Устозларнинг ҳаётдаги ўрни бениҳоя катта. Ахир улар ниҳолларни парваришловчи боғбон сингари ёш авлодни тарбиялашиб, баркамол инсонларга айлантиришади. Шогирдлари эса ҳамиша отадек улуғ кўришиб, иззату ҳурматда бўлишади. Мен ҳам ҳаётда эришган ва эришаётган барча ютуқларим меҳрибон устозларим туфайли эканлигини ҳар доим қалбдан ҳис этаман.

Кечагидек ёдимда, мактаб ўқувчиси пайтимда Раҳима Эргашева ва Муяссар Аҳматова сингари ояларим сабоқларидан баҳраманд бўлганман. Устоз-шогирд анъанасига кўра ҳозир ҳам шу инсонлардан тажриба ўрганиб, илғор иш услубларини амалиётда қўллаб тураман.

Олий маълумотни Тошкент давлат педагогика институтида олганман. Анора Бекжонова, Сайёра Алижонова ва Ғайрат Турдиевлардек зукко педагог- олимлардан ўқитувчиликнинг наинки назарий билимларини, айни маҳалда амалий кўникмаларини ўрганганман.

Эндиликда устозларим изидан бориб, мактабда бошланғич синф болаларига таълим-тарбия бермоқдаман. Кўп йиллик фаолиятимда кўриб-билдимки, ёш авлод учун устозлар ўрнаги катта аҳамиятга эга экан. Сабаби дарсларимга Умарбой Мирзаев, Маъмура Мансурова, Олимжон Қодиров каби нафақадаги муаллимларни таклиф этганман, ҳатто уларнинг хонадонларига ўқувчиларим билан ташриф буюриб, қимматли насиҳату дуоларини олмоқдаман. Устозларимнинг улуғлиги ва донишмандлигини кўрган, мароқли ҳикояларини тинглаган болаларнинг қалбларида уларга ўхшаш иштиёқи уйғонаётган бўлса ажаб эмас.

Синф раҳбарлигидаги фаолиятим мактабимиз маъмурияти томонидан муносиб баҳоланяпти. Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғасини директоримиз Иззатилла Абдуллаев жамоа ўртасида тантанали топширганида устозлар изидан бориб, шундай эътибор ва эъзозга лойиқ топилганимдан беҳад фахрланиб кетдим.

Ҳабиба ҲОЖИБОЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги

55-мактабнинг бошланғич синф муаллимаси.