Умаршайх мирзонинг эзгу фазилатлари ичида хушхулқлиги, ширинтил, яхши ва тез сўзловчи улфат эканлиги ҳам эътиборга лойиқ. У қўполлик ва қўрсликни ёқтирмасди. Серсаховатликни ўзига муносиб ҳисоблаган. Амалдаги тамойилга кўра, тожу тахт ворислари - шаҳзодалар ҳарбий машқларда чиниқтирилади. Отда юришдан тортиб, қиличбозлигу камон тортишгача мукаммал ўргатилади, токи тўла-тўкис малака ҳосил қилмагунича. Фарғона ҳукмдори ҳам моҳир мураббийлари раҳнамолигида буларни пухта ўзлаштирганди. "Бобурнома"да келтирилганидай: "Икки мартаба ўзи жамиъ йигитлардин ўзуб қилич тегурди: бир мартаба Ахси эшигида, яна бир мартаба Шоҳрухия эшигида. Ўқни ўрта чоғли отар эди, бисёр зарб мушти бор эди, анинг муштидин йигит йиқилмоғон йўқтур". (10-бет). Ойдинлашяптики, Ахси подшоси бағоят кучли ва бақувват экан. Ахир мушт урганда ҳар қандай рақибини қулатишга қодирлик энг зўр паҳлавоннинггина қўлидан келади, холос. Қойил!
Бобур аслида заррача муболағага йўл қўймаган, ҳаққонийлик ва ҳақиқатгўйлик, унинг шиоригинамас, ёзган ҳар бир сатрига сингдирилган мазмун-моҳият мезони, пок виждонлилиги аксидир. Шу боис ўз навбатида падари бузрукворининг феълидаги хатти-ҳаракатидаги, тутумидаги қусурларгача назаридан қочирмаган. Умаршайх мирзонинг "Мулкгирлик дағдағаси жиҳатидан хейли ярашлар урушқа ва дўстлуқлар душманлиққа мубаддал бўлур эди" дея эслайди у.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).