ЁХУД ҚУЁШЛИ ҚАЛБНИНГ ҚУЁШЛИ КАЛОМЛАРИ

Агар менга "Китобхонликни қайси ёзувчи ёки шоирнинг асарларидан бошлаш керак?" саволини беришса, ҳеч иккиланмай Алишер Навоийникидан деган жавобни айтган бўлар эдим. Боиси, қайси китобларини қўлга олмай, ўта маънодор сўзлару, ўта таъсирчан фикру иборалардан кўнглимга мунавварлик югураверади. Донишманд бобомизни гўё қалбларига қуёшни жолаб яшагандек тасаввурлайвераман. Назму насрдаги битиклари нозик ва бебаҳо бадиий ифодаларга шу қадар бойки, уларни шарҳлашга унча-мунча одамнинг мушоҳада салоҳияти етавермайди. Таъбир жоиз бўлса, биргина Навоий яратган ўлмас ижод дурдоналарини уқиш ва ўқирмонларга тарғибот қилмоққа минг-минглаб  адабиёт билимдонлари ҳам камлик қилади-ёв.

Биз уларнинг сафига ўзимизни қўшишга истиҳола қилган ҳолда фақат ҳаваскор навоийхон сифатида баъзи таҳлил ва талқинларимизни айтмоққа базўр журъат топгандаймиз. Балки, кимлардир аллақачон айтган фикрларни билиб-билмай такрорлашга йўл қўйсак, айбга буюрмайсиз. Соф илмийликдан кўра оммабоп ёзганимиз Навоий бобомизни билишга ва тушунишга чоғланганларни битиклари мутолаасига қизиқтириш ния­тимиз устуворлиги сабабидандир.

Ўзанида лиммо-лим оқаётган дарё сувининг таъмини томчисиданоқ туйиш мумкинлиги учун беш достонли "Хамса"нинг биринчи асари "Ҳайрат ул-аброр" ("Яхши кишиларнинг ҳайрати")дан ҳайратларимизни яширолмадик. Ягона "қуёш" каломининг ҳадсиз жилосию, ҳадсиз жилвасидан баҳрамандлигимиз бесамар кетмасин-да, уққанларимизни сизларга ҳам имкон доирасида юқтиришга жазм айладик.

Туркийзабон шоиримиз қирқ ёшдан ўтгач, янаям аниқроғи, назмий нуктадонликда анчайин тажриба ва маҳорат касб этгач, ўз олдига бағоят мушкул ишни қўя олди. Навоий:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига панжа урмоқ. -

дея бежиз эътирофни таъкид билан эгиз зикр қилмаган эди. "Хамса"чиликнинг аламбардори (байроқдори) билан баҳслашишнинг масъулияти нақадар юксаклигини чуқур англагани учун уни чинакамига кўкларда кўрди:

Ганжа қуёшини кўтаргач алам,

Айлади сўз мамлакатин якқалам.

Дўсти ва устози Абдураҳмон Жомийнинг таърифида ҳам худди шу қиёсни қўллайди:

Вақти қуёшин чу қилиб пардапўш,

Килки қаро абрдек айлаб хуруш.

Лек манга оллида ажзу ниёз,

Борча улусдин берибон имтиёз.

Меҳрдин офоқ аро гар нурдир,

Зарра анинг меҳрида машҳурдир.

Номағаким роқим этиб ҳомасин,

Кўрмади мен кўрмайин эл номасин.

Меҳр тулуъ айлади чун тоғ уза,

Тушди бурун партави тупроғ уза.

(Навоийшунос олим Абдуқодир Ҳа­йитметовнинг насрий баёнича: У хат ёзар экан, унинг сиёҳи вақт қуёшини парда билан булутдек тўсиб қўяётгандек бўлади...менинг унга нисбатан ожиз ва муҳтожлигим ҳамма одамларникидан ҳам ортиқдир. Чунки олам қуёш нури билан тўла бўлса ҳам, лекин уларнинг орасида бир зарра шу қуёш меҳри билан машҳурроқ бўлиши мумкин... У бирон асар устида қалам тебратса, ёзганини мендан олдин бошқа биров кўрмаган. Ахир тоғдан қуёш кўтарила бошлаганида ҳам унинг нурлари аввал тупроққа тушади). Бу ерда Навоий  камтарона ҳолатда  Жомийни кўкдаги қуёшгаю, ўзини заминдаги тупроққа менгзаяпти.

