Маълумки, 2018 йилнинг 13 мартида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бундан кўзда тутилган мақсад Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништиришдир.
Тўрақўрғон туманидаги 4-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Хуршида ТОЖИБОЕВАнинг қуйидаги мақоласи ана шу мақсадда битилган.
Ҳар бир халқда шундай сиймолар бўладики, улар ўша халқнинг фахрига айланиб кетади. Асрдан асрга, авлоддан-авлодга ўтувчи ақл-идрок ва кўнгил меваси тимсолидаги асарлари умрибоқийлик касб этади. Инчунун, буни қозоқ адабиёти алломаси Абай тимсолида ҳам кўрамиз.
Президентимиз Қарорида таъкидланганидай: "Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади".
Шу боисдан, Абай ижодининг Ўзбекистондаги тарғиботига алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Мазкур қарор доирасида қатор тадбирлар ҳам ўтказилди. Айниқса, шоирнинг таваллуд санаси - 10 августда анжуманлар авжига чиқди. Бизнинг мухтасар мақоламиз эса яна бир бор дўст қозоқ халқининг оташин оқини ижодига бўлган қизиқишимиз асносида битилди.
Қозоқнинг дунёга таниқли адиби Мухтор Авезовнинг "Абай" номли роман-эпопеясини ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек китобхонлари ҳам севиб ўқиганлар. Чунки, бу асарнинг таржимаси кўп минг нусҳада чоп қилинган эди. Унда Абайнинг болалигидан тортиб, умрининг сўнггигача кечган даври, ижодий фаолияти билан боғлиқ жараёнлар ҳаётий ва бадиий тусда акс эттирилгани учун XIX аср манзаралари кўз ўнгимизда ёрқин намоён бўлади. Халқпарвар ва маърифатпарвар инсоннинг жаҳолатли замонда эл йўлига маёқ тутган чароғбондек қиёфаси гавдаланади. Худди ўзбек халқининг турмуш тарзига, қисматига ўхшашлиги учун гўё унинг қозоқ эканини ҳам унутиб қўямиз. Зеро, бу ҳолат туркий халқларининг ўтмишию, кечмишининг бирлигидан, албатта. Илдизлари туташ дарахт-эгизлик тимсоли бўлганидек, қадим-қадимдан ёнма-ён яшаб, дарду-қайғусию қувончу шодлиги қўшилиб, мақсад муддаосида муштараклик мужассамланган халқлар дўстлигининг безаволлиги ҳар иккиси учун ҳам наинки иқтисодда, маънавий-маърифий юксалишда ҳам бири-бирига куч қувват, равнақ бағишлайверади.
"Абай ижодий меросининг салмоқли қисмини халқини эзгуликка, тўғриликка, моддий-маънавий ободликка, илм-маърифатга, маданиятга, умуман, ўзликни англашга даъват қилувчи "Нақлия сўзлар" мажмуаси ташкил этади, - деб ёзади Ўзбек тили ва адабиёти ва фольклор институти катта илмий ходими Буробия Ражабова. - Абайнинг бу асари орқали Сўз тимсолига юклаган ғоялари фақат ўз давридагина эмас, ҳатто бизнинг замонамизда ҳам муҳимдир, дея оламиз".
У эл дардини куйлади, эл дардига даво излади. "Дардингга даво бўлсин, ўланларим!" мисраси бежиз битилмаган.
Халқона руҳдаги назмий дурдоналари ҳамиша қимматини йўқотмайди. Абай абадиятли алёрлар соҳиби сифатида дилларимизда ва тилларимизда барҳаётдир. Ўзбекнинг улуғ шоири Миртемир Абай ҳайкали қаршисида туриб:
Ана у доим уйғоқ, манглайида ёруғлик,
Бургут кўзлари қарар парвоз кўзлаб осмонга.
Шоирона сиймою, доҳиёна улуғлик,
Кўз узмай рози боқар чексиз Қозоғистонга, -
деб ёзганида нақадар ҳақ эди.
Хуршида ТОЖИБОЕВА.