(ЭССЕ)

 Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг ҳурриятли айёмига етгунимизга қадар адабиётимиздаги аёл ижодкорлар ичида ёрқин сиймолар саноғига бармоқларимизнинг ўзиёқ кифоя эди. Зебунисо, Нодира, Увайсий, Анбар Отин, Ойдин Собирова, Зулфия, Саида Зуннунова, Гулчеҳра Жўраева, Ойдин Ҳожиева каби қутлуғ қалам соҳибларини доимо такрор-такрор тилга олардик, холос. Энди-чи? Бутунлай ўзгача ҳол. Ўтган салкам чорак асрлик истиқлол даври шарофати ила уларнинг издошу сафдошлари, муносиб ворислари рўйхатларни бойитди. Эркин сўзнинг эркин парвози адабиётимизда эзгу эврилишларни юзалантирди. Назму насрда янги овозлар кўпайганидан кўпаймоқда.

Адабиётшунослар ва мухлисларнинг эътирофига лойиқ зўр иқтидорлари билан бор бўй-бастини кўрсатган ҳамда кўрсатиш учун муттасил изланаётган хотин-қиз ижодкорларнинг сафлари кенгайиб кетди. Уларнинг рўйхатлари бошида эса Зулфия­дек адабиётимиз алломаси туради, десак ҳеч муболағаси йўқ. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 10 июндаги Фармонлари билан Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши ҳам бежиз эмас. Ҳар йили Республикамиздаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хул­қи, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил интилаётган йигирма беш ёшгача бўлган иқтидорли қизлар адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги юксак ютуқлари сийлови сифатида шу мукофотга лойиқ топиладилар. Ҳар йили баҳорнинг бошланишида 14 нафар қизга мукофот бериш анъанага айланганини ҳисобга олсак, ҳозир Ўзбекистонимизда уларнинг сони 200 нафардан ошди. "Зулфияхоним қизлари" деган номнинг ўзиёқ бу мукофотнинг нуфузи ва масъулияти нақадар баланд эканлигини англатишини ҳар бирлари жуда яхши билишади. Ўзбекона оддийлик ва гўзаллик, юртга, оилага садоқат, ҳурриятга пос­бонлик туйғулари тарбиясини адабиётимизнинг ёрқин сиймоси аллома аёли тимсолидан олишади.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шариповнинг шукронасида ҳам худди шу ҳислар мужассам:

Опамиз ўткинчи сайроқи қушмас,

У юртни, юрт уни севиб қадрлар.

Шукрки, ҳеч қачон тиллардан тушмас,

Ҳаётни куйлаган ҳалол сатрлар.

Ҳамиша дилларни қўналға айлаган умрибоқий шеърлар гўё тирикдек давраларда ёд ўқилади, мухлислар жавонида сара китоблар қаторида уйғоқ туради. "...замонамизнинг жуда кўп бахтиёр шоирлари қатори менинг ҳам ўз ўқувчиларим, китобхонларим бор. Агар улар борлигини билмасам, сезмасам, шеър ёзишдан не маъно!" деган эди шоира ижоди тақдири шеърият шайдоларига дахлдорлигини қалбан чуқур ҳис этиб. Ана шу кўнглини қамраган теран туйғулар уни умрининг сўнгги дақиқасигача (1996) қўлидан қутли қаламни туширмади.

Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг,

Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим!

Сени сева-сева мен бойиб кетдим,

Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!

1915 йил баҳорининг илк кунида кўз очиб, ёруғ оламни кўрган қизалоқнинг онаси Исроил дегрезнинг хонадонинигина эмас, умр йўлдошию, фарзандлари кўнглини ҳам нурлантирувчи чароғбон аёл эди. "Онамнинг қанчадан-қанча қўшиқ ва афсоналарни, дос­тон ва эртакларни билишига ақлим бовар қилмасди. Бу сеҳрли афсона ва достонлар бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этарди" дея бежиз мамнунлик туймаган болалигини эслаганида Зулфия. Ҳайрат туйғуларидан туғилган шеърлари 1932 йилдаёқ, яъни 17 ёшидаёқ "Ҳаёт варақлари" номи билан тўплам ҳолида босилди.

Толе табассумини қарангки, кўп ўтмай ўша даврнинг қайноқ илҳомли шоири билан умр йўллари туташди. "Ҳаётимнинг ўн йили, фақатгина ўн йили Ҳамид Олимжон билан ҳамнафас ва ҳамқадам ўтгани мен учун улкан бахт бўлди, - дея эътироф этади қайта-қайта Зулфия. - У энг гуллаган ёшлик чоғида, ранг-баранг, сира туганмас, ёрқин истеъдоднинг камол чўққисига етганида фожеали ҳалок бўлди...Улкан шоир, ўз она тили ва адабиётининг билимдони, кам учрайдиган қобилият ва интизом соҳиби, дўстларга меҳрибон, душманларга аёвсиз Ҳамид Олимжон фақат менинг турмуш йўлдошим ва фарзандларимнинг отаси бўлиб қолмасдан, айни чоғда қалбим ва руҳимга уйғун ҳамроҳим ва сезгир маслаҳатчим ҳам эди".

Эриб кетмагандим севгингдан,

Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо,

Бирга қолиш учун сен билан

Куяману, бўлмайман адо.

Шоира умрга татигулик ширин хотиралар билан яшади. Тушкунликни кўнглига яқин йўлатмади. Ҳамид Олимжон нафаси ҳам шеърларида уфуриб туришини истади. "Кечир, қолдим ғафлатда", "Баҳор келди сени сўроқлаб", "Ўрик гуллаганда", "Сенсиз", "Кўрганмидинг кўзларимда ёш?" каби туркум шеърларни яратди. Булар "Ҳижрон кунларида" тўпламига жо бўлди.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Зулфия ҳаёт билан ҳамнафасликда, давр билан ҳамқадамликда ижодкор аҳлининг пешқадамлари сафидан муқим ўрин эгаллади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида "Қўлимда қуролу устимда шинель" ва "Бизни кут" каби умидбахш шеърлари халқимизнинг ғалабага ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жанговар ва руҳлантирувчи кайфиятнинг ёрқин ифодасини сафарбар сатрларга моҳирона сингдирди.

Урушдан кейинги йилларда эса тинчликнинг фаол курашчисига айланди. "Ўғлим сира бўлмайди уруш!" (1954) дея она қалби нидоларини баралла куйлайди.

Кўкрак сути ва меҳнат билан

Биз жаҳонга берганмиз турмуш,

Она қалби оёққа турса,

Ўғлим, сира бўлмайди уруш!

Зулфия меҳнат фаолиятини Давлат нашриётларида бошлаган бўлса-да, сўнгра ўттиз йилдан зиёд умри Ўзбекистон хотин-қизлари журнали таҳририятида кечди. Бу эса ўз навбатида унинг номи жамоат арбоби сифатида бутун юртга, жаҳонга тарқалишига олиб келди. Қайноқ ҳаёт ичида қайноқ илҳом билан яшашнинг ширин ташвишларию, қувончлари ҳосиласи - қатор китоб­ларда жамланган жозибали шеърлари халқимизнинг кўнглидан мустаҳкам жой олди. "Ўйлар" ва "Шалола" шеърий тўпламлари Республика давлат мукофотига муносиб кўрилди. Унинг асарлари нафақат Ўзбекис­тонда, айни пайтда чет элларда ҳам машҳурлик касб этди. Ҳинд халқи ҳаётига бағишланган шеърлари Жавоҳарлал Неру номидаги умумҳиндистон совринига лойиқ топилди.Тинчлик ва дўстлик мавзуидаги публицистик янгроқ асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги бетиним фаолияти учун халқаро "Нилуфар" мукофотига сазовор ягона аёл ижодкор ҳам Зулфиядир.

Моҳир муҳаррир "Саодат" (аввалги "Ўзбекистон хотин-қизлари") журналининг оммабоп ва ҳаммабоп нашр даражасига чиқишини таъминлаш мақсадида ҳар бир саҳифаси сермаъно, сермазмун публицистик очерку мақолалар, серзавқ шеъру ҳикоялар билан тўлдирилиши, сержило безатилиши учун кечаю-кундуз астойдил қайғурганлигини опанинг сафдошлари, шогирд­лари ҳанузгача фахрланиб эслашмоқда. Зулфиянинг ўзлари бундан ярим аср муқаддам - 1965 йил, яъни эллик ёшлик айёмларида шу қутлуғ даргоҳ ҳақида бемуболаға ёзиб қўйган эканлар: "Журнал ойда бир дапқир чиқади, лекин унинг дунёга келиши учун редакцияда бажариладиган ишларнинг кўламини фақат журналистгина билади. Редакцияга кирдингми, ундаги ҳаёт де­я­р­ли бутун республика хотин-қизларининг қайноқ, ранг-баранг фаолиятларини, ҳаётини, меҳнат, тилак ва дардларини олиб келган материаллар сени ўз тўлқинига қамраб олади...

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).