Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳаётини ва қалбини кўрсатувчи ноёб ижодий яратиқ. Улар инсонни инсондек яшашига ўргатадиган, ёруғ оламда ким яхшию, ким ёмон, нима фойдаю, нима зиёндан, савобу гуноҳлардан огоҳ этадиган сабоқномадай қадрли.

Шу боис, бадиий асарни хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ўзига хос тарбиячи деб айтсак ҳам хато эмас. Чунончи, умумтаълим мактабларининг 7-синфи ўқувчиларининг адабиёт дарс­лигига қардош қирғиз халқининг атоқли адиби Чингиз Айтматовнинг "Оқ кема" ("Эртакдан сўнг") қиссаси киритилган. Тўғри, асарни ўрганишга жуда қисқа-атиги 2 соат ажратилган. Лекин шу қисқа вақт ичида болаларга мухтасару мукаммал маълумотлар етказа олсак, асарнинг ўқувчилар хотирасидаги умри узайишига эришишимиз мумкин. Мен ўз тажрибамга кўра, бу қиссани яна бир бор ўқиб чиқаман. Даставвал сюжетини сиқиқ ҳолда болаларга сўзлаб бераман. Сўнгра асар эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва бадбинлик ўртасидаги муросасиз кураш асосига қурилганлигини таъкидлаб, воқеа жойи манзарасини сўзлар воситасида жонлантиришга ҳаракат қиламан. Барчанинг эътиборини ёзувчининг тасвирларига қаратаман. Иссиқкўлни, унга яқин ёндош тоғу тошларни, Сан-Тош дарасини, бундаги ўрмонни ўқувчиларнинг кўз олдига келтираман. Ана энди "Оқ кема" эртагию, Энасой ва Шоҳдор она буғи ҳақидаги ривоятларга эътиборларини қаратаман.

Эртакларнинг ёлғон эмаслигига, ривоятларнинг ҳақиқатдан йироқ бўлмаслигига ишонтираман. Чунки ҳақиқий ҳаёт билан хаёлий тўқима бутунлай бошқа-бошқа ҳодисалар эмас. Аксинча, бизларга кўринмайдиган ришталар билан боғланиб кетганки, уни зийраклик билангина уқа олишимиз мумкин.

Асар таржимони, давлат мукофоти лауреати, профессор Асил Рашидов "Чингиз Айтматов мактаби" номли мақоласида таъкидлаганидай: "Шунинг учун ҳам "Оқ кема" қиссасига "Эртакдан сўнг" деган мўъжазгина сарлавҳа ҳам қўйилган, яъни бу қисса эртак эмас, балки эртакдан кейинги реал ҳаёт воқеалари бўлиб, унинг қаҳрамонлари бугунги кишилар, қирғиз халқининг типик вакилларидир... асар тасвирида ҳаётнинг гўзал ва салбий ҳодисалари ёнма-ён ва ўзаро уйғунликда тўлақонли тарзда ифодаланган".

Асар воқеалари қирғиз заминида рўй берган, ундаги образлар қўшни халқ вакиллари бўлсаларда, ўқиш чоғида асло миллатини фарқ­ламаймиз. Гўё ўз юртимизда кечаётгандек тасаввур уйғонади. Аслида ҳам бу алдамчи ёки сохта таассурот эмас. Ахир қирғиз ва ўзбекка қадим-қадимдан дарддошу кечмишдошлик қисмати битилган. Публицист Адиба Умированинг эътирофи ҳам бежиз эмас: "Тарихдан маълумки, Шарқ дунё тамаддунининг бешиги. Улуғ қирғиз ёзувчиси ижодида ана шу муштаракликни кўрамиз. Биргина "Оқ кема" қиссасидаги Шохдор она буғи ҳақидаги ривоятлар Шарқ руҳиятининг ўзига хос бадиий ифодасидир".

Ёзувчининг ўзи буни яхши билар эди. Унинг томонидан билдирилган қуйидаги фикр-мулоҳазалар ҳам чуқур ҳаётий илдизга эга: "Адабиёт турли миллат ва элатларнинг бошини бириктиради, керак бўлса, қитъаларни қитъалар билан дўстлаштиради".

