(Ҳикоя)
Эрталабдан буён эзиб ёмғир ёғарди, ҳавонинг қовоғи биров билан уришиб олгандай тунд эди. Бундай пайтда касалхонада даволанаётган одамларнинг янада дарди ортгандай бўлади. Бир ҳафтадан бери Носиржон аканинг ҳам негадир қовоғи солиқ. Хонадоши Ғуломжон эса шифтга тикилганча, ўйчан ётарди. У юра олмайди. Ёнида кўҳликкина жувон, турмуш ўртоғи парвона. Аёл ташқарига чиқиб кетган.
- Шундоқ ҳавони ёмон кўраман, - дея уф тортди Носиржон ака. Унинг нигоҳлари дераза ортида эди.
- Бу ҳам худонинг кунида. Ҳали замон очилиб кетса, кўнглимиз ҳам ёришиб кетади, - деди Ғуломжон оғриқнинг зўридан бироз инграб.
- Ётаверсанг, зерикиб кетар экансан. Кун ҳам ҳеч ўтмаётгандай, назаримда. Дўхтирдан уйга кетишга рухсат олмоқчи эдим-у, барибир жавоб бермайди-да.
- Ака, шошилиб қаерга борасиз? Аввал яхшилаб тузалиб олинг.
Улар анчагина суҳбатлашиб ётишди. Ғуломжон ўзининг дардини ҳадеб бировга айтавермасди. Бироқ, ҳозир кўнгил дафтари очилиб кетди:
- Умр ажойиб эканда, ака, ўн олти йилдан бери оёғим ишламайди. Учрамаган дўхтирим, учрамаган табибим колмади. Фойдаси йуқ. Умид бутунлай йўқолган, дунё кўзимга тор кўринади. Хотиннинг, бола-чақанг қўлига караб ётиш осонми. Лекин яратганнинг берган синови, унга ношукурлик қилиш тўғри эмас. Бу дардни унутиш учун китоб ўқийман. Ёмон хаёллар ортга чекинади.
Ғуломжоннинг дард тўла сўзлари Носиржоннинг юрагини ўртаб борарди. Ўн олти йил. Айтишгагина осон, холос. Икки фарзанднинг отасига бу дардни тортиш осонми. Ёнида яна гўзал хотини бўлса. Йигирма олти ёшида бу дардга чалинган экан. Ҳозир мана қирқ иккига кирибди.
- Ака, хотинимнинг кўзига караб бирам юрагим эзиладики... Ўн олти йилдан бери ёнимда парвона-я. Бирор марта малол олмасдан қараяпти.
Унинг кўзларига ёш қалқди. Бу иложсизлик, изтироблар ёши эди.
- Бир неча марта уйдан кет, деб ҳайдаган кунларим ҳам бўлди. Лекин у кетмади, ака кетмади. "Болаларимни етим қилмайман", дея ортимдан юраверади.
Чиндан ҳам Ғуломжоннинг хотини сабрли аёл экан. Йўқса, касалманд эр ортидан шунча йиллик умрини ўтказармиди. Соппа-соғ турмуш ўртоғи бўла туриб, ўз оиласига хиёнат қилаётан, жигаргўшаларини ташлаб олисларга кетиб яшаётган аёллар онда-сонда бўлса ҳам учраб турибди-ю, Замирахоннинг бу матонати таҳсинга лойиқ. Ҳатто ўрнакка арзийди.
Палатадоши ичи тўла дард бўлса-да, дилидагиларни ташқарига чиқармайдиган бу йигитнинг сўзларидан қаттиқ таъсирланди. Носиржон ака табиатан ношукр инсон эмас. Бироқ, баъзан асабийлашибми унда-бунда жиғибийрон бўлаверади. Ёмғирнинг ёғиши ҳам, ўта исиб кетишига ҳам диққати ошарди. Бу йигит эса сабр билан дардни енгиб келяпти-я! Шу ўйлар оғушида ётганида хона эшиги аввал таққиллади, кейин секингина очилди.
- Ассалому алайкум, - деди хазингина овоз. У Ғуломжоннинг жуфти ҳалоли эди. Аёлга ҳурмати ошган Носиржон аканинг кўзи унинг қўлидаги китобга тушди.
- Дадаси тузукмисиз, - дея гапини давом эттирди аёл. - Мана, сиз айтган китобни олиб келдим. Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик орасида" асари.
У шундай дерди-ю, Ғуломжоннинг бироз очилиб қолган устини ёпар, бу ишни меҳр билан бажарарди.
Шу пайт ташқарида ёмғир кучайди. Шамол ҳам эсаётган шекилли, сариқ япроқлар ёмғир аралаш деразага келиб урилар, ҳаёт азиз эканлигини эслатаётгандай эди.
- "Ўтаётган кунларга шукр", - деди Носиржон ака пичирлаб.
Адашали БЕКМИРЗАЕВ,
Учқўрғон тумани,
Қайқи қишлоғи.