Бутун умрини болалар саломатлигини сақлашга бағишлаган табаррук отахон, педиатр-врач Мамадали Жўраевнинг тасвирига чизгилар

Ёшлари тўқсонга қараб кетаётган бўлса-да, ҳамон бардам ва тетик Мамадали ота чинакамига касбига содиқ, эл хизматига фидоий инсон сифатида ҳар қанча қадрлашга муносиблар. Ахир узоқ йиллар кичик беморларни соғайтириш хизматида сочлари оқарди, пешоналарига ажин тушди. Лекин бирор бор у киши ишнинг оғирлигидан нолимаган, шароитнинг носозлигидан зорланмаган, аксинча мутасаддиларга ўз фикрини очиқ-ойдин айтиб, уларни ҳушёр торттирган, нимаики таклиф этган бўлса, аввало уни бажариш учун биргаликда ҳаракат қилган. Раҳбарларнинг раҳматини, беморларнинг ота-оналари олқишини олган. Ҳикоямиз ана шу ибратли умр соҳибининг фаолиятидан келтирилган лавҳалардан маъно-мазмун топган.

Мамадали Жўравой аравасознинг тўнғич ўғли эди. Отасига кўмаклашиб, тирикчилик ташвишини эртароқ бўйнига олганига қарамай, ўткир зеҳнлиги учун мактаб машғулотлари сабоғини анча пухта ўзлаштиришга эришаверди. Шу туфайли 1954 йили Тошкент давлат тиббиёт институтига юқори балл билан қабул қилинди. Талабалик даври ҳам унутилмас воқеаларга бой кечди.

Пойтахтдаги муҳташам концерт зали олий билим даргоҳларининг илғор ўқитувчи ва талабалари билан лиқ тўла. Анжуманда Республика раҳбари Шароф Рашидов ёшларнинг юрт равнақи йўлида кўрсатаётган фаол­ликларига алоҳида тўхталиб, ҳукумат номидан миннатдорчилик билдирди, сўнгра тақдирлашга ўтилди. Бирин-кетин жамоатчи талабаларнинг номлари зикр этилиб, улар саҳнага чорландилар. Тиббиёт институтига навбат келганида "Педиатрия факультетининг 2-босқич талабаси Мамадали Жўраевга Ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаси" деган сўзлар янгради. У кўнгилли ҳаяжонларга тўлиб саҳнага ошиқди. Шароф Рашидов самимий жилмайганча мукофотни топширар экан, қўлларидан сиқиб, "Баракалла, янада астойдил бўлинг!" дея рағбат билдирди.

Орадан олтмиш тўрт йил ўтса ҳамки, ҳамон ўша ҳаяжонли дақиқа кўз ўнгида бир-бир жонланиб қўяди. 2017 йили Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланган дамларда беихтиёр бетакрор ёшлик онларини эсладилар, отахон буюк давлат арбоби ва таниқли адиб қўлидан мукофот олиш бахтига муяссар бўлганлигидан яна бир бор фахрланиб қўйдилар.

У 1960 йил Тўрақўрғонга олий маълумотли тиббиёт мутахассиси сифатида қайтганида оиладагилари эскириб нураётган уй-жойларини янгилаш ҳаракатида эдилар.

- Ўқишингни тугатганинг яхши-ю, энди иш кутиб турар, аввал хоналарнинг устини ёпишга ёрдамлашиб юбор, - деди Жўрабой бува ёнига кўмакдош қўшилганидан хурсанд ҳолда.

Мамадали одатига кўра отаси гапини икки қилмади. Ўзи ҳам таътил чоғлари ҳар келганида уй-жойларига қарашни орзуларди-да. Шаҳардаги одамларнинг шароити қишлоқдагиларникига нисбатан яхшилигига ич-ичидан ҳаваси келарди. Ахир пойдевори заҳламайдиган баланд, кенг ва ёруғ баҳаво хоналарда яшайдиганларнинг соғ­лиги ҳам мустаҳкам бўлишини врач сифатида эртароқ англаб етганди.

- Бўпти, янги уй битмагунча ҳеч қаёққа кетмайман,-дея отасини хотиржам торттирди Мамадали.

Дарров дурадгор устанинг кўмакдошига айланган ўғил билмайдики, ўша пайтда ўзи каби ёш мутахассислар келишини тумандагилар кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтиришади. У ҳозиргача ҳеч қаерга ва ҳеч кимга учрамагани учун бу ҳолатдан мутлақо бехабар эди. Кимдир излаб келиб, эшигидан чақиришини хаёлига ҳам келтирмаганди...

Қурилиш-таъмирлаш юмушларига астойдил киришиб кетганининг учинчи кунида кутилмаган ҳодиса рўй берди. Остонада нотаниш киши кўринди.

- Ҳе-е-е ҳорманглар!-деди батартиб кийинишидан бирор муассаса раҳбарига ўхшаган ўрта ёшли йигит.

- Танимайроқ турибмиз, меҳмон, - дея Жўрабой ака унга бошдан-оёқ синчков назар ташлади.

- Врачларнинг бошлиғи Ривожиддин Мадаминовман,- ўзини таништирди ҳашардаги катта-кичикларга олазарак боққан ҳолатди.- Ишлаётганлар орасида Мамадали ўғлингиз қайсиниси?

- Менман,-деди янги уйнинг томида устага уни-буни олиб бераётган йигит ўз исмини эшитибоқ.

- Жуда яхши, агар малол келмас, пастга тушсанг, отангиз билан бирга келишиб олсак, - деди врачлар бошлиғи дарров мақсадга кўчиб.

- Энди қўли ишга текканда, қаёққа бошлаяпсиз?- таажжубланди отаси.

- Аввало мени яхшилаб эшитинг, Жўрабой ака,-дея тушунтиришга ўтди меҳмон. - Ўғлингизнинг уйда қилаётган юмушини бошқалар ҳам уддалайверади, лекин больниция­даги хизмат ҳеч бир ўқимаганнинг қўлидан келмайди, у ерда қанчадан-қанча болалар касалдан қийналиб ётса-ю, ўғлингиз бўлса, уч кундан буён қорасини кўрсатмай туравергани қанақаси. Агар ҳозироқ рухсатини берсангиз савобга, бермасангиз...

- Бўлди-бўлди, менинг ўғлим элга зарур экан, олиб кетаверинг!-деди Жўрабой ака врачлар бошлиғи билан тортишиш ортиқчалигини ўша заҳотиёқ сезиб.

- Унда яхши, қани бир четда ўзимиз гаплашадиган бошқа гаплар ҳам чиқиб қолди, - деди меҳмон ҳовлидаги ток ишкомлари остига мезбонни бошлаб. Сўнг секингина қулоғига пичирлади.

- Сиз менга йўқ демадингиз, энди сиз айтинг мен бажарай.

- Нимани?

- Қурилишингиз чала қолмаслиги керак, қўлимдан келганини ҳозироқ топиб жўнаттираман.

Жўрабой ака бунақанги савдони биринчи учратиши эди. Мамнун жилмайди-ю, бироқ ҳеч кимга оғирлигини солиб ўрганмагани учун "Ҳаммаси етарли "дейишдан нарига ўтолмади.

Меҳмон ёлғон манзиратга оғиз очмаган эди.

- Мамадали, сен ҳужжатларингни тайёрлаб кутиб тур, мен тезда қайтаман,-деди қатъий оҳангда меҳмон раҳбар.

Орадан бир соатча вақт ўтиб-ўтмай кўча эшиклари олдида яна Ривожиддин Мадаминовнинг "Москвич"и пайдо бўлди. Орқама-орқа прицепли тракторда врачлар бошлиғининг эҳсон "юки" етиб келиб тўхтади.

- Ёш дўхтир кадрнинг уйини битказиш учун бошланган ҳашарга у ишлайдиган шифохона раҳбарининг қўшган ҳиссасини, қани тезроқ тушириб олинглар! - деди Ривожиддин Мадаминов қўтаринки кайфиятда.

Томга керакли тахта, шифер ва электр токи монтажи учун кабель-симларни кўрган Жўрабой ота беихтиёр қўлларини фотиҳага очди.

- Сиз ҳиммати баланд йигит экансиз, Аллоҳим обрў-мартабангизни ҳамиша зиёда қилаверсин! Ўғлимнинг яхши одамлар қаторига қўшилаётган чин бўлсин.

Ота дуоси ўз ижобатини йилдан-йилга топаверди. Керакли кадр керагича қадрланди. У шунга яраша астойдил, билиминиям, малакасиниям, куч-қувватиниям ҳеч аямай сарфлаб, оқ халатли нажоткорларнинг ҳавасу ихлосларга арзигудай кўзга кўринган пешқадамига айланишга улгурди.

Аслида ўша ўтган асрнинг 60-йиллар бошларидаги вазият ва аҳвол нуқтаи назаридан баҳоланса, бу ташвишлар бағридан қувонч излаш, машаққатлар ичидан завқ ахтариш, беоромликдан ором қидириш каби сайъ-ҳаракатларнинг пировардидаги ибратли ҳолат эди, албатта. Эътирофимиз исботи учун ҳаётий ҳодисалардан бирини мисол тариқасида келтирамиз. Вилоятда болалар ўртасида дифтерия эпидемияси бошланди. Бир кечанинг ўзида 8-10 нафар бола нобуд бўлди. Фарғона (ўша пайтда Наманган ҳам шу вилоят таркибида эди) соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларнинг инфекционист ва педиатрлари оёққа туришди.

- Нима қилсак тинчийди?- деди бошқарма бошлиғи Ғанижон Мирзаев асабийлашган тарзда хонада ўтирганларга нажот излагандек бирма-бир тикилиб.

Кўзи Мамадали Жўраевга тушганида у ўрнидан турди-да, кескин хулосани ўртага ташлади.

- Барча болаларни зудлик билан эмлаш шарт!

- Шок берса-чи?

- Худо хоҳласа, шок бермайди, тўхтайди...

- Агар сизнинг айтганингиз тўғри чиқса, ўзим мукофот билан сийлайман,-деди бир қарорга келгандек бошлиқ.

- Болалар соғлигига эришсак, шунинг ўзи менга энг катта мукофот, Ғанижон ака! - деди у таклифи маъқул тушганидан мамнун кайфиятда.

Кўнглининг бир четида бошлиқнинг "Шок берса-чи?" деган иккиланиш йўсинидаги саволидан уйғонган хиралик бир неча кун чекинмади-ю, лекин ишонч ҳисси дадиллик бағишлайверди. Инфекционист мутахассис Ҳакимжон Ботиров ва Анна Петровналар билан билан ёнма-ён эмлашни охирига етказиш учун кеча-кундуз тиним билишмади.

Дифтерия авжи пасайтирилди ва ниҳоят сўндирилди. Барча ҳамкасблари Мамадали Жўраевнинг керакли пайтди бутун масъулиятни зиммага олиш ва энг мақбул йўлни танлаб, ҳамкасбларига кўрсатиш журъатига ҳам қойил қолишди, кўрилган чора-тадбирлар тезда ижобий натижа бергани билан табриклашди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонда)