Инсон учун саломатликдан ортиқ бахт йўқ. Уни бой бермаслик учун ота-оналаргина эмас, балки биз педагоглар ҳам болаларга соғлом турмуш тарзи талабларини мактабданоқ ўргатишимиз ғоят зарур. Менимча, қайси фан бўлмасин сабоқни ҳаётга боғлаб берилса, ўқувчига яшашда нафи тегади. Янаям аниқроқ айтганда болалар билганларига амал қилиш кўникмасини ҳосил қилишни барвақт бошлаб юборадилар. Натижада улғайишган сари баркамоллик касб этишлари осон кечади. Инглиз тилини ўргатиш жараёнида ҳам худди шундай қилинмоқда. Биз болаларга ҳарф танитиш, бўғинларни қўшиб ҳижжалаб ўқиш, сўзларнинг маъносини чақиш билан кифояланиб қолмаяпмиз. Сўзлардан гаплар тузиб, уларга ҳаёт учун асқотадиган фикрларни жамлаб, инглизча талаффузда ёдлатиш ва айттиришга алоҳида эътибор билан қараяпмиз. Бу, албатта, кичикларда хориж тилида гапиришга, саволларга жавоб беришга қизиқишларини кучайтиряпти. "Алифбо"ни тўла ўзлаштиришгунча ҳам маълум даражада ёдлаш йўли билан бўлса ҳам оғзаки талаффузни ўрганишяпти.

Биз чет тили ўқитувчилари тажрибаларимизни, таълим беришдаги янгича усулларимизни бир-биримиз билан доимо баҳам кўрамиз. Дарсларимизга касбдошларимизни таклиф этамиз. Яқинда мен 1 "А" синфда "He is seven" ("У етти ёш") мавзусида очиқ дарс ўтказдим. Машғулотимда ўқувчиларимни қизиқарли ўйинларга жалб қилиш, топишмоқлар бериб ва саволларни ўртага ташлаб, жавобларини эшитиш орқали кутилган мақсадга эришишга астойдил интилдим. Энг муҳими, болаларнинг ҳар бир кунида фойда берадиган қимматли тиббий маслаҳатларни уларнинг ўзларидан қайта тинглаш учун аввалдан жавобларни яхшилаб ёдлаттирган эдим. Масалан, дастлаб "Исминг нима?" саволини бергач, жавобидан кейин саломатликни сақлашга доир тавсияларни айтишларини йўлга қўйдим. Бири "Тозалик - соғлик гарови", бири "Чекиш - саломатликка зарар етказади", бири "Шамолаш барча касалликларни келтириб чиқаради" деган фойдали насиҳатларни инглизча талаффуз этиб, тенгдошларини ҳам бундан бохабар қилди. Фақат шугина эмас, айни пайтда қишда иссиқ кийиниш, уйда печка ёки сандалдан чиқадиган ис газидан сақланиш шарт эканлигини аввал ўзим айтиб, сўнгра жажжиларга инглизча такорорлатиб, ҳаммалари ёдлашларини навбатдаги вазифа сифатида топширдим.

Болалар мавзуга берилиб кетишди, фаол қатнашишга интилишди. Ҳам инглизча талаффуз кўникмаларини мустаҳкамлашди, ҳам турмушда керакли тиббий маълумотларга эга бўлишди. Айниқса, ўқувчиларимдан Абдулазиз Абдулпатаев, Дурдона Ҳабибуллаева, Жаҳонгир Зокиржоновлар тенгдошлари ўртасида ўзларининг бурро-бурро жавоблари билан бизни хурсанд қилишди.

Мактабимиз директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Моҳира Лутфуллаева, ҳамкасбларим Ойшахон Қаҳҳорова, Ёрқиной Алимовалар дарсимнинг ютуқларини эътироф этишлари билан бирга янада такомиллаштириш ҳақида маслаҳатларини беришди. Шунингдек, бошланғич синф муаллималари, синф раҳбарлари Соҳиба Муҳсинова, Раҳима Эргашева ва Насиба Худойбердиевалар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш омиллари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Ҳозирда Янги йил кечасига ва "Алифбо" байрамига тараддудни бошлаб юбордик. Унда болалар инглизча шеърлар ҳам ўқишлари керак. Ҳар бирларига алоҳида-алоҳида топшириқлар берганмиз. Ўйлаймизки, соғлом турмуш қоидаларига амал қиладиган болалар соғлом болалар бўлишади. Таълим бериш билан бирга тиббий тарбияни улар онгига сингдириш бундан кейин ҳам доимо диққат марказимизда тураверади.

Муаттар КАРИМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 55-мактабнинг инглиз тили муаллимаси.