Кимки юз йил яшамаса - гуноҳ унинг ўзиндадир.

Мақсуд Шайхзода.

 

Яшамоқ - олий неъмат,

Парвардигор туҳфаси,

Шукур қилайлик ҳар вақт,

Яшамоқ бўлди насиб.

Юртимизда қандай бахт,

Гўзал эрур тўрт фасл.

Ҳаёт бирам чиройлик,

Юзга кириб юрайлик.

 

Мундоқ боқсанг, юртимиз -

Бу дунёнинг жаннати.

Ишонмасанг - юр, деймиз,

Йўқдир асло миннати.

Бугундан зўр - эртамиз,

Ўзбекистондир оти.

Ширин суҳбат қурайлик,

Юзга кириб юрайлик!

 

Уч минг йил яшаганлар

Билсанг, Луқмони ҳаким.

Ошларин ошаганлар,

Ҳавас қилгудек ҳар ким.

Шу ёшни қўмсаганлар -

Ниятга етар балким.

Давру даврон сурайлик,

Юзга кириб юрайлик.

 

Билсанг, ғанимат дунё,

Ҳаёт бир бор берилар.

Кўз очиб-юммоқ гўё,

Буғдой яна ўрилар.

Оқиб бормоқда дарё,

Тақдирдагин кўрилар.

Яхши кунлар кўрайлик,

Юзга кириб юрайлик!

 

БИЗ ҲАЛИ КЎП

УЗОҚ ЯШАЙМИЗ

Ҳали кўп баҳорлар келади,

Қирларда бойчечак кулади,

Тўрғайлар ўз куйин чалади,

Қирларга палослар тўшаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Вақт келиб қуроллар кам бўлар,

Тунлари эзгулик шам бўлар,

Севинчдан кўзимиз нам бўлар,

Уруш ташвишидан бўшаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Кун келар: етимлар йиғламас,

Ватансиз бағрини тиғламас,

Бизларга олам тинч бўлса бас,

Савобли ишларга биз шаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Эл-юртга мададкор ўзимиз,

Деҳқону соҳибкор ўзимиз,

Чилангар, дурадгор ўзимиз,

Дераза эшиклар ясаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Шу замин, шу тупроқ бизники,

Шу қалъа, шу ўтлоқ бизники,

Шу шаҳар, шу қишлоқ бизники,

Ташвишсиз бир ҳаёт бошлаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Ер юзи - бу дунё жаннати,

Жамулжам - Аллоҳнинг санъати,

Йўқ асло бизларга миннати,

Паловхон-тўрани ошаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Сўз борки, ўшал Нуҳ пайғамбар -

Минг йилдан кўп умр кўрганлар,

Луқмон ҳам уч минг йил турганлар,

Биз сира ўлмасга ўхшаймиз,

Биз ҳали кўп узоқ яшаймиз.

 

Ҳар баҳор олчалар гулласа,

Устозлар иймонга йўлласа,

Шу йўлда Аллоҳим қўлласа,

Жаннатга одимлар ташлаймиз,

Унгача ҳали кўп яшаймиз...

Муҳаммад МИРЗО.

Сардоба.