Ватан

Туғилган уйим - ватан,

Аллаю куйим - ватан.

Нигоҳимда наҳлаган

Орзую ўйим - ватан.

 

Ётар бешигим - ватан,

Очар эшигим - ватан.

Остонадан бошланар

Сўнгсиз қўшиғим ватан.

 

Мўъжиза ерим - ватан,

Қуюлар терим, ватан!

Кунда минг бор эгилиб,

Оғримас белим, ватан!

 

Тилло тупроғим - ватан,

Гулу япроғим - ватан.

Ягонаю бебаҳо

Кўзу қароғим ватан.

 

Тошқин анҳорим - ватан,

Шошқин баҳорим - ватан.

То тирикман беминнат

Меҳр изҳорим, ватан!

Дарё миробим - ватан,

Сувга серобим - ватан.

Зориқмас еру элим,

Шодлик - шаробим, ватан!

 

Сермева боғим - ватан,

Серсавлат тоғим - ватан.

Бағрингда бўйим баланд,

Сердавлат чоғим, ватан!

 

Қишлоғу шаҳрим - ватан,

Туганмас фахрим - ватан.

Ҳайратона ҳуснингдан

Яйрар дил-баҳрим, ватан!

 

Ёруғдир йўлим, ватан!

Бунёдкор қўлим, ватан!

Кўзим қиймайди сира,

Сенсизлик ўлим, ватан!

 

Дўсти қуёшим - ватан,

Нурга йўлдошим - ватан.

Бағринг сеҳрли сандиқ,

Тўкин нон-ошим, ватан!

 

Яқин-йироғим - ватан,

Чақин чироғим - ватан.

Мингта жаннатдан аъло

Мангу сўроғим ватан.

 

Буғдой хирмоним - ватан,

Туғдай иймоним - ватан.

Умримга умр қўшар

Ҳурсан, ҳуроним ватан!

 

Оқ далам-пахтам ватан,

Боқ олам - шахдам ватан.

Берди бизларга чиндан

Барқарор бахтдам ватан!

 

Тинчликдан тирик ватан,

Иқболга шерик ватан.

Халқинг ҳар он ҳушёр, мард,

Жондай эгиз эрк ва тан!

 

 

         Қишлоқ кузи

Зартус япроқ,

Шафақтус япроқ

Учиб кетар қушлардек маъюс.

Кирмагунча ҳар шохга титроқ,

Чўчитмоққа кўзи қиймас куз.

 

Ҳотам дала,

Юлдуздай сонсиз

Ғўзачаноқ "кафт"лари бўм-бўш.

Ҳеч қолмаган кузда эҳсонсиз,

Оқ тоғларга ой ҳам урар тўш.

 

Тўқ бошоқлар поясин эгган

Кузак чоғи қайралар ўроқ.

Кам бўлса-да шолини эккан,

Ўзбегимда паловхўр кўпроқ.

 

Кувракланар сабзию турп,

Босганида кузакда қиров.

Қазноқларга даркормас қулф,

Суқназарин солмас ҳеч биров.

 

Йиғилган чоқ ҳар кечки экин,

Айланади пайкал ўтлоққа.

Кузда яйрар мол-қўйлар эркин,

Қут-барака кирар қишлоққа.

 

Ҳар ҳовлида ишком-ишком ток,

Узумлари боғлаган шира.

Ёнма-ёндир олма, беҳи, нок,

Еган билан тугамас сира.

 

Қишга қўшни қўли очиқ куз,

Тирик жонга улашар ҳадя.

Армон ғойиб, хирмон юзма-юз,

Табиатга нохос раддия.

 

                     Ҳасад

Карвонингга агар итлар хурмаса,

Юкинг арзимасдир, ўзинг арзимас.

Бўлмас бу ялоқлар талаб турмаса,

Итфеъл кас қавмига сукут фарз эмас.

 

Тўхтата олмаса, тутар жазава,

Оламни бузгудек вов-вову, вак-вак.

Фақат тинчланади кўрса азада,

Ҳасад улар учун синмас иттувак.

 

                      Истак

Дунёни бенуқс кўрмоқ истадим,

Қийноқи қусурлар кўнглим қақшатди.

Наҳотки ўзимга душман истагим,

Эл ичра норасо касга ўхшатди.

 

Демадим дарёлар оқсин тескари,

Жон кириб чопмасин аслоким тоғлар.

Ортига айланмас бир бор Ер шари,

Кетмагай ҳеч қачон ойдаги доғлар.

 

Боладай беғубор қолмоқлик хаёл,

Бободай донишманд бўлолмас бола.

Оналик бахтидан кечолмас аёл,

Атиргул бўйини беролмас лола.

 

Буларга туғилмас зарра эътироз,

Дунёни дунёдай тутади шаксиз.

Лек кўнгил қолипин бузса эҳтирос,

Чақалоқ туйғулар йиғлар йўргаксиз.

 

Сичқон-мушук абад кетмас дўстлашиб,

Қушлар қанот қоқар мудом кенгликда.

Балиқлар юришмас қармоқ ушлашиб,

Дарёни сақлайди қирғоқ тенгликда.

 

Бемақсад хуримас ҳаттоки бир ит,

Қорнин тўқласанг бас, куну тун бедор.

Ҳушёр туролмаса, қолар беумид,

Ўлса ҳам ўлигин кўрсатмас зинҳор.

 

Тундош ой тўлишса юзи доғланиб,

Фарзанд кутаётган онага ўхшар.

Тонггача нурафшон меҳри боғланиб,

Кўнглим тубигача ёғдулар тўшар.

 

Булбул ҳонишисиз тонглар ёришмас,

Унда бор бийрон тил, шукрона юрак.

Тақдир қаршисида гуллар нолишмас,

Атир бўйлари-ку беҳиштдан дарак.

 

Мардлар майдонида туролмас қуён,

Чопағон оёғин измида жони.

Юраги юракмас, ваҳмдир ҳар он,

Жуфтак уриб қолмоқ яшаш имкони.

 

Бўрилар шафқатга келмоғи душвор,

Яхшию ёмонни аямай ғажир.

Ҳаёти беомон юрса-да ҳушёр,

Ўққа нишонлиги муносиб ажр.

 

Ёруғда яйролмас гажакдум чаён,

Девор ковагида писиб жон сақлар.

Дунёда дўст йўқ, ўзига аён,

Ҳаммани оғухўр қилмоқни хоҳлар.

 

Қалдирғоч кўкламнинг эрка меҳмони,

Уяси ҳамиша шифтда мунтазир.

Ўзбекдек болажон, меҳрдан жони,

Кузакда кузатиб, соғинсак арзир.

 

Ўзгадан бетаъма митти чумоли

Бугун топганини битирмайди еб,

Эртанги ризқини ғамлаш аъмоли

Гоҳи тўқ, гоҳи оч ўтирмайин деб.

 

Тоғлардир дунёнинг камтарин бойи,

Кибрдан йироғу, сабрида сабоқ.

Азалий сукутда юрт Ҳотамтойи,

Беминнат эҳсони ҳадсиз, беадоқ.

 

Қуриган дарахтни синдирар шамол,

Яшноқи япроққа онадай илдиз.

Қадоққўл боғбоннинг ризқи бут, ҳалол,

Тўкин дастурхондай безакланар куз.

 

Дунё асли азал эмасдир мурғак,

Ками ҳам тўкислик, ғами ҳам шинни.

Айлангунча токи кафанга йўргак,

Балоғат бахш этар ёлғону чини.

 

Дунёни бенуқс кўрмоқлик керак,

Зоти шариф қавмим, кўксингда дунё.

Ҳар зарбига меҳр қўшолса юрак

Оқибат мезбондек боқади қиё.

 

Бўлинар қирқа ҳатто бир майиз,

Агар нарзимизни тута олсак тўқ.

Ҳар ёши улуғдан аримайди файз,

Кексали даврада кулланолмас чўғ.

 

Ҳовлини ҳовлидан айирар девор

Қўшнини қўшнидан этмасин жудо.

Кўнглингни кўкдайин ланг очиб юбор,

Ёғдуга тўлдирар олқишлаб Худо.

 

Лабингга сев тегса - бил оби зам-зам,

Чўлдайин ютоқма, нафсингни мудрат.

Тегрангда томчига ташна эмас кам,

Ўзингда топа ол эҳсондек қудрат.

 

Дунё нуқси билан дунёдир азал,

Дунёни борича қабул қилмоқ шарт.

Кўра ол кечадан бугунни афзал,

Кўтарилмас бежиз ҳаттоки бир гард.