ЁХУД ҚУЁШЛИ ҚАЛБНИНГ ҚУЁШЛИ КАЛОМЛАРИ

Илм ва илмдорлар хусусида гап кетганида Навоий мустаҳкам эътиқодидан чекинмаган ҳолатда ҳақиқатни пардалаб ўтирмайди. Олимларнинг хорлиги, жоҳилларнинг азизлигидан афсус чекиш билан чекланмай, маърифат яловини ушлаганларни қуёш тимсолида сифатлайди, жонлантиради. Жаҳолатпарастларни булутга ўхшатади:

Кўктаки, кўзгудек ўлуб нуру тоб,

Ёпиб они оҳ тафидек саҳоб.

Бу беҳад санъаткорона қиёс: Осмонда қуёш кўзгудек ярқираб порлаб туради, булут эса кўзгуга пуфланган ҳовурдек уни тўсади.

Навоийнинг қалам аҳлларидан иборат қавмнинг бир гуруҳи қалби поку, бир гуруҳи турланувчанлиги ҳақидаги мақолати ҳам қуёш сўзидан безакланган. Номақбул ва мақбул котибларнинг саъй-ҳаракатлари ва уларнинг ижобий ва салбий хислатлари, оқ қоғоз устидаги хизматлари таҳлилдан ўтказилади. Шоир ошиқ-маъшуқларнинг номаларини кўчиришни тилга олибгина қолмай, ижтимоий ҳаётга дахлдор мактублар эл-улусга ниҳоятда нафдорлигини кўрсатишга алоҳида урғу беради:

Нафъда ул навъки меҳри мунир,

Қудрат аро ўйлаки чархи асир.

Шакли ҳилол авжида туғро анга,

Лавни шафақ бошида воло анга.

Яъни: бу хат одамларга нурли қуёшдек фойдали, юксак осмондек қудратли. Янги ой шаклидаги сарлавҳа устига босилган муҳр тонгги шафақ устидаги юксак қуёшдай.

Улуғ ижодкор одамлар орасида тонг каби кумуш сочишга ўрганган кишиларнинг меҳрини қуёш билар экан, уларнинг атрофида ҳасадгўйларнинг, иблисмижозларнинг ҳам борлигигача унутмайди. Элга меҳри бахшидаларини мадҳ этади, худбинларни қоралайди. Қуёш нурини тўсмоққа чиранган булутларга ачинади:

Меҳрки - равшанлиқ этар фош ани,

Кимга гунаҳ - кўрмаса хуффош ани.

Лек қуёш жавҳари чун келди пок,

Бўлса булут нуриға монеъ не бок.

Яъни: Қуёш ёруғлик бериб, нур сочиб туради. Кўршапалак буни кўрмаса кимга фойда?! Қуёшнинг жавҳари пок яратилгани учун булут унинг нурини тўсишга интилса не қўрқинчли. Шоир яхши инсонлар беэътибор қолмаслигига, яхшиликнинг умри зиёдалигига ишонади. Буни ҳаётий ҳодисаларнинг бадиий талқинига сингдириб юборади:

Шишаки рухсор уза сепгай гулоб,

Тоқ уза асрарлар ани орзулоб.

Зулфу санамларнинг эрур мушкфош,

Ким они рухсор уза асрар қуёш.

Тушунимизча: шиша ўзидаги гулобни одамлар юзига сепгани туфайли уни авайлаб токчанинг устида асрашади. Санамларнинг сочлари анвойи хид   тарқатиб тургани учун қуёшдек юзининг тепасидан ўрин олганлар.

Навоий тасаввурида дунёнинг энг саховатли яратиғи қуёш бўлса, зоти шариф инсонда унга тенглашгудек қудрат бор. Шуни хаёлдан фориғ этмаган сахийлар кўпайса, олам гулистонга айланади. Қуёш панжасидек қўлини очиб, унда бор бойлигини дунёга сочиб яшаган инсон чархи фалакни доғда қолдириш имкониятига эга:

Панжаи хуршиддек, илгингни оч,

Анда неким сийм эса, оламга соч!

Наврўзнинг бутун борлиқни зийнатлаши ҳақида тўлиб-тошиб табиат тасвирларини бераётган шоир ҳамал айвонини қуёш ёрита бошлаши билан кўкнинг заминга меҳр изҳори кучайганидан дарак бераётганини завқ-шавқ ила олқишлайди. Бу бежиз эмас, умр гулшанида ҳам худди шундай қуёш чарақлайдиган баҳорий ёшлик паллаларда инсон танаси ҳамалга киришидан ҳаёт ғаниматлигини, унинг ҳар лаҳзаси эзгуликка йўғрилишини жуда-жуда истаган улуғ ижодкор.

Чун ҳамал айвонини ёрутти меҳр,

Даҳрға меҳр айлади зоҳир сипеҳр.

Умр қуёшиға чу бўлди маҳал,

Инсон байтуш- шарафидин ҳамал.

 

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).