ёхуд врачларнинг хорижий тилларни билиши тиббий хизмат тараққиёти омилидир
Инсон учун тил дунёни таниш, билиш ва англаш калити сифатида ғоят қадрли. Аввало, она тилимизни яхши ўзлаштирмоғимиз керак. Чунки усиз бошқа тилларни мукаммал ўрганиш асло мумкин эмас. Ахир ўзга миллатларнинг сўзларида ифодаланган маъноларни ўз тилимиз орқали онгимизда қайтадан шакллантирамиз. Ёки аксинча мақсад-муддаомизни бошқа тилда гаплашувчиларга тушунтиришимиз учун айнан чет сўзларнинг энг муқобилини танлаб, грамматика қоидаларига риоя қилган ҳолда қўллашимиз лозим. Ёзма нутқ ҳам, оғзаки нутқ ҳам шуни талаб этади.
Бизларга турмушимизда асқотадиган қимматли мерослар қаторида луғатлар алоҳида ўрин тутади. Боболаримиз неча-неча асрлар муқаддам уч тилни билишгани бугунги авлодларга чинакам намуна бўла олади. IX-XV асрларда Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, ал-Фарғоний ва Навоий каби улуғ зотлар араб, форс ва туркий тилларда гаплашишган ҳамда асарлар ёзишган. XIX-XX асрда яшаган ҳамюртимиз Исҳоқхон тўра Ибратнинг эса, "Луғати ситтати алсина" номли қўлланма асарни ҳаёт тақозоси билан ўз вақтида яратиб берганликлари бежиз эмас. Тилшунослик бобидаги хизматлари билан ижодкор бобомиз миллатдошларига кўп тилларни билиш учун нажот қўлларини чўздилар, десак ҳақиқатни эътироф этган бўламиз. Луғат олти тилли: арабча, форсча, ҳиндча, туркча, сартча (ўзбекча) ва русча тартибланган. Қулайлиги кундалик турмушда жонли мулоқотда кўп фойдаланиладиган сўзлар танланганидир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, оламга юз тутди. Дунё тан олган мамлакатимиз фуқаролари, айниқса, ёшлари хорижий юртларда ўқишяпти, ишлашяпти. Албатта, инглиз ва рус тилларини билганлар ҳеч қийинчиликсиз фаолият юритишиб, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий камолот касб этишяпти. Айни маҳалда француз, немис, корейс, япон, ҳатто араб ва ҳинд тилларига қизиқиш халқимизда баланд. 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб республикамиз таълим муассасаларида инглиз тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда қувонарли.
Менинг ўзим дастлаб мактабда, кейин академик лицейда, ҳозирда университетда инглиз тилини қунт билан ўрганиб келмоқдаман. Мақсадим шу юрт тараққиётига фаол ҳисса қўшадиган кадр бўлиб етишиш.
Бизку инглиз тилини ёш авлодга ўқитадиган мутахассисликни эгаллаяпмиз. Таълим-тарбия даргоҳларидан ташқари бошқа тармоқларда ишлаётганлар ҳам хорижий тилларни ўрганиб, ўзлаштиришлари зарурлигини ҳаётнинг ўзи кундан-кунга тақозо этмоқда.
Маълумки, тиббиётчилар рус тилида ўқиб ёзишни олий ўқув юрти талабалиги пайтиданоқ деярли пухта эгаллаб олишган. Тиббий дарслик ва қўлланмаларнинг аксарияти авваллари рус тилида бўлгани, ҳозиргача ҳам тўла ўзбекчалаштирилмагани бунга зарурат туғдириб келаётгани табиий. Эндиликда эса барча тиббий илм даргоҳларида инглиз тили сабоғи кучайтирилаётгани улар учун айни муддао. Боиси, бугунги мутахассис, албатта, хорижга чиқмай, илғор тажрибаларни ўша ерга бориб ўрганмай, энг зўр клиникаларда энг зўр соҳа мутахассислари билан ёнма-ён туриб малакасини оширмай етуклик даражасига кўтарила олмайди.
Инглиз тилини ўрганиш унга қизиққан ва иштиёқи баланд инсон учун енгилроқ кўчади. Чинакам юқори малакали ва чуқур билимли шифокорликни ниятлаган врач тил билиш машаққатидан сира чўчимаслиги шарт. Ўзи луғатлар билан ишлаган ҳолда, бунга уқуви етавермаса, олий маълумотли мутахассислар кўмагида тил ўрганиш курсига қатнаб, хориж тилида оғзаки ва ёзма мулоқот кўникмаларини эгаллаши мумкин. Бизнинг истиқлолли юртимизда бу борада барча керакли имкониятлар муҳайё.
Натижаси эса ўзининг мутахассислик мақоми ва обрў-эътиборида йилдан-йилга кўринаверади. Яъни халқаро анжуманларда бемалол маърузалари билан чиқа олади, илмий-амалий далилланган, мағзи тўқ фикрларини баён этиш асносида жаҳондаги ҳамкасблари эътиборига тушади, эътирофига эришади.
Ўзбекистонимизда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилган экан, энди соғлиқни сақлаш соҳаси бир давлат доирасида ривожлана олмаслиги яққол сезилиб турибди. Халқаро алоқалар, ўзаро ҳамкорликлар йил сайин тезлашиб, кўпайиб бормоқда. Таржимонларга эҳтиёж тобора кучайяпти. Таклифим: хориждаги ҳамкасблар билан мулоқотимиз самарали кечиши учун шу ерда ҳам, у ёқда ҳам "кўмакдош" қидиришдан на хожат. Бунинг учун ортиқча пул-маблағ сарф қилгандан кўра, ўзимиз ўзимиздаги имконияту лаёқатдан фойдаланганимизнинг самараси катта эмасми?! "Икки" кишига айланишнинг уддасидан чиққан врач жаҳон андозалари талабига мос мутахассислар сафига қўшилади қолади.
Менимча, Ибн Синонинг юртдошлари учун бу энг ҳаётий, энг масъулиятли, энг нафдор вазифадир.
Нозима ОБИЛОВА,
НамДУнинг инглиз филологияси
факультети 1-босқич талабаси