ЁХУД ҚУЁШЛИ ҚАЛБНИНГ ҚУЁШЛИ КАЛОМЛАРИ

Навоий садоқатли ишқ бандаларини бебаҳо туйғулар ардоғидаги "жабри жафо"ларию, фидойиликларидан ҳикоят айларкан, севгилисига содиқ ошиқнинг пахса девор орасида азобланиб турса-да, заррача нола қилмаганини шарафлайди ва кеч кириш палласидаги қуёшни шунга яраша ғоят чиройли ном билан атайди:

Тоғ аро ёшунди чу заррин ғизол,

Мушки Хўтан сочди насими шамол.

Ғизол оҳудир. Унинг тоғ орасига яшириниш ҳолатига уйғунлаб, улуғ ижодкор ҳайратона тарздаги таърифни топган.

Навоий адолатпарастликнинг ҳадди аълосига етган, мавқеи юксакдан-да юксак зот эди. Сўзда ҳам, амалда ҳам ўша ноёб мезоний шайнни мувозанатда маҳкам тута олишга қодирлиги билан халққа яқинлашиб кетганди. У уч ҳарфдан иборат адл сўзининг бош ҳарфи "айн"ни тафти бетугал қуёш каби адолатдан иборатлигини тавсифлаб, бу каломнинг дунёни мунавварловчи шарофатбахшлигини шарафлайди:

"Айн"и анинг меҳре эрур тобнок,

Зулм қаро шомини қилмоққа пок.

Улуғ ижодкорнинг Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро ёнида туриб, унинг давлатига ривож қўшишга интилишида ҳам адолат туғини баланд кўтариш иштиёқининг кўнглида устуворлиги намоён. Шу давлатда бадиий тафаккур оламида биринчи ва охирги "Хамса"ни ярата олди, яратганда ҳам якка-ю ягона туркиёнасини. "Ҳайрат ул-аброр" асари шу сабабдан олтинчи юз йиллик мухлисларигача мароқли мутолаага муносиблик мартабасида яшаяпти.

Биз навоийхонликда ўзгачароқ йўлдан бориб, ул зоти шарифнинг "хамса"нависликдаги бетакрор салоҳиятини қуёшли қалбида туғилган қуёшли сўзларнинг минг бир жилосига жойлай олиш лаёқатидан излашга ва англашга интилдик. Беш достоннинг биринчиси, яъни муаллифнинг таърифича "зебо юзли гулруҳ"ининг қимматини зиёдаловчи зийнатлари - бадиий ифода санъатининг такрорсиз такрорлари, янаям ёрқинроғи, қуёшнинг кўпдан-кўп қиёсий қиёфасининг таҳлили ва талқинига бир озгина тўхталиш билан кифояландик, холос.

Сўз мулкининг султони хаёлий ҳайратини ҳаётий ҳайратга омухталаб юбориш учун бебаҳо қаламини моҳирона тебратган. Биргина қуёш каломининг синонимлари тизимини, чунончи: қуёш, хуршид, шамс, алам, гавҳар, нури тоб, зарли байроқ, заррин оҳу, битта нон, Чин қўғирчоғи ва яна турли шакллардаги сўз ва иборалар ифодасини асар мазмун-моҳиятини теран очишга ва кучайтиришга беҳад санъаткорона сафарбар этган. Осмоннинг, ундаги ойу юлдузларнинг кўриниши, ҳолати, ҳаракати ва вазифасигача қуёшга боғлаб акс эттирилган. Бу асар одам ва олам тақдирдошлигига ишончи мустаҳкам бўлган Алишер Навоий яхшиларнинг яхши фазилатларию, яхши илму аъмоллари билан ҳаёт гуркираб яшнаши, тобора мукамаллик сари бориши учун чинакамига кечаю-кундуз қайғурганининг ҳайратона ҳосиласидир.Адабиётшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов таъкидлаганидек у: "...шеъриятни, достончиликни реал турмуш эҳтиёжларига яқинлаштирди. Шу билан бирга адолатни, инсонпарварликни, меҳнатсеварликни, саховатни, ишқ ва муҳаббатни, ҳалолликни, ростгўйликни, маърифатпарварлик ва шунга ўхшаш бошқа инсоний фазилатларни улуғловчи сатрлари билан эса ижтимоий-сиёсий ва фалсафий тафаккур даражасини, шеъриятнинг жанговорлигини янада юқори кўтарди".

"Ҳайрат-ул аброр"ни қанча эътибор билан ўқисангиз, шунча кўпроқ сабоқ олаверасиз.Уққанларингиз ўзингизники, ҳаётда чинакам инсоний фазилатлар касб этишингизга беминнат кўмаклашаверади бу китоб.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.