ШОИР ВА ПУБЛИЦИСТ СОДИҚ САЙҲУН - 65 ЁШДА

Содиқ Сайҳун ҳозиргача ўттизга яқин назмий ва насрий китоблар ёзган сермаҳсул ижодкор. Шу қутлуғ айёмида Сиз - мухлислар эътиборига унинг янги битикларидан саралаб, ҳавола этмоқдамиз. Ўйлаймизки, шеърлари ҳам, шингил ҳикоялари ҳам, кўнгилдан кечган қайдлари ҳам маъқулу манзур тушади.

ЯНГИ ЙИЛ СЎРОВЛАРИ

Вақтнинг бағрида умр улғаяр,

Кимгадир бешафқат, кимнидир аяр,

Қадрин билганларга мудом ўнг қарар,

Заҳматли кечган он раҳматга ярар,

Қанот бер, Янги йил, юксалишларга.

 

Меҳмонга мунтазир ўзбек қучоғи,

Остонаси гавжум умрин ҳар чоғи,

Оловли тандиру қозон-ўчоғи,

Тўйлашса ёзилар барча чарчоғи,

Ҳиммат бер, Янги йил, эҳсон ишларга.

 

Қадоқкафт қавмга кетмон оғирмас,

Минг бор эгилса ҳам бели оғримас,

Йил бўйи лаҳзани елга совурмас,

Хирмонли - беармон, кузда оҳ урмас,

Ривож бер, Янги йил, ризқланишларга,

 

Толганми ҳар тонгни туҳфалаб қуёш,

Уфқда жилмайган жамоли нурафшон,

Тунма-тун тўлишар ой бизга йўлдош,

Шуъладор юлдузлар азалий нурдош,

Қувват бер,Янги йил, руҳланишларга.

 

Ҳарсангга айланар қўнаверса гард,

Тандан қувмоқ мушкул эскирганда дард,

Лоқайду мудроқи бўлсин ҳушёр, мард,

Эртанинг ғамини бугун чекмоқ шарт,

Имкон бер, Янги йил, ўзгаришларга.

 

Дайди булутларни ёқтирмас осмон,

Гоҳ оппоқ, гоҳ қора тусланар осон,

Замингга қайтади йиғлоқи шайтон,

Содиқ юлдузларга ўхшаркин қачон?

Иймон бер, Янги йил, қалби бўшларга.

 

Умримиз зийнати олқишу савоб,

Гуноҳкор ҳар банда бўлгуси ҳароб,

Эл шўри таъмагир амалдор арбоб,

У шаксиз эртасин айлагай сароб,

Нажот бер, Янги йил, покланишларга,

 

Курраи заминда халқ кўп, миллат кўп,

Ўрганишга арзир ўрнак, ибрат кўп,

Қўл чўзсак, қўл тутар олийҳиммат кўп,

Ҳамкорликда ҳикмат, қадру қиммат кўп,

Меҳр бер, Янги йил, дўстлашишларга.

 

Тилимиз қичитмас ҳасаддек бало,

Бормикин камолга ҳавасдан аъло,

Мўъжиза кутишиб ётмасмиз асло,

Ўзбекистон беҳад ҳайратли маъво,

Илҳом бер, Янги йил, изланишларга.

 

Ажабо! Совуқ қиш қалбни қайнатар,

Сербезак арчалар кўзни яйратар,

Иссиқ уй тор келиб, қорда ўйнатар,

Болаларнинг боши кўкларга етар,

Авж бер, Янги йил, завқланишларга.

 

Ҳурланиб халқландик, оёққа турдик,

Шашти баландликда буюклик кўрдик,

Ҳеч юрмаган йўлдан мардона юрдик,

Дунёга довруқли мамлакат қурдик,

Суръат бер, Янги йил, юксак ишларга.

 

Халқимиз хотиржам - кун йўқ низоли,

Давлатидан доим кўнгли ризоли,

Шундайин Ватаннинг борми тимсоли,

Гўё насибадай беҳишт висоли,

Қўним бер, Янги йил, Ҳумо қушларга.

 

ВАҚТ ВА БАХТ

Азалдан инсоннинг феъли ажойиб,

Ҳар бири ўзини ҳисоблар ҳақ деб.

Кимдир музда чопар, ким кетар тойиб,

Бойлик кимга ғавғо, кимга зийнат- зеб.

