"Дўстлик" ордени ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони соҳибаси, инглиз тили ва немис тили фанлари ўқитувчиси Раҳима Жўраеванинг бундай юксак рутбаларга муносиб кўрилиши бежиз эмас. Мингбулоқ туманида туғилиб, камолга етган иқтидорли муаллима халқ таълими соҳаси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Истиқлол имкониятларидан фойдаланиб, у дунёнинг турли давлат ва шаҳарларида касб маҳоратини ошириб қайтди.
1981 йилда Наманган давлат педагогика институти (ҳозирги НамДУ) чет тиллар факультетининг немис тили йўналишини имтиёзли тамомлаб, Наманган шаҳридаги 39-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчиси сифатида фаолият бошлаган Раҳима Жўраева ўқувчиларга тил ўргатишнинг самарали усулларини топа билиши билан ҳам эътиборга тушди.
Айни вақтда Мингбулоқ туманидаги 13-сонли умумтаълим мактабида ёш авлодга немис ва инглиз тилларида сабоқ бераётган муаллимага ҳамкасблари ҳавасу ҳайрат билан қарашади. Ундаги янгиликка интилиш, ўқувчиларнинг қалбига йўл топа олиш, ўз касбини севиши эришаётган муваффақиятлари омилидир.
- Касбга садоқат, меҳнатсеварлик бўлса, албатта, ишда унум, барака бўлади. Ўқитувчи жамият равнақига муносиб инсонларни тарбиялаб етказиб бера олсагина, тараққиёт олға юради. Буни ҳар бир педагог юракдан ҳис қилишини хоҳлар эдим, - дейди Раҳима опа биз билан суҳбатда.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
Муаллиф олган сурат.