Бу қиз Республика ёшлар маркази Наманган вилоят бўлими тўгарак раҳбари Мария ТЯНдир.

 

Бугун ҳафтанинг сешанбаси - унинг вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги рус тилини ўргатиш кўчма тўгарагининг навбатдаги машғулот куни. Мария одатига кўра қўлига русча-ўзбекча луғату грамматика қўлланмасини олганча Ёшлар марказидан ўша томонга атайин пиёда одимлади. Йўл-йўлакай мавзуни ёдида такрорлаб борди. Ахир у кичкина болаларга эмас, ўзи тенгиларга, ҳатто ўзидан ёши улуғларга тил ўргатади. Устоз шогирд олдида доимо устунлигини ушлаб туриши керак. Бунинг учун мутассил ўқиб-ўрганмоқ шарт. Ўзи қанчалик кўпроқ билса, бошқаларга ҳам шунчалик нафи кўпроқ тегаверади. Бу, тиришқоқ ва интилувчан қизнинг яшаш ва ишлаш фалсафасига айланиб кетган.

Соат миллари 14.00 ни кўрсатганида Мария машғулот хонаси остонасини хатлади. Йигирма нафар фельдшер ва ҳамширалар уни мамнуният билан кутиб олишди. Машғулот мавзуси аввалдан эълон қилингани боис тингловчилар маълум даражада тайёргарлик кўриб ўтиришарди. Дастлаб ҳаётий заруратга айланган муомала- мулоқоти бўйича синов саволлари ўртага ташланди. Мария бирор саволи бежавоб қолмаётганидан қувониб, янги мавзу - "Местоимение" ("Олмош") ҳақида тушунча беришни зўр иштиёқ билан бошлаб юборди. Айниқса, кишилик ва кўрсатиш олмошларининг оғзаки тилдаги аҳамиятини маънодор гапларни мисол келтириш билан тингловчилар онгига "қуйишга" интилди. Орадан 30 дақиқа ўтибоқ, оғзаки малакани ҳосил қилиш учун уларни ўзаро суҳбатга чоралади. От, сифат ва сон ўрнида қўлланувчи, уларни ифодаловчи ва кўрсатувчи олмош сўзларни қай тарзда алмашлаб қўллаш, фойдаланиш лозимлигини батафсил тушунтиришга интилди. Икки соатли машғулот тўгарак қатнашчиларининг қизиқуви ва мароқланиб ўзлаштиришга ҳаракат қилишлари билан ғоят самарали якунланди. Ўрта тиббиёт ходимлари рус тилини яхши ўзлаштираётганликларидан мамнун ҳолда муаллима Марияни хурсанд кайфиятда кузатиб қолишди.

- Биз Мария Романовнанинг марказимизда рус тилини ўрганиш бўйича бепул кўчма тўгарак очганидан беҳад хурсандмиз, - дейди ҳамшира Гулмира Абдубанноева. - Қулайлиги, ишимизга ҳалақит қилмайдиган вақтни танланганидир. Ахир атайлаб пуллик курсларга ёзилиб ўқишга ҳаммада ҳам имконият йўқда. Шифохонамизда устозга ҳам, тингловчиларга ҳам зарур шароитлар яратиб қўйилгани айни муддаодир.

Бу Мария фаолиятидан ягона мисол эмас. У ҳафтанинг уч кунида икки соат бу ерда бўлса, қолган яна уч кунида вилоят ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари ҳузурига ошиқади. У ерда эса 30 нафар рус тилини ўрганишга иштиёқмандларни тўгарагига жалб қила олган.

Аслида кўчма тўгараклари унинг қўшимча тармоқларидир. Марказда эса, 120 нафар тингловчиларга эга. Уларнинг деярли ҳаммаси уюшмаган болалар ва ёшлар, кам таъминланган оилаларнинг ўғил-қизлари. Демак, замон талабалари асосида ҳар бир киши камида икки-уч тилни ўрганиш заруратини сезаётган бир пайтда Мария Романовнанинг саъй-ҳаракатлари ғоят фойдали ва эътиборга лойиқлигини таъкидлаш ўринлидир. Унинг кўнгли эзгу ниятларга тўла. Ўзбекларни рус тилида худди она тилларидагидек равон сўзлашлари ва бехато ёзишларига кўмаклашишни ўзи учун асосий юмуш сифатида сидқидилдан адо этишдир. Бунинг учун унда билим ҳам, иқтидор ҳам етарли эканлиги қизга ҳеч вақт қийинчилик туғдирмайди. Аксинча, завқу шавқ бағишлайди.

Энди яхшироқ таништириш мавриди келди. Мария Тян Наманган туманидан. 1992 йили Қурама маҳалласида таваллуд топган. Онаси Қумрихон Аҳмедова муаллима, отаси Тян Роман тадбиркор. У 2015 йили Наманган давлат университети филология факультетини рус тили йўналиши бўйича ўқиб тамомлаган. Талабалик чоғларидаёқ республика фан олимпиадаси ғолиблари сафидан ўрин олиб, ўзбек тили бўйича фахр­ли I-ўринни эгаллаган. Интилувчан қиз айни пайтда корейс, ўзбек ва рус тилини пухта билиши билан элга танилмоқда. Ёшлар маркази қошидаги рус тили тўгарагининг раҳбари сифатида обрў-эътибори баланд. "Йилнинг энг зукко ходими" ва "Йилнинг энг фаол тўгарак раҳбари" номинациялари соҳибаси дея бежиз эътироф этилмаган.

Мария Тянга тиниб-тинчимаслик хислати хос. У жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган грант-маблағини ютиб олди. "Соғлом оила - бахтли келажак!" номли лойиҳани бажариш учун Республика ёшлар маркази Наманган вилоят бўлинмасига йўналтирилган 28 миллион сўм маблағ доирасидаги тадбирларни изчил уюштириш учун Мария бор билим ва маҳоратини, ташкилотчилик лаёқатини сарфламоқда. Ойма-ой вилоятимиздаги маҳалла, коллеж ва академик лицейларда ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилаларда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, эрта турмуш қуришни ҳамда қариндош уруғлар ўртасида тузилаётган никоҳларнинг олдини олиш борасидаги тарғиботни тобора такомиллаштирмоқда.

У "Дўстлик" марказининг ҳам фаолларидан ҳисобланади. Бу қиз учун миллатларнинг фарқи йўқ. Барчасига бирдай меҳр-оқибатини аямайди. Айни маҳалда ногиронпарварлигини айтмайсизми. Тез-тез махсус муассасалардаги ва маҳаллалардаги ёрдамга муҳтожларга кўмак қўлини чўзади. Бирига китоб-дафтар совға қилса, бирига кийим-кечак улашади. Ортидан ҳамиша олқиш ёғилади. Мария эса бундай мақомга эришишига фаолият юритаётган маркази жамоасини сабабчи деб билади. Айниқса, Лола Козлова, Шербек Усмонов ва Азамат Абдукаримовларнинг номларини миннатдорчилик билан тилга олади. Ўзини бундай устозларига доимо эҳтиром кўрсатишга бурчдор ҳисоблайди. У шогирдлар камоли - устозлар жамоли эканини бирор лаҳза унутмайди.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.