Ёхуд Бобур Мирзонинг отамакони - пойтахт шаҳар Ахсини сўнгги бор тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги армонли ҳикоя

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзийнинг (1499-1551) "Тарихий Рашидий" асарида қайд этилганидай: "... Султон Аҳмад Танбал деган Мирзо Умар Шайх­нинг хизматкорларидан эди. Агарчи анинг асли мўғул умароларидин бўлса ҳам Андижон мулкига фитнабоши шу бўлди. Ҳамма тарафдаги подшоҳларнинг салтанатига муҳолифатнинг ўқини отти..."

Бобур Мирзо Самарқандни ва Андижонни қўлдан бой бергач, Тошкентга - улуғ хон бобоси Султон Маҳмудхон ҳузурига бош уриб боришга мажбурлик сезади ўзида. Улар шаҳзодага таскин беришиб, Андижону Ахсини яна иликлаш режаларини айтишади. У пайт Андижон Аҳмад Танбалнинг, Ахси иниси Шайх Боязиднинг бош­қарувида эди. Кўп ўтмай: "Хонлар Танбалнинг сўнггича-ўқ келиб Андижоннинг навоҳисига туштилар. Улуғ хон қўруқнинг ёнида менинг улуғ онам - Эсан Давлатбегимнинг боғигаким, Қўш тегирмонга мавсумдур, тушти... манга кирган ерларни кичик хонга бердилар. Манга мундоқ узр айттиларким, Шайбоқхондек ғаним Самарқанддек шаҳарни олиб, улғайиб борадур, ушбу маслаҳат учун кичик хонни (Султон Аҳмадхонни - С.С.) не ердин келтурубтурлар, мунда ери йўқ, ул вилоятлари йироқ. Хўжанд дарёсининг жануби Андижон бошлиқ вилоятларни кичик хонга бермак керакким, анда юртлангай. Хўжанд дарёсининг шимоли Ахси бошлиқ вилоятларни манга ваъда қилдилар. Дедиларким, мунда тўхтоғондин сўнг, юруб Самарқанд вилоятини олиб манга бергайлар. Андин сўнг Фарғона тамом кичик хонга бўлғай. Ғо­либо манга бу сўзлар фириб экандур. Муяссар бўлғондин сўнг вуқуи маълум эмас эди. Чора йўқ эди, хоҳи-нохоҳи рози бўлдум".

Ўша маҳалда Мўғилистондан Султон Маҳмуднинг укаси, Султон Аҳмад - Бобур ибораси билан айтганда "кичикхон дода"си мулкгирлик илинжида бу ерга келган эди. Улуғ хоннинг қошидан қўзғолган шаҳзода кичик тоғасини кўрмоққа бораётганида унга Қанбар Алибек ёндошди:

-... кўрдингизму, филҳол бўл­ғон вилоятларни олдилар, сизга булардин иш очилмас, холоким Ўш, Марғинон ва Ўзганд ва кирган вилоят ва эл ва улус илигингиздадур, филҳол бориб, Ўшқа кириб, қўрғонларни беркитиб, Султон Аҳмад Танбалға киши юбориб, ярашиб, мўғулни уриб чиқариб, вилоятларни оға-ини ҳисса қилишинг.

Бобур Мирзога ишончли бекнинг бу галги маслаҳати маъ­қул келмайди. У ўша заҳоти дилидагини тилига чиқаради:

-... раво бўлмагай, хонлар туққонларим, буларга навкарлик қилғоним, Танбалга подшоҳлик қилғондин ортиқ­роқдур.

Қамбар Алибек сўзини ўтказа олмагач, айтганига ҳам пушаймон бўлди. Қарангга, қандай олижаноблик! Қариндошлик ришталарига зарар етказмаслик учун ўзининг манфаатидан ҳам воз кечмоқни афзал билмоқ учун самимий ва тоза қалб керак бўлади. Ахси подшосининг ўғли Бобур Мирзода эса шундай инсоний фазилатлар оғир дамларда ҳам устуворлик касб этган экан-да.

Афсуски, ёвузфеъл, бефазилат касларнинг соҳиби иллатлиги учун Бобурдек покизаният инсоннинг тутуми рақибларига ғараз мақсадларини амалга оширмоққа ғоят қўл келади. Попликлар Ахси ўғлони Бобурдан кўп мурувват ва ҳимматлар кўргани боис оғир дамларда унга бағирларини очадилар. Бошқа тахтпараст, адолатсиз зўравонлардан ҳимояланиш учун қўрғон дарвозасини маҳкам беркитадилар. Бобурга эса вакил юборадилар, яъни қачон истаса, қачон келса, дарвозани очишга шай туришлари хабарини етказишади. Хушхабар нажот кутаётган шаҳзода учун айни муддао эди. У Сайид Қосим бошлиқ бир неча навкарларини Поп қўрғонига олдиндан жўнатиб юборади. Лекин ўзининг эътирофича: "Бир неча кундин кейин ғариб амри вақе бўлди".

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор)