21 ОКТЯБРЬ - ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАН КУН
Инсон дунёни тил билан билади, унинг сир-синоатларини тил билан англайди. Атрофидагилар билан мулоқот ва алоқага эҳтиёж сезади. Ана шу эҳтиёжини қондирадиган ягона восита тил. Уни дастлаб онамиздан ўрганамиз, сўнг отамиздан, устозларимиздан ва ниҳоят ҳаётдан, десак асло янглишмаймиз. Бола "анналаб" меҳрни изҳорлай бошласа, "нанна"лаб очиққанини билдиради. Кейин эса, биладиган ва талаффуз қила оладиган сўзларига сўзлар қўшилаверади. Ниҳоят "тили чиқиб қолди" дейишга одатланамиз. Лекин бу ҳали етарли эмас. У ўз тилини тўла ўрганиши учун яна минг-минглаб сўзларнинг маъносини ўзлаштирган ҳолда оғзаки ва ёзма нутқида қўллашга эришиши шарт.
Масалан, "Ўзбек тилининг имло луғати"да 85.000 дан зиёд сўз жамланганини назарда тутсак, биз ўз тилимизни ўрганишдан умр бўйи тўхтатмаслигимиз кераклигини тушуниб етамиз. Афсуски, ҳали она тилимизни тузукроқ билмай туриб, хориж тилларини ўрганишга чиранамиз. Бизнингча, ўз тилини қанчалик яхши билган одамгина ўзга тилларни ҳам шунчалик даражада эгаллай олади. Демак, аввал ўзбек тилини мукаммал ўргангандан кейингина инглиз, рус, немис, француз, араб, хитой, корейс ва бошқа-бошқа тилларни ўзлаштиришга киришсак, кўп тил билишда тўғри йўлдан юрган бўламиз. Ҳатто, тўла маънода таржимон даражасига кўтарилишимиз мумкин. Дунёга Ўзбекистондан бўйламоқчи эканмиз, дунё тилларига ҳам ўзбек тилидан йўл солишимиз керак-ку! Ахир ўзбек тилимиз Шўролар даврида беҳад камситилгани, бошқарув идораларида иш юритиш ҳамда йиғилишлар ўтказишгача рус тилига тенг кўрилмагани халқимизни неча-неча йиллар ўкинтириб, кўнгилларни армон сифатида азоблагани яқин ўтмишдаги аччиқ ҳақиқатлигини унутиб бўладими?!
ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги арафасида ўзбек халқининг ҳам кўзи очилиб, мудроқликдан уйғоқлик сари эврилаётган бир пайтда шахсан Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайлангач, орадан тўрт ой ўтибоқ, яъни 1989 йилнинг 21 октябрида "Давлат тили тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Бу сана ўзбек тили тақдирида оламшумул аҳамиятга эгалиги билан ҳамиша қадрли. Ўша кундан эътиборан тилимизнинг мавқеи тикланди, унга давлат тили мақоми берилди. 1995 йили эса "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг янги таҳрири амалиётга жорий этилди. Бу ҳужжат 29 йилдан буён миллий тилимиз тараққиётини таъминловчи кафолатли қўлланма сифатида хизмат қилиб келмоқда.
Биз қутлуғ сана олдидан қонун бўйича амалга оширилаётган ишларда ҳозиргача эришилган ютуқларни ҳам, ҳозирда кўзга ташланаётган муаммоларни ҳам таҳлил қилишдан кўра, сиз билан бизнинг тилимизга бўлган эътиборимиз сусаймаслиги зарурлигини, меҳру муҳаббатимиз қанчалар зиёда бўлмоғини амалда кўрсатишга бурчдорлигимизни чуқурроқ англашимизга ундовчи фикрларни эсга олишни маъқул билдик.
Шарқ алломаларидан Шайх Саъдий айтганларидай: "Одам тил билан ҳайвондан устун, аммо тилдан ножоиз фойдаланса, ҳайвондан баттардир". Ҳар биримиз ўзбек тилимизнинг таъсирчан кучидан, мафтункор нафосатидан тўғри фойдалансаккина зоти шарифлик номига муносиблик касб этаверамиз. Сўзлар маъно ташувчи жавоҳирлар мисол қимматини топиши учун уларни амалда ўрни-ўрнида, эзгу мақсадларда қўллашимиз керак.
Низомиддин Алишер Навоий беш достонли туркиёна буюк "Хамса"сини яратгани учун сўз мулкининг султони даражасига кўтарилганлар. Ул зотнинг "Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз", "Оғзига келганни демак нодоннинг иши" деган ҳикматлари барчамизни инсоний комилликка ундовчи бебаҳо уқтиргилардир.
Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов "Тилни менсимаслик миллатни менсимасликни кўрсатадиган ўта нохуш ҳолдир" деган гапларини эса бугун ўзини билағон ва маданиятли санаб, мулоқот чоғида ўзбек тилининг ўз сўзи бўла туриб, улар ўрнида кераксиз, ноўрин хорижий сўзларни кўр-кўронасига ишлатадиганларни инсофга чақириш учун айтиб кетган эмасмилар.
Миллатнинг миллатлиги унинг ўз тилига эгалигидир.
Тили йўқ эл соқов - гунгоғиз,
Кераксиздай ҳаттоки қулоқ.
Дунё сукут - дунё ялмоғиз,
Қалбда қайнар туйғу ғамбулоқ.
Яшаёлмас туғилган фикр,
Янграмасдан ўлимга маҳкум.
Сўз мотамда, олам безикр,
Ҳаёт сароб, вақт ҳам мавҳум.
Шукр, аянч қисматларга ёт
Ўзбегим-ей, ўзбек тилим-ей.
Толедошу эгиз умрбод,
Асрларни қаритар тинмай.
Ўзбекистон - мангу маконим,
Она тилим туғма ватандош.
Елкасида шараф ва шоним,
Навоиймиз қалбдаги қуёш.
Она тилим онам ўргатган,
Дилда борин қўшиққа солиб.
Бедор-бедор аллалар айтган
Бешигимни кучоқлаб олиб.
Ҳурриятнинг хуррамларимиз,
Эл ҳам бахтли, тил ҳам тахтлидир.
Боқийлансин ҳур дамларимиз,
Тиллар бурро, диллар аҳдлидир.
Ҳаракатлар ҳосиласидан
Бошларимиз кўкка тегажак.
Дунё тониб кетар аслидан,
Ўзбекона жаннат келажак!..
Содиқ САЙҲУН.