Ёхуд Бобур Мирзонинг отамакони - пойтахт шаҳар Ахсини сўнгги бор тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги армонли ҳикоя

Ахси ҳукмдори Шайх Боязид ярим тунда 200 тача йигитларини қўрғон босқинига йўллади. Сайид Қосим уйқу ғафлатида эди. Қачонки, душман қўрғон деворига шотини қўйиб, ичкарига тушиб, дарвозани танбалардан ҳоли қилгач, Шайх Боязиднинг 70-80 чоғли нав­кари қўрғонни осонликча забт этгандек тасаввурда эди-ю, бироқ чучварани хом санашганлигини кейин англаб қолади. Ўша заҳотиёқ қиличини яланғочлаган Сайид Қосим ёнидаги 5-6 навкари билан бирга босқинчиларга юзма-юз турди. Бобур билдирган ишонч, Ахси салтанатини қўлга олиш умиди уларни ҳаёт-мамот жанггига турғазган эди. Шердек шахди баланд йигитларнинг Бобур олдида юзлари ёруғ бўлди. Шамолдай ёпирилган ёғийлар бўрондай қувиб чиқарилди...

"Бу муддатда хонлар Андижон қўр­ғонининг мухосарасиға машғул эдилар, - деб ёзади хон додалари билан вақтинча бирга яшаб турган пайтини хотирлаб шаҳзода Бобур. - Қўрғон эли қўр­ғоннинг яқинига келгали қўймаслар эди. Йигитлар отлиқ чиқиб, тошқари отқулашурлар эди. Ахсидин Шайх Боязид давлатхоҳлик изҳор қилиб, киши юбора бошлайди. Бизни бажид (астойдил) тилади. Бу тиламоқтин ғарази бу эдиким, ҳар ҳийла била мени хонлардан айиргай. Мен хонлардин айрилғондин сўнг хонлар тура олмаслар эди. Бу тиламоғи оғаси Танбалнинг иттифоқи била экандур. Хонлардин айрилиб, булар билан иттифоқ қилмоқлик бизнинг қошимизда маҳол эди. Мунинг тиларини хонларга имо қилдук. Хонлар дебтурларким, борсун, ҳар тавр қилиб Шайх Боязидни тутсун. Бу макру фириб бизнинг даъбмиз ва тарийқимиз эмас эди. Алалхусуским, орада аҳд бўлғай, бу навъ бадаҳдлиқ худ нечун бўлғай.

Хотирға бу кечтиким, ҳар тавр қилиб ўзумузни Ахсиға олсак, ё Шайх Боязид Танбалдин қатъ қилиб, бизнинг сари бўл­ғай, ё бир нақши уйрулгайким, муносиби давлат бўлғай".

Шу ўйда Бобур ҳам аҳд ва шарт юзасидан жавобни етказиш учун киши юборади. Шайх Боязид Ахсига таклиф этди, борди. Пешвоз чиқиб, у Бобурнинг иниси Носир Мирзони ҳам келтириб, уларни Ахси қўрғонига бошлади. Тошқўр­ғонда отаси Умаршайх Мирзо иморатларида унга юрт ва мақом тайин қилганини айтади. Бобур ўша ерга тушади.

Худди шу вақт Шайх Боязиднинг оғаси Аҳмад Танбал кичик оғаси Бек Телбани Шайбонийхон ҳузурига йўллайди. Итоатига киришини аёнлаб, Ахсига юриш қилишига ва ғалаба қозонишига ёрдамлашишини изҳорлайди. Хиёнаткор учун қўрқоқлик ва айёрлик хослигини фаҳмлаган Шайбонийхон таклифни бажонидил қабул қилади. Ахсига юриш бошлашини хат орқали етказади. Хон додалари Андижондалигига қарамай, улардан ҳеч бир нажот ёки наф кутиб ўтириш сира ақлга сиғмасди. Бобур тақдирида не бўлса, шуни кўриш насиба эканини рад этишга ўзини жуда ожиз сезади-ю, бироқ умидини йўқотмайди. Қўрқув туйғусини унутиб, ҳатто ювиниб, қушдай енгил тортиш илинжида бамайлахотир ҳаммомни қиздиришларини буюради.

"Бир сабоҳи Марғинондин Жаҳонгир мирзо (Бобурнинг укаси С.С.) Танбалдин айрилиб қочиб келди. Мен ҳаммомда эдимким, мирзо келди, кўруштум. Ушбу замон Шайх Боязид ҳам изтироб била келди, олдорабтур (эсанкирабдир)". Албатта, бунинг сабаби ҳийлагарларнинг режаси амалга ошадиган ҳал қилувчи лаҳзалар тобора яқинлашаётган эди.

Аслида беоқибат қондошлардан ҳар қандай номардлигу риёкорликни кутиш мумкинлигини билса ҳам ёш шаҳзоданинг дийдаси юмшоқлиги ва келишувчанлиги кескин тадбир қўллашга шошилтирмаётган эди. Ҳатто эҳтимолий эҳтиёткорлик чораларини кўриб қўйиш ҳам хаёлидан ўтмаганди. Яъни Ахси шаҳрининг уч тарафидаги сувли қўрғонидан ташқари олди томонига тикланган қалин ва баланд даворларига ёнма-ёнлаб кавланиб сувга тўлдирилган узундан-узун чуқур хандак устига катта дарвозага рўбарўлаб қурилган асосий кўприкка қўриқчи навкарлар тайинланмагани аҳволни янада оғирлаштирди. Субҳи саҳар Аҳмад Танбал 3000 навкарига бош бўлиб, кўприкдан бамайлахотир ўтиб, аркка кириб олганди.

Шаҳзода Бобурнинг юраги алланималарни сезди, у юздан зиёдроқ йигитлар билан келаркан, ҳар кўчанинг бошига яроғли навкарларни қўймоқ тараддудида эди. Бироқ Шайх Боязид, Қамбар Али ва Муҳаммад Дўст Аҳмад Танбал қошидан ҳовлиқиб келиб қолишди. Улар бу нималарни мўлжаллашаётганини пайқаш қийин эмасди. Урушишга    та­йёр турганларни тайинли жойларга тур­ғузиб, машварат қилмоқ учун Умар Шайх мирзонинг мақбарасига тўпланишди. Шаҳзода Бобур иниси Жаҳонгир Мирзонинг келишини хоҳлаб, кутаётган эди ҳамки, у Иброҳим чопуқ билан бирга кўринди. Мақбаранинг Сайҳун суйи томонидаги айвонда маслаҳатга ўтиришган чоғ Жаҳонгир Мирзо Ахсикент вориси шаҳзода акасининг ёнига шошилганча чўккалади-ю, ўша заҳоти бошини акасининг қулоғига яқинлаштириб, секингина оғиз очди:

- Вақтни ўтказмай буларни тутмоқ керак!

Шаҳзода Бобур атайлаб ўзини оғир ва бепарво тутди.

- Изтироб қилманг, ҳоло иш тутмоқдин ўтти, кўралинг, шоядким ислоҳ била бир нимага ўхшагай. Не учунким, алар асру қалин, биз кўп-оз, ўзга бир қавийлик (кучлилик) била алар аркта ва бу заифлик била биз Тошқўрғонда, - дея шивирлади.

Жаҳонгир Мирзо чап ёнидаги Иброҳимбекка ўзича ишни тўхтатиб туриш ишорасини қилди-ю, у эса аксини фаҳм­лади чамаси ўрнидан шартта туриб, Шайх Боязидга қўзғалмоқ имконини бермай, елкасини босганча, қўлларини орқага қайирди. Атрофда турган йигитлар Қамбар Алига ёпишдилар. Энди сулҳ машварати тугади.

Бобур ҳам қиличини қинидан суғурди. "Ярашиш" ҳаракати поёнига етди. Ахси тахтини талашаётганлар билан урушиш бошланиб кетди. Шаҳар тўс-тўполон ичида қолди. Ахсининг мағрибидагиларни енгиш Жаҳонгир Мирзога топширилди. Бобур оз сонли кишиларини ўзи билан олиб, қолганларини ҳам инисига кўмакка жадаллатиб жўнатиб юборди. Ўзи анча тажрибали бўлгани учун ўта мураккабу ўта таҳликали вазиятда ҳам эсанкирамай, жангу жадални бошқаришга уринди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)