёту ўлим ўртасида бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Демак, фарзандни дунёга келтиришдек хатарли ва машаққатли юмушни ўз гарданига олган аёлни асраб-авайлаш унинг турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси, барча яқинлари зиммасидаги инсонийлик бурчидир.

Ойшахон ҚОСИМОВА,

вилоят перинатал маркази директорининг

акушерлик ва гинекология ишлари бўйича ўринбосари.