Ўқувчиларга икки қутбдаги кишиларни таништириш билан ҳаёт курашларидан иборатлигини, эзгулик йўллари равон эмаслигини, шунга қарамай, қора кучлар олдида ожиз қолмаслиги кераклигини алоҳида уқтираман. Мўмин бува ва Бола қиссадаги ижобий кучлар гуруҳи ҳисобланса, Ўрозқул ва унинг ҳамфикрлари салбий қутб вакиллари саналади. Шу ўринда мураккаб образларга тавсиф беришни мақсадга мувофиқ деб биламан. Бекай хола, Сайдаҳмад, Гулжамол, кўчма дўкон сотувчиси - Йигитда ҳар икки томонга тааллуқли хислатлар мужассамки, бу қиссанинг ҳаётийлигини таъминлаб туради.

Чунончи, Боланинг хатти-ҳаракатию, фикру ўйларидаги қувноқлигу маҳзунлик, бутун борлиқдаги нарсаларни жонли тасаввурлаб, ҳар бири билан самимий сўзлашувида кичик китобхонларни беихтиёр ўзига дўст қилиб оладиган ўзгача сеҳр бор. Фақат ва фақат бу Боланинг қувончлари қисқа, орзулари бекати йироқ, катталарнинг бешафқатлигидан кўнгли озорли. Бироқ ягона таянчи - бобоси Мўмин чол ҳам чорасиз, имконсиз. Портфель олиб беришу, узоқдаги мактабга қатнашига кўмаклашишдан бошқаси қўлидан келмайди. "Оқ кема" эса Иссиқкўлда кўриниб-кўринмайди. Орзулари осмонидаги "қуёш" аччиқ қисмат булутларини ёриб ўтишга қодир эмас эди.

Армонларга айланган оқ кема бедарак кетаверади. Ота соғинчи изтиробида ота дийдоридан бенасиб Боланинг дарёда оқиб кетгани хабари кўнгилларни қаттиқ ларзага солади-ю, кейин таскинбахш сатрлар ўқиш асносида кайфиятимиз мўътадиллашади. Асар Бола руҳига қуйидаги илтижо билан хотималанган:

"... сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси, куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда.

Бўталоғим, сен билан видолашар эканман, сенинг сўзингни яна бир бор такрорлайман: "Салом, оқ кема, бу мен!".

Олам ва одамнинг эгизлигидан ҳаётимиз боқийликка боғланган. Унинг занжирлари ҳеч вақт зангламайди. Токи сиз билан биз Мўмин чолдек самимий бўла олсак, токи сиз билан биз Бола сингари туғма пок қалбимизни ёвуз туйғулар булғашига йўл қўймасак, токи сиз билан биз орамиздаги Ўрозқул ва унинг ҳамтовоқларига ўхшаганларга бемуросалик муҳитини яратолсак.

Қиссадаги ҳикматона уқтиргилардан болалар тарбиясида ўринли фойдаланишимиз фойдадан ҳоли эмас. Улардан айримларинигина келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ўйлайман:

"Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик".

"Э-э, бўтам, ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, қандай ярамаслик, улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланишади".

"Э бўтам, пул ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ, гўзалликка ўрин йўқ".

Ахир юқоридаги фикрлар айни ҳозирги замондошларимиз ҳаётда тўғри йўлларни танлаб яшашлари учун долзарб огоҳномалар мисоли ўз қимматини ва аҳамиятини сир-сира йўқотган эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорларидан сўнг республикамизда адиб ижоди тарғиботи тобора кучайтирилаётган экан, бу ўзбек халқининг қирғиз хал­қига, унинг довруқли фарзанди Айт­матовга бўлган юксак муҳаббати ҳамда эҳтиромининг ёрқин ифодасига айланиб кетмоқда. Дўстлик, ҳаммаслаклик ва ҳамкорлик туйғулари педагоглар томонидан мактаб ва коллежларимизда адиб асарлари орқали болаларимизнинг онггу шуурига чуқур сингдириб борилиши зарурлиги ҳамиша зиммамизга алоҳида масъулият юклайверади.

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги

4-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.