Шу боисдан мамлакатимиз тинч, куч-қудратимиз барқарору бардавом

Инсон учун кўз очиб кўрган ватани худди онасидек қадрли ва суюкли. Унинг тинчлиги учун жон куйдириб, кўз қорачиғидай асрамоқ фарзандликнинг энг олий бурчидир. Ҳар бир ўғлон учун ватанига пос­бон бўлишлик ўзига хос ғурур ва ифтихор бағишлаши шундан. Мустақилликнинг мустаҳкам қалқони - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган кун халқимизнинг катта байрами саналиши ҳам бежиз эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидай: "Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.

Ҳозирги кунда оналар ўз фар­занд­ларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳи­моячиси бўлади, деб юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда".

Истиқлол йилларида Қуролли Кучларимиз мукаммал даражада шакл­ланди. Унинг салоҳияти ўсди ва жанговар тайёргарлиги мустаҳкамланди. Эндиликда сон жиҳатидан ихчам, ҳаракатчан, замон талабларига жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда. Замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланаётган Қуролли Кучларимиз аввало чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва интелектуал салоҳиятли, юксак малакали ҳарбий кадрлар билан ҳам мустаҳкамланиши ғоят зарур. Шу боис ҳам бўлажак ватан посбонларини тайёрлаш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Уларнинг маънан етук ва жисмонан соғлом қилиб    вояга етказиш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ёшларни чақирувга тайёрлаш тадбирлари тобора такомиллаштирилмоқда. Йигитларимизни жисмонан чиниқтириш, соғломлаштириш ишлари ҳам доимо диққат марказимизда турибди. Бу саъй-ҳаракатлар мард ва жасур, мустаҳкам иродали ўғлонларни тарбиялаш, уларда Ватан тақдири учун чуқур масъулият ҳиссини камол топтиришга қаратилгандир.

Биз биламизки, фарзандлари соғлом юртнинг кучига-куч, қудратига-қудрат қўшилаверади. Шу боис, мамлакатимизда тўрт мучаси соғ, жисмонан бақувват авлодни вояга етказиш масаласи доимо долзарб бўлиб келмоқда. Қуролли Кучларимиз сафларида йигитлик бурчини адо этишга сафарбар қилинаётган ёшларнинг саломатлигини чуқур текширувдан ўтказишдек шарафли ва масъулиятли вазифа шифокорлар зиммасига юклатилган. Вилоятимиздаги шаҳар ва туман чақирув комиссиялари қошида турли мутахассисликдаги тиббиётчиларимиз фаолият кўрсатишмоқда. Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида эса доимий фаолиятдаги марказий тиббий чақирув комиссияси иш олиб бормоқда. Уларда юқори малакали врачлару ўрта тиббиёт ходимлари ҳарбий хизматга борадиганларни ҳар жиҳатдан мукаммал тиббий кўрикдан ўтказишяпти. Бунинг учун барча зарур шароитлар ва энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар етарли.

Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш борасидаги тадбирлар лозим даражада олиб борилмаяпти. Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрда қабул қилган "Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбия­лаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бў­йича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорлари ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Мутасадди ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятлари энди тубдан яхшиланиши керак.

Ўтаётган ҳар бир кун бизни миллий армиямизнинг таваллуд санасига тобора яқинлаштирмоқда. Байрамолди тараддуди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойишига мувофиқ олиб борилмоқда. Шу йилнинг 15 декабридан бошланган ва келгуси йил январининг 15 санасигача давом этадиган ватанпарварлик ойлигига бағишланган тадбирлар тобора фаоллашиб, қизғин тусга кирмоқда. Бу борадаги кенг кўламли ишлар, қутлуғ кунни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш ҳамда миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадига хизмат қилади.

Содиқ САЙҲУН.