Шоирнинг наздида Қуёш фақат нурбулоқ эмас, гўзаллар гўзали тимсолига тенгланган. Чунончи:

Турки Хўтан ёпти чу зебо жамол,

Мушкфишон бўлди насими шамол.

Юқоридаги байт кечқурун қуёш ботиб, қоронғу туша бошлаши хусусида. "Хўтан гўзали" - Қуёш. Хўтан Шарқий Туркистондаги шаҳарлардан бири. У бу ерда қуёш чиқадиган шарқ рамзи ифодаси сифатида қўлланган.

Луъбати Чин чеҳра ниҳон айлади,

Зулфин очиб мушкфишон айлади.

Энди эса қуёш Чин қўғирчоғидай юзини ўгириб олиб, сочини ёйиб қора мушк соча бошлади маъносини уқамиз.

Қуёш - Навоийнинг энг суюмли сўзи, унинг билан назмининг нозик наволарини намоёнлаши ниҳоясиз. Кўнгил кезар гулшан (осмон) ҳуснига маҳлиёна байтларни битар экан, яна қуёшни унутолмайди:

Чун яна гулшанни мақом айлади,

Бир чамане ичра хиром айлади.

Анда ниҳон эрди пари пайкаре,

Дуржи сипеҳр ичра самин гавҳаре.

Эътибор қилсак, қуйидаги маънони англаймиз: У яна бир бошқа гулшан (осмон) га кўчди, ундаги ҳар бир чаманни кезди. Ўша ерда шундай бир пари пайкар ўлтирардики, у - осмон қутисининг энг қимматбаҳо гавҳари (яъни қуёши - М.А.) эди.

Достонда султонлар ҳақида гап кетганда дастлаб улар улуғланса-да, ана шу улуғликка муносиблик муҳокамасида яна фикр қуёшга боғланади:

Эй фалак авжидин ўтуб рифъатинг,

Ою қуёшдин чолиниб навбатинг.

Тахтинг ўлуб давлати жовиди мулк,

Сояи чатринг аро хуршеди мулк.

Мазмуни: Эй, мартабаси фалакнинг авжидан ҳам юқори кўтарилган одам, ой ва қуёш сенинг шаънингга ноғора бўлиб чалинади. Тахтинг мамлакат учун абадий  мулк. Чодиринг соясида мамлакат қуёши порлайди.

Навоий ҳукмдор кучу қувватини адолатда билади ва уни ҳимматга ундайди:

Кимники, белодинг этибдур асир,

Бўл анга адл илги ила дастгир.

Рой ила зулматни мунир айламак,

Лутф ила оламни асир айламак,

Тиғ агар чекса нечукким қуёш,

Айламак онинг сўнгғида меҳр фош.

Шоир ҳукмдорни кимга адолатсизлик кўрсатган бўлса, унга адолатли муносабатда бўлишини, тўғри фикрлаш билан қуёшдек зулматни ёритишини, лутф билан оламни ўзига қаратишини истайди. Ҳатто бировга қуёшдек тиғ солса ҳам, ортидан меҳр-шафқат кўрсатиши кераклигидан огоҳлайди.

Хайру эҳсон васфида қалам йўнганида саховатнинг наинки суратига, сийратигача назар ташлайди. Қуёшнинг хатти-ҳаракати билан бойлиги бисёрларнинг исрофгарчилиги, телба ва мастлигини таққослаб, идрокимизни тобора теранлаштиради:

Чархки, меҳр олтунин айлар ниҳон,

Юзини онинг қаро айлар жаҳон.

Ёшурур анжум дирамин турки меҳр,

Ерга кўмар бош тубан он сипеҳр

Чунки хазон илги сочар зарварақ,

Кўрки қуёш рашки бўлур ҳар варақ.

Демак, қуёш олтинни беркитгани учун жаҳон осмоннинг юзини (кечаси) қаро қилади. Қуёш гўзали юлдуз кумушларини яширгани учун осмон уни боши билан ерга кўмади. Куз келиб олтин варақларини қўли билан сочгани учун ҳар бир япроқ қуёш рангида бўлишини шоир бадиий жиҳатдан ҳаётий тарзда хайру саховатга қиёслаб далиллайди.

Адаб бобида  тўхталганида туну кунингга нур бериб турадиганлар ота-она эканлигини, уларнинг  ойу қуёшдай  яккаю ягоналигини,  қошида ҳамиша фарзандлик бурчини аъло даражада ўташлик бола одобининг умрбўйи бетугал талаби бўлиб қолаверишини англашга чақиради:

Бошни фидо айла, ато қошига,

Жисмни қил садқа ано бошиға.

Тун кунунга айлагали нур фош,

Бирини ой англа, бирини қуёш.

Қаноатлининг таъмадан йироқлигинию, таъмагирнинг хорликка дучорлигидан сўз очиб, мол-мулкига мағрур кимсаларни яна кўкнинг бетаъма эҳсончисини ҳамма учун қадрли неъмат - нонга ўхшатади, унинг осмонга кўтарилганига ҳаваслантиради. "Чархки, бир қурс ила тузди маош" дея бутун бир осмон битта қурс, яъни нон билан кун кечиришини айтиб бой инсонларни ўзларини катта деб билмасликка, қаноат бойлигини бошда кўтариб юришга даъват этиб, қуёшдай қадр-қиммат топишларига умидвор бўлади. Қаноат фазилатини улуғлаб, осмон айланасини гўё уйнинг тоқига, қуёшни эса ана шу тоқдаги нақшга қиёслайди:

Тоқи муалло анга гардон сипеҳр,

Шамсаси ул тоқ уза рахшанда меҳр.

Вафони гавҳар деб билган шоир ўз замонасида уни ноёблашгани учун анқо атайди. Бу билан ҳам кўнгли тўлмайди. Қуёш юзидаги чиройли хат тусида кўз ўнгимизда жонлантиради:

Меҳригиё демаки, анқодур ул,

Жавҳари фарду дуру яктодир ул.

Меҳр узори уза хатти ғубор,

Тун сочининг тобида мушку тотор

Вафо гавҳари қанчалар шарофатли бўлмасин, қадр-қимматидан кўнгли тўлмаслигини яширолмайди шоир. Кимки бир вафо қилса, унга минг жафо жавобидан келиб чиқиб, аччиқ ҳақиқатдан далил келтиради, хулоса беради. Қуёш ҳам бошдан оёқ меҳрдан иборатлиги учун ҳар кеча осмон уни ерга киргизиб юбориш ҳолатига таққослайди:

Чунки, қуёш боштин-аёқ бўлди меҳр,

Ерга киюрди ани ҳар тун сипеҳр.

Навоийнинг ишқ таърифидаги  қуёш каломи тез-тез такорорланадию, ҳар гал янгича маъно-моҳият ташийди. Даставвал, мастона руҳдаги ёрнинг юзидаги терларини қуёш чашмаси, дея тасаввурлайди. Кейин куйдирмажонлигига ишора тарзида от устига минганча учиб бораётган қуёш қиёфасини кўради. Бундай гўзални кўрмаганлар ўт-оташдан омон қолишини айтадию, лекин уни кўриб кул бўлиш ёмон эмаслигини мамнунона мушоҳадалайди:

Юзда қуёш чашмасидек обу тоб,

Ғабғаб ўшул чашма суйидан ҳубоб.

Куймаку ашк ўлса  не тонг элга фош,

Маркаби барқ ўлсау роқиб қуёш.

Ростликни ёлғонга, тўғриликни эгриликка зидлаб одамларнинг кўнглига эзгулик уруғларини сочмоқ истаган шоир ғоят ҳаётий ва ҳаққоний ўхшатишларни бирин-кетин шунчалар тахлайверадики, бу тағин қуёш сўзисиз кечмайди. У адолатли подшони кўкларга кўтариб унинг тожини энг тик турган қуёшга ўз соясини солгандай тасаввурлайди.  Эгриликни  ёлғонга, тўғриликни ҳақиқатга эгизлайди.  У тўғриликка ҳам юксак талаблар қўяди. Яъни, текисга теп-текислик даражасини мезон ҳисоблайди. Фикрини жим турган сувда қуёш тўғри акс этишига, чайқалганида эса эгриланишига боғлаб, беинкор далил келтиради:

Туз кўрунур меҳр чу турғон сувда,

Эгри бўлур уштурак урғон сувда.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми келгуси сонда)