Ёхуд Бобур Мирзонинг отамакони - пойтахт шаҳар Ахсини сўнгги бор тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги армонли ҳикоя
"Бобурнома" - бебаҳо ҳаётий ҳақиқатлар битиги. Унинг ҳар бир йилнома- воқеалари XV-XVI аср манзараларини кўз ўнгимизда ёрқин жонлантиради. Ахсини Умаршайх Мирзо ва Бобур сиймолари орқали, айни вақтда Умаршайх Мирзо ва Бобурни Ахси тимсолида тасаввурлашимизга имкон туғдиради. Кучли ва давомли ер силкинишлари оқибатида қулаб, ягона тупроқтепага айланиб кетган кўҳна Ахси шаҳрининг 400 йилдан мўлроқ муқаддам Фарғона вилоятининг бошкенти сифатида тарих саҳнасида қандай кечмишларга дучор бўлганини очиқ-ойдин билишимиз учун Бобур Мирзонинг "Вақойиъ"си ("Бобурнома"си) ҳикоятларини ўқишимизнинг ўзиёқ кифоя. Қолаверса, Муҳаммад Солиҳнинг "Шайбонийнома"сида ҳам гарчи ўз раҳнамосига хушомад, темурийларга ҳасадли ғараз руҳи устувор бўлса-да, ҳаётий ҳодисаларнинг назмий манзара чизгилари, таърифу тавсифлари, таъкиду эътирофлари ичидан атайлаб парчаланган ҳақиқат халқларини топиб олишга аҳлу заковатимиз ҳам етади.
Ҳижрий 908-909 йиллар, яъни мелодий 1503-1504 йиллар ҳодисаларига тўхталсак, Ахси ва ахсиликлар, темурий ҳукмдорлар ва шаҳзодалар ҳаётида алғов-далғовли давр эканини англаймиз. Зотан, ҳукмдор сулолалар тарих талофатларисиз тахт тепасидан кетолмайдилар ҳам, тахт тепасига келолмайдилар ҳам. Пойтахт шаҳар Ахси давлат тождори Умаршайх Мирзони йўқотгач, гоҳ унинг, гоҳ бунинг қўлига ўтиб турганиёқ бунинг тасдиғидир. Бобур Мирзо қанча уринмасин, курашмасин Ахсидек отамерос тахтига ўтириб қололмади. Тўғри, Амир Темурнинг бошкенти - Самарқанд тахти учун бир неча бор курашди, ҳатто икки бор эгаллади. Неажабки омади омонат экан...
Мулкпараст бекларнинг риёкорлиги, очиқ-ойдин рақиблик мақомига ўтиб олиши темурийларни Фарғона вилоятидаги ҳукмдорлигини, куч-қувватини ичидан зил кеткизди. Бир вақтлар ягона амирга бўйсунган бепоёну қудратли давлатнинг ҳар бир кенти талаш-талашлардан хароб ҳолатга, эл-улуси ночорликка гирифтор бўлаверди. Инчунин, Ахси ҳам ўшалар қаторида турарди. Ахир у азим Сайҳун соҳилидаги табиий тепаликларда кўкрак кериб, бир тарафида Андижон, бир тарафида Марғилон, бир тарафида Тошкент билан бўйлашган беҳад дилтортар маъво эди.
Гулбаданбегим ўзининг "Ҳумоюннома" асарида бу ҳолатни қуйидагича шарҳлайди: "Жаҳонгирлик бобида бизнинг ҳазратимиз бошидан ўтказган қийинчилик ва машаққатларга кам киши дуч келган. Жанглар ва хавф-хатарлар пайтида ул ҳазрат кўрсатган довюраклик, мардлик ва сабр-тоқат камдан кам подшоҳларда учрайди.
... икки марта қилич зарби билан Самарқандни фатҳ қилдилар. Биринчи мартада ҳазрати подшоҳ отам ўн икки ёшда эдилар ва иккинчи мартасида эса ўн тўққиз ёшда эдилар, учинчи мартасида йигирма икки ёшда эдилар - олти ой қамалга тушдилар. Султон Ҳусайн Мирзо Бойқародай амакилари Хуросонда бўла туриб, улардан кўмак бўлмади. Қошғардаги Султон Маҳмудхон уларнинг тоғалари эди, бироқ улар ҳам ёрдам юбормадилар. Ҳеч қаердан мадад келмагач, умидсизликка тушдилар".
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).