 

Ҳаттоки бахтни мингга бўлишар,

Бойнинг ўз бахти бор, гадо йўқ бебахт.

Бир-бирин устидан пинҳон кулишар,

Лек икки қавмга пул ҳамиша вақт.

 

Йигит қиз, қиз йигит меҳригадир зор,

Дийдорга айланар улар учун бахт.

Айролик гоҳи-гоҳ етказар озор,

Не ажаб ҳайкалдай қотиб қолар вақт.

 

Қўшиқчи толега тилдан топар йўл,

Манзил яқинлиги ҳайдовчига бахт.

Раққосага ризқин берар оёқ-қўл,

Барчасига бирдай вақт керакдир, вақт.

 

Кетмонли деҳқоннинг пешонаси тер,

Кафти қадоқлигин бахт санайди, бахт.

Қуруқ қўймас мудом серсаховат ер,

Қадрдонлар учун қадри баланд вақт.

 

Болалар уйининг боласи нолон,

Отасиз, онасиз қачон кулган бахт.

Табассуми сохта, шодлиги ёлғон,

Кўнглига ягона умидбахшдир вақт.

 

Беморнинг кўзига ўлим кўринар,

Агар у яшашга қилолмаса аҳд.

Йўқотган бахтини топмоқ уринар,

Эҳ, тенгсиз бахт экан соғлом юрган вақт.

 

Бахтнинг қўнғироғи бетаъма қуёш,

Кўзлардан ғафлатни қувмоқлиги нақд.

Тонгдан шомга қадар ҳар лаҳза йўлдош

Олам нурпокининг онасидир вақт.

 

Қуёш теграсида замин парвона,

Ҳаёти ҳаракат- шудир туғма бахт.

Коинот уларга Ватан ягона,

Қиёмату қойим тўхтаб қолса вақт.

 

Неки мавжудот бор вақтда зоҳир,

Бахтга тўймас инсон, сен ҳам бахтга бахт.

Ақл-идрок, қалбинг дунёга фахр,

Кеча, бугун, эрта - уч авлоддир вақт.

 

Вақтга тинчлик берма, вақтга юкла юк,

Ҳар бир лаҳзасида боқий умр нақд.

Зоти шарифлигинг мўъжиза буюк,

Ҳайратдан ёқасин тишлаб турсин вақт.

 

Вақтнинг вақти йўқдир кутмоққа зарра,

Ҳар аҳдга ярашиқ шижоатли шахд.

Бахт ҳам асли бебахт вақтсиз минг карра,

Дунёнинг тутқаси-эгиз Вақту Бахт!..

 

ШИНГИЛ ҲИКОЯЛАР

Виждон ҳайқириғи

- Эҳ, виждон, виждон, сенсиз одам одамми ахир. Нима учун баъзилардан юз ўгиряпсан? - дейишибди унга норози оҳангда.

- Ўйлаб гапиринг, ўйлаб, қаттиқ адашяпсиз! - ҳайқирибди виждон. - Одамларнинг ўзлари мени тириклайин ичларига дафн этишяпти, кўзимни очгани қўйишмаяпти, ҳатто борлигимни бутунлай унутиб юборишяпти...

 

Ажабо!

Икки қўшнининг уйлари ҳам, ўзлари ҳам икки хил. Обрўси пастнинг уйи баланд, уйи пастнинг обрўси баланд.Бири кўчадан ташигани-ташиган, ҳеч қопи тўлмайди, бири топган-тутганини маҳалладошларига сочгани-сочган, ҳеч уйидан барака аримайди.

 

Чорасиз қайчи

Узун сочнинг хизматидан ҳориб зериккан тароқ қайчига ялиниб-ёлворибди:

- Қачонгача эзиламан, уни кесиб ташлаб, юмушимни енгиллатсанг-чи?!

- Хоҳласам ҳам узун сочни калталашни уддалай олмайман, -дебди қайчи иложсизлиги учун.

- Уриниб кўравер-чи, - илтижоли оҳангда яна ўтинибди тароқ.

Чорасиз қайчининг бағри ўртаниб кетибди.

- Мен ҳам сендан баттар аҳволдаман. Ихтиёрим қачон ўзимда бўлган. Уззу кун эгамнинг икки бармоғига тобеман...

 

Даҳшат

Касбини тирикчилик манбаига айлантириб олган педиатр-врачнинг уч яшарлик яккаю ягона ўғилчаси қаттиқ шамоллашдан ўз қўлида жон берди.

Ўша заҳоти отанинг кўзу қулоқлари очилди. Қаршисида ҳозиргача шифохонада ётиб, боласи ўлимидан фарёд чекканлар қаторлашди. Уларнинг оҳу фиғонлари оламни тутди:

- Лоқайд!

- Бераҳм!

- Ҳайф, сендақа шифокорга!

- Илоҳо-о, жазойингни боланг­дан тортгин!

У ўз қиёфасини ўзига кўрсатиб қўйган аччиқ қисмат даҳшатидан донг қотди...

Ҳасадгўйдан ҳадик

Ҳасадгўйнинг бирдан икки кўзи хира тортиб, энди кўрларга кун бермай қўйибди. Бундан бохабар кар ва соқовлар кеча-кундуз ичларида "Аллоҳим, ҳасадгўйнинг ҳамиша қулоқларини динг, тилларини бурро қилгин" дея илтижоли дуо қилиб юришганмиш.

 

Ҳайратомуз ҳол

Хорижлик бир меҳмонга зарбоф чопон кийдираётган ҳамюртимга кўзим тушди. Эскирган туфлисининг пошнаси майишиб кетганидан ўзи бехабар эди...

 

Илонбекнинг ибрати

Жамоага янги раҳбарликка тайинланган Илонбек илк йиғилишдаёқ ўз фалсафасини ўртага ташлади:

- Бугундан бошлаб ким менга ўхшашликни хоҳласа, ҳозирданоқ ортимдан юрсин!

Ўша заҳотиёқ эгриқадамларнинг куни туғди. Илонбекка эргашишни шараф билишиб, пилтанглашиб қолишди...

 

Англаш

Ота умр бўйи топган бор-бурдини фарзандларига бериб тугатгандан кейингина ўз фожисини англади...

 

Замонавий Ҳотамтой

Зуҳронинг қўшни дугонаси турмушда бироз қийналиб қолди. У буни кўриб:

- Сен маҳалламиздаги Турсунбек тадбиркорга бориб учра, у кўмагини ҳеч кимдан аямайди,-деди дарров йўл кўрсатиб.

Дугонасининг эса ранги бужмайди.

- Қўй, ўшани, ундан ёрдам сўраганимдан кўра ўлганим афзал.

- Вой-й-й, нега?

- Ўша Ҳотамтойинг кимга нима бермоқчи бўлса, ўзидан аввал телевидениедагиларни чақириб қўяди...

 

Нодонлик

"Доно"ликни даъво қилувчи ҳар қандай раҳбарнинг нодонлигига чидаш мумкиндиру, аммо-лекин бошқаларни нодон ҳисоблашига тоқат қилиш учун эса Аллоҳимнинг ўзи тўзим берсин.

 

ШИФОКОРЛАР ҲАҚИДА

Шифокор - дардкаш инсон,

Меҳри барчага эҳсон.

* * *

Шифокордан қочар Азроил

Доғда қолар ўлимлар, қойил!

* * *

Сеҳрга тўла сўзи,

Ичингни кўрар кўзи.

* * *

Моҳир дўхтир дардни аритар,

Малакасиз касал қаритар.

* * *

Дори-дармонсиз дўхтир,

Овчи-ю, ўқи йўқдир.

* * *

Қўлида янглишса гар кескир яроғ,

Қассобга айланар ҳар қандай жарроҳ.

* * *

Тўғри ташхис қўйса шифокор,

Дори-дармон кетмагай бекор.

* * *

Шифокор бўлса ҳалол -

Арзинг тинглар бемалол.

* * *

Шифокор ўрганса таъмага -

Бир хилда қарамас ҳаммага.

 

КЎНГИЛДАН КЕЧГАН ҚАЙДЛАР

Бекорчи - вақт қотили.

* * *

Ит ҳам ўз уйида эркин ҳуради.

* * *

Нарвон фақат юқорига чиқишгагина эмас, пастга тушишга ҳам асқотади.

* * *

Манманлик салом-аликни унутишдан туғилади.

* * *

Паст-баландни текислаш учун фақат баландни эзилади...